Нега миллий маҳсулотлардан қочамиз?
Қайси дўконга бормайлик, бирор маҳсулотни харид қилишдан аввал албатта ишлаб чиқарувчи давлат билан қизиқамиз. Бирор номдорроқ давлат номи айтилса-ку яхши, борди-ю «Ўзимизда чиқарилган» дейишса «тарвузимиз қўлтиғимиздан тушади». Нега, ахир мустақил бўлганимизга, бозор иқтисодиётини танлаб, ишлаб чиқариш соҳасини йўлга қўйганимизга озмунча вақт бўлмади-ку?
Мен иқтисодчи эмасман, фикрларимни иқтисодий томондан исботлаб беришга ҳам ожизман. Аммо бир истеъмолчи сифатида ўзимни ва атрофимдаги инсонларни ўйлантираётган баъзи муаммоларга ва сарлавҳадаги саволга жавоб изламоқчиман.
Яқинда дорихонага ишим тушиб, шифокор ёзиб берган дориларнинг нарх-навоси билан қизиқдим. Хайрият, 10 кунлик дорилар учун бир ойлик маошим етар экан деб қувондим. Чилонзор туманидаги «Арзон аптека»ларнинг бирида «Цеф...» антибиотигининг бир флакони 2600, 2700 ва 2800 сўмга сотилаётган экан. Мен ҳам барча ҳамюртларимиз сингари фармацевтдан «Қаерда ишлаб чиқарилган?» деб сўрадим.
— Ўзбекистонда чиқарилгани 2600, Украинаники 2700, Россиядан келгани эса 2800 сўм, — деди.
Мен Россияда ишлаб чиқарилганини харид қилдим. Чунки бир йили ўзимизда ишлаб чиқарилган антибиотикни олиб, аллергияга ҳам қарши даволангандим. Шифокорим ҳам «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилганини олманг, яхши самара бермайди» деб қайта-қайта тайинлаганди.
Шу ўринда мени бир савол ўйлантириб қўйди. Россия ва Украинадан келадиган дори-дармон шунча йўлни босиб, қўлдан-қўлга ўтиб, пойтахтдаги дорихонада 2800 сўмга сотилса-ю, ўзимизда ишлаб чиқарилгани 2700 сўм бўлса?! Сифати хорижники билан тенглашолса-ку, алам қилмасди...
— Яқинда қизимни ортопеднинг кўрсатмасига биноан массажга олиб бордим, — дейди танишларимдан бири. – Фармацевт йигитдан «Ал...» кремини беришини сўрасам, «Ўзимизда чиққанидан олинг, арзонроқ, сифати ҳам хорижникидан қолишмайди» деди. «Гапингиз ерда қолмасин, ўзимизникилар ҳам анча илғорлаб кетишди» деб Тошкентнинг «Ал...»сини сотиб олдим. Биринчи куни массаж қилган ҳамшира «Негадир кремингиз қуриб қолаяпти» деб секингина нолиб қўйди. Эътибор бермагандим, эртаси куни шеригидан ҳам шу гапни эшитдим. «Минг қилсаям Тошкентники – Тошкентники-да, озгина қиммат бўлса ҳам хорижникини олсам бўлмасмиди» деб роса ачиндим. Кремдаги ёғлилик даражаси ниҳоятда паст, шуни ишлаб чиқарган инсонлар фарзандига шу кремдан ишлатармикан?..
Ҳамкасбларимнинг бирида ҳам миллий маҳсулотларимиз борасида қизиқ мисол бор экан.
— Кузда ҳожатхона ва ваннахонадаги барча нарсаларни алмаштирмоқчи бўлдик. Пулим бироз камлиги боис бор-йўғи 50000 сўм арзонига Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган унитаз сотиб олдим. Кўриниши аъло, хорижникидан ҳеч қолишмасди. Хуллас, орадан бир ой ҳам ўтмай миллий маҳсулотларимизнинг асл қиёфаси ошкор бўлди. Биринчи бўлиб душ илгич ўртасидан чирс этиб синиб тушди, кейин жўмраклардан чакиллаб сув оқа бошлади. Ишонасизми, унитаз ғилофи уч ой деганди бутунлай синиб кетди. Роса хуноб бўлдим. Барака топгур тадбиркорлар озгина меҳр бериб, инсоф сари ишлашса бўлмасмикан деб сўкиниб ҳам қўйдим. Ўшандан буён ўзимизда чиқарилган маҳсулотни олмасликка жиддий аҳд қилдим. Бизнинг тадбиркорлар «уриб қолиш»га жуда уста, — деди ҳамкасбим.
Ана энди эътиборингизни бозор расталаридаги яна бир оддий мисолга қаратмоқчимиз.
Тошкентда ишлаб чиқарилган шоколаднинг ўртача нархи 25000-30000 сўм. Кўриниши аъло, ҳар қандай дастурхоннинг файзи бўлолади. Қозоғистон ёки Россияда ишлаб чиқарилган шоколадларнинг ўртача нархи ҳам деярли шундай. Нари борса 5000-6000 сўм фарқ қилади. Аммо сифати анча фарқли, ўзимизнинг шоколадларни есангиз анча вақтгача оғзингиздан мойнинг ажабтовур мазаси кетмайди. Бизнинг тадбиркорлар узоқни кўзлаб иш қилишади-да...
Уч-тўрт ой олдин ғайратим жўш уриб, ўзимни савдо-сотиқ соҳасида синаб кўрмоқчи бўлдим. Танишларимдан бирининг жияни Москвадаги катта савдо мажмуасида чойшаб сотишини, агар мен Тошкентдаги бирор цех билан шартнома имзолаб унга маҳсулот юборсам жўнатганларимизнинг сотувига кўмаклашишини айтди. Бозор айландим, ишлаб чиқарувчилар билан танишдим. Чойшаб ишлаб чиқаришнинг хориж ва ўзбек тажрибаси билан танишдим.
— Москвада Хитой ва Туркияда ишлаб чиқарилган чойшабларга талаб у қадар юқори эмас, чунки уларда синтетик матодан кўп фойдаланишади. Пахтадан тикилганларини эса унча-мунча одам харид қилолмайди. Нархи оддийларига нисбатан икки-уч баробар қиммат бўлади, — деди хориждаги ўзбек сотувчиси. – Хоразмдаги текстил фабрикасида ишлаб чиқарилган чойшаблар анча харидоргир, аммо маҳсулот бозор этикетига жавоб бермайди. Ранг бериш, гул босиш тугул қадоқлаш ҳам кўнгилдагидек эмас, харидор маҳсулотни кўз билан кўриб, сўнг қўл билан ушлашини унутиб қўйишади...
Ҳақиқатан ҳам шундай! Шу боис бундай маҳсулотни сотиб олаётганда ўзимизникини менсимаймиз.
Яқинда қўшни давлатлар чегаралари очилгач, халқимизга анча енгиллик бўлди. Ким қандай фикрда эканини билмадиму, аммо баъзи тадбиркорларнинг оғзига кирган беш бармоқнинг иккитаси оғзидан чиқди. Масалан, ҳамюртларимиз Тошкентнинг Юнусобод тумани яқинида бўлган «Ғишткўприк» постидан ўтиб, Қозоғистондаги бозорга бориб, нарх нуқтаи назаридан худди Сусамбилга тушиб қолгандек бўлишди.
Шу кунгача пойтахт бозорларида 70000 сўмдан сотилган (3 килолик, Россияники) автомат кир ювиш кукунларининг нархи бирдан 45000-50000 сўмга пастлади. Ўзига хон бўлиб келган ўзимизнинг кир ювиш кукунларининг нархи ҳам пастга шўнғиди. Бу ҳол бозор расталарини анча-мунча арзон маҳсулотлар билан тўлдирди.
Ўйлаб кўринг, бу ҳол қачонгача давом этади? Миллий маҳсулотларнинг кўпайиши, харидоргир бўлиши ва экспорт қилинишини ҳар биримиз орзу қиламиз. Тадбиркор бойиса, халққа ҳам манфаати тегади деб ўйлаймиз. Фақат тадбиркорларимиз «Бўлаверади» фильмидаги қаҳрамон сингари «Мендан кетгунча, эгасига етгунча» қабилида иш тутишмаса бўлди.
Наргиза Муродова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter