Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон — Россия: таълимдаги ҳамкорлик янги босқичда

Ўзбекистон — Россия: таълимдаги ҳамкорлик янги босқичда

Фото: «fa.ru»

Тошкент молия институти делегацияси 2018 йилнинг 26-30 ноябрь кунлари Россия Федерацияси ҳукумати ҳузуридаги молия университети, «ММФИ» миллий тадқиқот ядро университети ва Россия Федерациясининг Санкт-Петербург давлат иқтисодиёт университетларига ташриф буюришди.

Делегация аъзоси Акрам Амановнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, Россия Федерацияси ҳукумати ҳузуридаги молия университетида 27-29 ноябрь кунлари V халқаро форум ўтказилди. Форумда профессор А.Жўраев Ўзбекистонда солиқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар юзасидан маъруза қилди.

Форум доирасида 2014 йил иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти совриндори франциялик Жан Тироль маърузаси тингланди. Маърузадан сўнг Ўзбекистон делегацияси аъзолари таниқли олим билан фикр алмашдилар.

Ўзбекистон делегацияси аъзолари  Нобель мукофоти соҳиби франциялик Жан Тироль билан учрашишди.

«ММФИ» миллий тадқиқот ядро университети ва Россия Федерациясининг Санкт-Петербург давлат иқтисодиёт университетида эса Ўзбекистон делегация аъзолари таълим соҳасида ҳамкорлик қилиш юзасидан келишувларни амалга оширдилар.

Икки томонлама келишув жараёнида ҳамкорлик таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш, ўқув адабиётларини яратиш ва нашр этиш, педагог-ходимларнинг малака оширишини ва ўзаро стажировкаларини, талабалар академик алмашинувини ҳамда ҳамкорликда видео конференциялар, видео маърузалар, амалий машғулотлар ташкил этиш, шунингдек илмий изланувчиларга тадқиқот олиб боришлари учун шарт-шароит яратиш масалалари ҳал этилди.

Қайд этилишича, бу ташриф Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 3 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги икки томонлама стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда биринчи Ўзбекистон-Россия таълим форуми доирасида имзоланган шартнома ва келишувлар асосида амалга оширилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг