Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Пригожин ғойиб бўлди

Пригожин ғойиб бўлди

Пригожин Ростовдан кетганидан бери алоқага чиқмаган ва унинг қаерда эканлиги номаълум.

Қуролли исёнга уриниш билан боғлиқ вазият ҳал этилиб, Евгений Пригожинга қўйилган айбловлар олиб ташланганидан сўнг, «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси раҳбарининг ўзи тўсатдан ғойиб бўлди ва ҳозирда унинг қаердалиги ҳақида маълумот йўқ.

Охирги марта уни Ростовни тарк этаётганида кўришган. Шундан кейин Пригожин вазиятга ҳеч қандай изоҳ бермади ва алоқага чиқмади. Бу бир қатор саволларни юзага келтирмоқда.

CNN манбасига кўра, Пригожинни эҳтимолий ўлим кутмоқда.

«Путин хоинларни кечирмайди. Путин Пригожинга Беларусга кетишга рухсат берган тақдирда ҳам, уни сотқин деб ҳисоблайди ва буни қачонлардир кечиришига шубҳа қиламан», – дейди CNNнинг Москвадаги собиқ бюроси раҳбари ва Россия масалалари бўйича эксперт Жилл Догерти.

Эслатиб ўтамиз, 24 июн куни Евгений Пригожин ўз қўшинлари билан Москва томон «юриш» қилди. Ростов-на-Донни эгаллаб, Москвага йўл оларкан, Пригожин мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Бош штаб раҳбари Валерий Герасимовни ёлланма аскарларга топширишни талаб қилди.

ФСБ Пригожинга қарши ҳарбий қўзғолон учун жиноий иш қўзғатди. Владимир Путин содир бўлаётган воқеаларни хиёнат деб атади.

Бироқ 24 июн куни кечга бориб Путин билан бамаслаҳат иш кўрган Беларус президенти Александр Лукашенко Пригожин билан келишувга эришганини эълон қилди. Шундан сўнг Москвага юриш қилаётган Пригожин ортга қайтишини билдирди.

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Евгений Пригожинга қарши қуролли исён бўйича жиноий иш тўхтатилишини, «Вагнер» ўз дала лагерларига бориши, Пригожиннинг ўзи эса Беларусга кетиши ҳақида келишувга эришилганини айтди. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг