Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сарҳисоб: Марказий Осиёда янги давр ва бу Япония учун нимани англатади?

Сарҳисоб: Марказий Осиёда янги давр ва бу Япония учун нимани англатади?

foto: Xabar.uz

Ўзинг яшаётган юрт, ватан ҳақида хориж матбуотида мақола чоп этилса ўзгача фахр туясан. Бўлиб ҳамки энг ривожланган давлатлар қаторига кирадиган Япония илиқ фикрлар билдирса. Албатта, Япония матбуотида Ўзбекистон алоҳида эътироф этилиши бежиз эмас. Йил бошидан бери биз Япония билан Ўзбекистоннинг ўртасида жуда кўп ҳамкорликларга гувоҳ бўлдик.

The Japan News – Япониядаги энг нуфузли инглиз тилидаги нашрлардан бири бўлиб, Ёмиури Шимбун медиа гуруҳи таркибига киради. Асосий аудиторияси дипломатлар, сиёсатчилар, инвесторлар ва академик доиралар бўлган ушбу етакчи нашрда «Ўзбекистон чорраҳада: Қандай қилиб Тошкент Марказий Осиёда янги даврни шакллантирмоқда ва бу Япония учун нимани англатади?» сарлавҳали мақола чоп этилган. Унда Ўзбекистоннинг бугунги роли ва келажаги Япония нигоҳида чуқур таҳлил қилинган. Ўзбекистон Марказий Осиёда минтақани бирлаштираётган локомотив давлат сифатида намоён бўлаётгани, минтақа етакчиларининг мунтазам учрашувлари, чегаравий келишувлар, инфратузилма ва савдо интеграцияси мақолада яхши очиб берилган. Англашиладики, Япония Ўзбекистонни нафақат ишончли стратегик ҳамкор, балки бутун Марказий Осиёга чиқиш учун муҳим дарвоза сифатида кўради.

Бу Ўзбекистон ҳақидаги илк мақола эмас. Япония ташқи ишлар вазири Такэси Ивая жорий йил 26-27 август кунлари мамлакатимизга ташрифи чоғида «Дунё» ахборот агентлигида чоп этилган мақоласида шундай таъкидлайди: «Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги айирбошлаш тарихи минг йилдан кўп даврга бориб тақалади. Ипак йўли орқали мамлакатимизга турли маданият ва технологиялар кириб келди ва Япония тарихи, жамиятига катта таъсир кўрсатди. Ўзбекистон ва Японияни бир неча минг километр қуруқлик ва денгиз ажратиб турганига қарамай, ўтган йиллар давомида халқларимиз маданий ва этник яқинлик туйғусини сақлаб, мустаҳкамлаб келмоқда. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, 1992 йилда Япония ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди. Япония ўттиз йилдан ортиқ вақт давомида Ўзбекистон тараққиётини изчил қўллаб-қувватлаб келади ва доимо унинг ишончли ҳамкори ҳамда дўсти бўлиб келаётир».
Давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик фақат имзоланган битимлар ёки расмий ташрифлар билан чекланиб қолмайди. Бу муносабатларнинг энг мустаҳкам пойдевори – кадрлар, яъни икки мамлакатни, икки тизимни, икки тафаккурни боғлай оладиган билимли ва малакали инсонлардир. Шу маънода Япония ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликда кадрлар тайёрлаш масаласи алоҳида аҳамият касб этиб келмоқда.

Кадрларни қўллаш учун стипендия

Ана шу мақсадда «Кадрлар тайёрлаш учун стипендиялар тақдим этиш» дастури доирасида расмий Токио йигирмага яқин давлат хизматчисининг Япония университетларида таҳсили учун грант ажратишни режалаштирган.

Қайд этиш жоизки, ҳозирга қадар 430 дан зиёд ўзбекистонлик давлат хизматчиси Кунчиқар ўлкада билим ва малака оширди. Жумладан, Япония ҳукуматининг беғараз ёрдам дастури доирасида 2024 йилда Ўзбекистоннинг 18 нафар ёш давлат хизматчиси магистратура (2 йил) ва 1 нафар ёш давлат хизматчиси докторантура (3 йил) босқичида таълим олган эди.
Имзоланган иккинчи битимга кўра эса, Япония БМТТ дастурлари доирасида Сурхондарё вилоятида аҳоли заиф қатламининг касбий таълими учун молиявий кўмак ажратади.
Ўзбекистондаги 18 та таълим муассасасида 4 минг нафарга яқин ёшлар япон тилини ўрганаётгани эса ҳамкорликни янада мустаҳкамланишига ишора.
Шунингдек, ўзбек талабаларининг Москвада бўлиб ўтган халқаро нотиқлик санъати ҳамда Марказий Осиё нотиқлик санъати танловларида юқори натижалар кўрсатганлиги ҳатто япон мутахассисларини ҳайратлантиргани ҳам бор гап.
Икки мамлакат ўртасидаги маданий алмашувни чуқурлаштириш мақсадида Токио чет тиллар университети ходими, юртимизда бир неча йил давомида фаолият юритган Хидака Синсуке Японияда ўзбек тили бўйича дарслик нашр этгани эса нафақат ўзбекистонликлар япон тилини балки, японлар ўзбек тилини ўрганишга бел боғлаганидан дарак. Мутахассиснинг фикрича, ўқувчилар дарсликни пухта ўрганганидан сўнг Ўзбекистонга таржимонсиз саёҳат қилиши мумкин.

Дарвоқе, шу ўринда Ўзбекистон ва Япония ўртасида туристик ташрифлар ошаётганини таъкидлаб ўтмасак бўлмас.
2025 йилнинг январь-ноябрь ойларида жами 2,7 минг нафар Ўзбекистон фуқаролари туристик мақсадларда Японияга сафар қилган.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16,2 фоизга ошган.
Шунингдек, мазкур даврда Ўзбекистонга қарийб 30 минг нафар японияликлар туристик мақсадларда ташриф буюрган. Япониялик туристлар сони аввалги йилнинг мос даврига нисбатан 41,1 фоизга кўпайган...

Япония техника ишлаб чиқариш бўйича етакчи мамлакатлардан бири эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Шу йилнинг апрель ойида Япониянинг «BHN Association» компанияси «Ёшлар ташаббуси платформаси: академик мукаммалликни ошириш» номли лойиҳа доирасида Ўзбекистонга 200 дона замонавий ноутбукларни тақдим этди.
Лойиҳа нафақат мамлакатларимиз ўртасида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга, балки Ўзбекистонда рақамли таълим инфратузилмасини ривожлантиришга ҳисса қўшиши шубҳасиз.
– 2023 йилда мен бу лойиҳанинг менежери сифатида иш бошлаганимда ростини айтсам, аввалроқ Ўзбекистон ҳақида етарлича маълумотга эга эмас эдим. Бироқ, ушбу дастурни амалга ошириш жараёнида ўзбекистонликлар билан яқиндан мулоқот қилиш имкониятига эга бўлдим ва шу орқали менда Ўзбекистонга нисбатан катта қизиқиш пайдо бўлди, –  дейди «BHN Association» ижрочи директори Катаками Канжи апрель ойида ўзбекистонликлар учун 200 дона ноутбукларни тақдим этиш асносида. – Японияга стажировка учун келадиган ўзбекистонлик мутахассислар жуда иқтидорли, билимдон ва шу билан бирга катта интилиш ва иштиёққа эга. Уларнинг билим олишга бўлган иштиёқлари бизда катта таассурот қолдиради.

Тиббиётга беғараз ёрдам

Шу йилнинг бошида Тошкентда Япония ҳукуматининг «Инсон хавфсизлигини таъминлаш бўйича ижтимоий лойиҳаларга беғараз ёрдам» дастури доирасида грант шартномаларини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Грант битимларига мувофиқ, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалига, Республика перинатал марказига, Болалар онкологияси, гематологияси, иммунологияси илмий-амалий тиббиёт марказига замонавий тиббиёт ускуналари тақдим этилиши кўзда тутилган.
Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳам Япония ҳукумати билан соғлиқни сақлашга доир лойиҳа бўйича 150 миллион долларлик кредит шартномаси имзоланганини тасдиқлаган. 
Ноябрь ойида эса Тошкентда Япония ҳукумати томонидан амалга оширилаётган 859 миллион иена (тахминан 5,6 миллион АҚШ доллари) миқдоридаги «Иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш дастури» беғараз ёрдами доирасида алмашинув нотаси имзоланди.
Япония элчихонаси матбуот хизмати хабарига кўра, ушбу дастур доирасида Тошкент ва Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидаги жами 17 та давлат шифохоналари Японияда ишлаб чиқарилган маммография скрининг ускуналари билан жиҳозланади, бутун мамлакат бўйлаб маммография скрининги хизматлари кенгайтирилади. Ушбу лойиҳа кўкрак бези саратонини эрта ташхислашни осонлаштириши ва замонавий япон технологияларини жорий этиш орқали соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаши кутилмоқда.

«Марказий Осиё + Япония»: янги босқич

Шу тариқа, йил охирида Ўзбекистон ва умуман Марказий Осиё давлатларининг Япония билан ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилди. 19-20 декабрь кунлари Токио шаҳрида «C5+1» форматида ўтказилган саммит минтақа давлатлари ва Япония ўртасидаги сиёсий мулоқотнинг мустаҳкамланиб бораётганини, томонларнинг қонун устуворлигига асосланган эркин ва очиқ халқаро тартибни қўллаб-қувватлаш борасидаги умумий қарашлари яна бир бор тасдиқланганини кўрсатди. Йил якунида ўтган ушбу саммит ҳамкорликни изчил ва тизимли равишда ривожлантиришга бўлган қатъий иродани намоён этди.
Ҳозирга қадар «Марказий Осиё + Япония» мулоқотининг ташқи ишлар вазирлари даражасида тўққизта учрашуви ўтказилган.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, савдо-иқтисодий кўрсаткичларда ҳам ижобий суръат кузатилмоқда: охирги саккиз йилда товар айирбошлаш 2 баравар, Ўзбекистонда фаолият юритаётган япон компанияларининг сони эса 10 карра ошди, амалга оширилаётган лойиҳаларнинг умумий қиймати эса 20 миллиард доллардан ошди.
Энергетика, соғлиқни сақлаш, геология, ахборот технологиялари, инфратузилма ва бошқа устувор соҳаларда мустаҳкам кооперация ўрнатилди.

Учрашувда Президентимиз мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг асосий йўналишларига тўхталиб ўтаркан, сўнгги 8 йил ичида Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти 2 бараварга ошганини 2030 йилга қадар мамлакатни ўрта даражадан юқори даромадли давлатлар қаторига киритиш вазифаси қўйилганини алоҳида қайд этди.
Саммит доирасида ахборот технологияларини ривожлантириш, жумладан, сунъий интеллект ва рақамлаштириш дастурларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Яна бир муҳим йўналиш – Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) кўмагида, яъни Япония модели ва стандартлари асосида махсус иқтисодий зона барпо этиш лойиҳаси ишлаб чиқилаётгани бўлиб, мазкур ташаббус инвестицияларни жалб этиш, юқори технологияли ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга қаратилган.
Президентимиз ўз нутқида кейинги йилларда банк билан ҳамкорликдаги ижобий суръат мамнуният билан қайд этиб ўтди. Лойиҳаларнинг умумий портфели 5 миллиард доллардан ошган ҳамда нефть-кимё, энергетика, телекоммуникациялар, инфратузилма, енгил саноат ва бошқа соҳаларни қамраб олган.
– Ишончим комил, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан янги марраларга эришамиз. Донишманд япон халқи айтганидек, агар кучлар бирлаштирилса, тоғларни ҳам ўз ўрнидан силжитиш мумкин, – деди юртбошимиз. – Дарвоқе, бугун рақамли трансформация иқтисодий ўсиш ва барқарорликнинг ҳал қилувчи омилига айланиб бораётган экан, «Марказий Осиё – Япония» рақамли хаби – рақамли ечимлар, сунъий интеллект, «буюмлар интернети», киберхавфсизлик ва инновацион иқтисодиёт соҳаларида кўп томонлама ҳамкорлик платформасини яратиш муҳим.
Саммит доирасида бирор соҳа четдан қолгани йўқ. Япония ўзининг тезюрар поездлари ва автомобиль йўллари билан ҳам дунёни ҳайратга сола олган мамлакат. Шу боис транспорт йўлакларини рақамлаштириш, аэропортлар ва логистика марказларини қуриш лойиҳаларига Япония инвестициялари, технологиялари ва экспертлари кўмагини жалб этиш мақсадга мувофиқ.
«Яшил» энергетика соҳасидаги ҳамкорлик доирасида когенерация технологияларини жорий этиш, йўқотишларни қисқартириш, зарарли газларни ушлаб қолиш бўйича биргаликда лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди. Тошкентда Қайта тикланадиган энергетика соҳасида мутахассисларни тайёрлаш бўйича минтақавий марказни ташкил этиш таклифи илгари сурилгани эса юртимиздаги экология ва энергетика билан боғлиқ муаммоларга ечим бўлиши шубҳасиз.
Шу боис Президентимиз томонидан Япониянинг сейсмик хавфсизлик соҳасидаги улкан тажрибасини ҳисобга олиб, минтақада сейсмик барқарорликни баҳолаш ва ошириш бўйича қўшма дастурни ишга тушириш, Тошкент шаҳрида Япония стандартлари ва протоколлари бўйича муҳандислар, архитекторлар, қутқарув хизматларини тайёрлаш учун Минтақавий малака ошириш марказини очиш таклиф қилинди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, якунига етаётган йил охирида президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Японияга расмий ташрифи икки томонлама муносабатлар ривожида сифат жиҳатидан янги босқични бошлаб берди.

Дунёдаги энг илғор технология ва инвестиция марказларидан бири билан 12 миллиард долларлик лойиҳалар портфелининг имзоланиши шунчаки рақам эмас – бу Ўзбекистоннинг очиқ, ишончли ва узоқ муддатли шерик сифатида қабул қилинаётганининг белгисидир. Навбатдаги учрашувни Ўзбекистонда ўтказишга билдирилган ташаббус эса мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи ва қизиқиш марказига айланаётганини кўрсатади. Демак, олдинда Ўзбекистон ҳақида янада кенг қамровли, таъсирли ва жаҳон жамоатчилиги диққатини тортган мақолалар, таҳлиллар ва баҳолар пайдо бўлади.

Барно Султонова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг