Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тарихдаги энг даҳшатли совуқлар

Тарихдаги энг даҳшатли совуқлар

Бу йил қиш ўзгача келди. Аномал совуқ, аниқроғи, у ҳақдаги хабар ва маълумотлар одамларни ваҳимага солди. Қор ҳам яхшигина ёғди, ҳали яна ёғиши кутилмоқда. Хўш, кўҳна тарих қандай аёзларни бошдан ўтказган? Ўн, минг йиллар муқаддам табиат одамзодни қай даражада ҳайратга солган эди?

Сўнгги 500 йил мобайнида 1708-1709 йилларни энг совуқ йиллар дейиш мумкин. Ўшанда Сена ва Темза музлаган, Англия қирғоқбўйи сувлари ва ҳатто Венеция теварагидаги Адриатика денгизи ҳам яхлаган. Айтишларича, дарёдаги балиқларгача музлаган. Биргина Парижнинг ўзида 24 минг одам ўлган. Совуқ Шимолий Американинг шарқий қисмини ҳам забт этган эди.

Солномаларда ёзилишича, 401 ва 801 йиллардаги қиш фаслида Қора денгиз «тўлқинлари қотиб қолган».

«839 йилда Адриатика денгизи шу қадар музладики, Венецияга пиёда ўтиш мумкин эди». Орадан 850 йил ўтиб, бу ҳодиса такрорланди.

1010-1011 йилларда даҳшатли аёз Қора денгизнинг турк соҳилларини забт этди. Қақшатқич совуқ Африкага қадар етиб, Нилнинг қуйилиш қисми музлаган.

1322 йили Болтиқ денгизи шу қадар қалин муз билан қопландики, Даниядаги Любекдан (ҳозир Германия таркибида) Померания қирғоқларигача чанада боришарди.

1316 йилда Парижнинг барча кўприклари музлаган.

1326 йилда Ўрта ер денгизи муз билан тўлиқ қопланган.

1420 йили Парижда совуқ оқибатида даҳшатли ўлимлар рўй берган. Бўрилар шаҳарга югуриб кириб, ҳар жойда кўмилмай ётган мурдаларни ғажиган.

1558 йилда 40 минг одамдан иборат бутун бошли армия муз қоплаган Дунайда турар, уларнинг оёқлари остидаги музлик қилт этмасди. Францияда эса яхлаган винони бўлаклаб сотишган.

XVIII аср аёзи ҳақида термометр ихтиро қилингани туфайли аниқ маълумотлар мавжуд. 1709 йили бир неча кун давомида -24 даража совуқ бўлган. Ертўладаги винолар яхлаган ва қўнғироқлар жаранглаганида ёрилиб кетган.

«Ёзсиз йил» ёхуд «Минг саккиз юз тириклай музлаганлар» — 1816 йилни Европа ва Америкада шундай номлашган. Ўшанда қиш апрелгача чўзилган, аммо кейин ҳам ёз кириб келмаган эди. Франция ва Германияда май ойидан августга қадар деярли тўхтовсиз ёмғир ёғишда давом этган.

Ўшанда дон-дун бутунлай чириб кетган. Экинларда заҳарли қора замбуруғлар ҳосил бўлиб, катта миқдорда истеъмол қилган одамларни ич кетиши ва азобли ўлим билан нобуд қилган. Европада ноннинг нархи 10 баравар кўтарилиб кетган, одамлар Германияни ёппасига тарк этишни бошлаган.

Европадаги ўша аномал ҳаво Индонезиянинг Сумбава яриморолидаги Тамбора вулқонининг отилиши билан боғлиқлиги ҳозирга келиб аниқланган. Вулқон отилиши кучи Япониянинг Хиросима шаҳридаги атом бомбаси портлашидан 70 баравар кучли эди. Қурбонлар сони 71 минг — бошқа бирорта вулқон отилганида бундай натижа қайд этилмаган. Тамбора сочиб юборган сулфат кислота ва кул қисмлари сайёрага улкан хавф солган ва айнан шу омил ноқулай об-ҳавога сабаб бўлган.

ХХ асрнинг 1953-1954 йилларида ноябрдан апрелгача Атлантиканинг катта қисмидан Уралга қадар совуқ забтига олган. Оқибатда Қора денгизнинг шимолий қисми ва Азов денгизининг бутун ҳавзаси музлаган.

2002 йили Германияда кучли аёз туфайли Европа сув транспортининг муҳим қон томири ҳисобланган Майн-Дунай каналигача кемалар қатнови тўлиқ тўхтаган. 20 та кемани қоплаган музнинг қалинлиги баъзи жойларда 70 сантиметргача етган.

Ўшанда қаҳратон совуқдан Венеция қўлтиғи, қайиқлар музқояга айланди. Бунгача ушбу қўлтиқ 1985 йилда музлаган эди.

2005 йили Париждаги Эйфел минораси сайёҳлар учун бир неча соатга ёпилди. Франциянинг диққатга сазовор ушбу иншооти тўлиқ муз билан қопланган эди.

Акбар Фатҳуллаев

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг