Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тешиктош ғори кашфиёти: биз билган ва билмаган тафсилотлар

Тешиктош ғори кашфиёти: биз билган ва билмаган тафсилотлар

фото: интернет, очиқ манба

Ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида Шерободдарё ҳавзасини комплекс ўрганиш бўйича ўн йиллик дастур тузилган бўлиб, у Ўзбекистон Маориф Халқ комиссарлиги томонидан тасдиқланади. Термиздаги ўлкашунослик музейи (ўша пайтда Бухоро вилоятининг Сурхондарё округ давлат музейи деб аталарди) мазкур дастурни амалга оширишга киришади. Шу мақсадда минтақада тарихий-археологик изланишлар олиб бориб, моддий маданият ёдгорликларини топиш, ҳисобга олиш ва дастлабки ўрганиш, шунингдек, ўлка табиати, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси билан яқиндан танишиш мақсадида музейнинг комсплекс экспедицияси тузилади.

Музейга препаратор, яъни доривор гиёҳ йиғувчиси сифатида ишга қабул қилинган овчи Иван Фёдорович Ломаев ва унинг турмуш ўртоғи Екатерина Сергеевна экспедиция ишига жалб қилинадилар. Улар 1938 йилнинг апрель-май ойларини Бойсун ва Кўҳитанг тоғларида кезиш билан ўтказишади, асосий ишларни адо этиш қаторида ҳудуднинг моддий маданият ёдгорликларини ҳам ҳисобга олишади, зарур бўлганда дастлабки тарзда ўрганадилар ва албатта ўлка табиати, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси билан яқиндан танишадилар.

Улар Дарбанд қишлоғи атрофидаги ғор ва камарларни ҳам ўрганиб, қадимий ёдгорликларни ҳисобга оладилар. Ўша пайти Мачай тарафларда ажойиб ғорлар мавжудлигини эшитишган ва табиийки, у томонларда ҳам бўлишган. Хуллас, умумий якунда уларнинг ҳисобида жами 23 та ғор ва камар аниқланган. Мачай, Амир Темур ва Тешиктош ғорлари ҳам шулар жумласидан.

Сурхондарё вилоят ўлкашунослик музейининг архивидаги ҳозирга қадар сақланиб қолган 274-рақамли дала ҳисоботи ҳужжатларида тафсилотлар батафсил берилади. Масалан Тешиктош ғорини топган кунини Ломаев ўз кундалигида 1938 йилнинг 2 май санаси билан белгилаб қўйган. Тешиктош ғорига Ломаев борган ва уни дала ҳисоботига киритган ана шу санадан буёғида қирқ беш кун ҳам вақт ўтмаган, яъни Сурхондарё ўлкашунослик музейи томонидан ташкил этилган махсус гуруҳ Шерободдарё комплекс экспедицияси деган ном билан 1938 йилнинг 16 июнида Бойсун тумани ҳудудига қадам қўяди.                                                            

Гуруҳ таркиби беш киши: Ф.Калашников (раҳбар), В.Козловский, М.Кашаев ва эр-хотин Ломаевлардан иборат эди. Термиздан Дарбандгача машинада келганлар, сўнгра эшакларда Мачай қишлоғига етиб борганлар. Мачай қароргоҳида турган пайтларида мазкур экспедиция сафига яна икки киши келиб қўшилди: булар москвалик Окладников ва Запорожская эдилар!                 

Бу ерда гап шундаки, жанубий ўлкамизда ўша пайтлари машҳур археолог ва таниқли олим Михаил Массон раҳбарлигидаги ТАКЭ – Термиз археологик комплекс экспедицияси иш олиб борарди. Массон Шерободдарё комплекс экспедицияси иши билан қизиқиб қолади ва ўзаро ҳамкорликни таклиф этади. Шу тарзда ТАКЭ раҳбари Михаил Евгеньевич Массон билан Сурхондарё округ давлат музейи директори Гавриил Васильевич Парфёнов ўртасида шартнома тузилади.Шартномага кўра, Термиз археологик комплекс экспедицияси таркибида  шаҳар ўрнидаги ибтидоий маданиятни тадқиқ этиш билан шуғулланаётган СССР Фанлар Академияси моддий маданият тарихи институтининг палеолит ва неолит сектори илмий ходимлари бўлмиш Окладников ва Запорожскаядан Шерободдарё комплекс экспедициясида илмий ходимлар сифатида фойдаланишга келишилади. Эртасигаёқ ишга киришилади. Олдин аниқланган ғор ва камарларни яна текшириб, янгидан камар ва ўнгирларни ўрганиб, дастлабки қазув ишларини Тешиктошдан бошлашга қарор қиладилар. Қарийб икки ойлик муддат мобайнида ўша машҳур неандерталь боланинг бош суяги топилган экспедиция ишини Ломаев ҳар томонлама таъминлаб турган.                  

И.Ф.Ломаев тутган кундалик саҳифаларида 1938 йилнинг 1 июлида Тешиктошда қазув бошланганлиги қайд этилган экан.                                                           

«Учинчи иш кунида, дейилади унинг қайдномасида, — кун бўйи давом этган қазиш ишлари натижасида кўплаб суяклар, иккита кийик шохи, бир нечта чақмоқтош чиқди. Қазув давом эттирилди, яна ва яна кийик шохлари чиқди, топилмалар тобора кўпаяверди. Ушбу кийиклардан ҳозирги замонда биронтаси ҳам йўқ».

Тешиктошда бошлаган қазишмаларнинг тўртинчи иш куни Ломаев озиқ-овқат олиб келиш учун қароргоҳга, яъни Мачайга қайтган. У ерда экспедиция ишлари билан Дарбанд ва Термизга бориб келган экспедиция бошлиғи Калашниковни учратади. Улар кечки пайт биргаликда Тешиктошга чиқиб келганлар.                                                                                                                               

Қазилма натижасида минглаб топилма қўлга киритилган эди. Ибтидоий манзилгоҳдаги қазувни тўхтатмаган ҳолда йиғилган ашёларни қутиларга жойлаб Мачайга олиб тушишга киришилади. Шунинг ўзига беш кун вақт кетди...

Экспедиция иши муваффақиятли якунланганди... Бу ҳақда экспедиция бошлиғи музейга хат юборади, сўнг топилмаларни Термизга олиб боришни таъминлаш мақсадида машина топиш ниятида Бойсунга жўнайди.                                                                                                                       

Аммо, худди шу орада Окладниковларнинг экспедицияси бошқа аъзоларидан ажралиб, алоҳида жўнашга бўлган уринишлари ошкор бўлиб қолади...

Қарангки, Окладников Сурхондарё музейи ходимларининг самарали фаолияти натижасида тайёрлаб берилган ва Тешиктош камарини ўшалар билан биргаликда қазиш жараёнида содир этилган жаҳон аҳамиятига молик кашфиёт – ушбу оламшумул шуҳратга бу камтар инсонларни шерик қилишни истамаган. 1940 йили Москвада чиқарган китобида ҳам Шерободдарё экспедицияси раҳбари Калашников, аъзолари Козловский, Ломаевларни бор-йўғи «қазилма ишларида практикантлар сифатида қатнашди» деб кўрсатган, экспедиция амалга олирган ишларини хаспўшлаб, аҳамиятини пасайтиришга интилган.                                                                                                                     

Ваҳоланки, орадан 80 йил ўтса ҳамки, Термиз музейлари архивларида сақланаётган дала ҳисоботлари, кундаликлар, тўпланган коллекциялар ва бошқа ҳужжатлар асл воқеалар манзарасини ойдинлаштиради.

Шундай қилиб, Сурхондарё вилояти Бойсун тоғининг Зовталашсой дарасида денгиз сатҳидан 1500–1600 метр баландликда жойлашган Тешиктош ғори тадқиқ этилгунига қадар бутун Ўрта Осиё ва қарийб Осиё қитъасининг барча ҳудудида на мустъе даври қўнимгоҳи ва на неандерталь одамининг скелет қолдиғи топилган эди.

Тешиктош ғори ва Тешиктош одамининг кашф этилиши дунё олимларининг эътиборини ўзига тортди ва ҳозирги замон қиёфасидаги одамнинг неандерталлардан келиб чиққанини инкор этаётган айрим реакцион олимлар назариясини йўққа чиқариб, фанда янги саҳифа очди. Европа ва Африка мамлакатларидан ташқари Осиёда ҳам неандерталлар яшаганининг аниқланиши инсоният тарихида шундай босқич бўлиб ўтганлигини ўша даврлардаёқ тугал исботлади.

Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда Ўрта Осиёда неандерталь замондошлари яшаган маконлар 90 дан ортиқ жойда учраган, Ўзбекистонда эса ўндан зиёд бундай жойлар ўрганиб чиқилган, аммо неандерталь одами қолдиқлари фақат Сурхон заминида топилган.

Бугунги кунда жаҳонда Ўзбекистондан ташқари Россия, Хорватия, Италия, Испания, Португалия, Эрон, Исроил ва бошқа мамлакатлар ҳудудидан 400 дан зиёд неандерталь одами қолдиқлари топилган. Тешиктош ғори кашфиёти ана шундай ажойиб тарихга эга. Айни пайтда ушбу ҳудудга сайёҳларни жалб этиш мақсадида уни очиқ музейга айлантириш чора-тадбирлари кўрилмоқда.

                                                                                                                            Абдулла Холмирзаев

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг