Тошкентдаги кўчалардан бири Пекин кўчаси деб қайта номланди
Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги Бўрижар кўчаси Пекин кўчаси деб қайта номланди. Тегишли қарор халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан қабул қилинди.
Қарорга кўра, Ракатбоши маҳалласи ҳудудида жойлашган Бўрижар кўчаси Пекин кўчаси деб қайта номланади. Кўчани қайта номлаш Яккасарой тумани ҳокимлигининг таклифи асосида маъқулланган.
Қайта номлаш муносабати билан маҳаллий аҳоли ўртасида тегишли тушунтириш ишлари олиб борилади. Шунингдек, тегишли ташкилотлар ҳужжатларга ўрнатилган тартибда ўзгартиришлар киритади.
Кадастр агентлигининг Тошкент шаҳар бошқармасига кўча ҳудудидаги кўчмас мулк объектлари манзилларини белгилаш ва ўзгартириш учун икки ой муддат берилган. Манзили ўзгартирилган манфаатдор шахслар бу ҳақда белгиланган тартибда хабардор қилинади.
Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Ободонлаштириш бош бошқармаси эса уч ой муддатда кўча кўрсаткичлари ва пешлавҳаларини янги номга мос равишда алмаштириши керак.
Қарор расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга кирган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter