Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Турк компанияси Ўзбекистонда электр станцияси қуради

Турк компанияси Ўзбекистонда электр станцияси қуради

Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ва Туркиянинг AKSA Enerji компанияси бошқаруви раиси Жемил Казанчи ўртасида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида Қашқадарё вилояти Нишон туманида қуввати 400МВт газ поршенли электр станциясини қуришга доир Инвестиция шартномаси имзоланди.

Ҳужжатга кўра, мазкур лойиҳа учун турк компанияси 250 миллион доллар сармоя киритади.

Шунингдек, компания 25 йил – лойиҳани амалга оширишнинг бутун даври давомида электр станциясини лойиҳалаш, молиялаштириш, қуриш ва ишлатиш билан шуғулланади.

Қурилиш ишларининг бошланиши 2023 йилнинг декабрида, электр станциясининг ишга туширилиши эса 2024 йил охирига режалаштирилган.

Туркия компаниясининг ташрифи доирасида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ва AKSA Enerji ўртасида электр энергиясини сотиб олиш шартномаси ҳам имзоланди ва бу билан Ўзбекистон томони туркиялик инвестордан 25 йилга кафолатланган электр энергиясини сотиб олишни амалга оширади.

Маълумот учун, AKSA Enerji компанияси 1960 йилда ташкил этилган Kazanci Holding таркибига киради. Холдинг нафақат энергетика соҳасида, балки қишлоқ хўжалиги ва туризмда ҳам лойиҳаларни ишлаб чиқади.

Шунингдек, компания қатор мамлакатларда – Туркия, Гана, Мадагаскар, Мали, Конго ва Ўзбекистонда электр станцияларини қурмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг