Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Венгрия давлат телеканали йиллар давомида ёлғон тарқатгани учун узр сўради

Венгрия давлат телеканали йиллар давомида ёлғон тарқатгани учун узр сўради

Венгрияда ҳукумат алмашганидан кейин давлат оммавий ахборот воситаларида кенг кўламли ислоҳотлар бошланди. Янги Бош вазир Петер Мадияр ҳукумати жамоат телерадиокомпанияси MTVAни қайта ташкил этишини эълон қилди.

Ислоҳотлар доирасида давлатнинг M1 телеканали бош директори Жолт Немет лавозимидан озод этилди.

7 июл куни телеканал одатий эфир ўрнига қора экранни намойиш қилди. Экранда қуйидаги мазмундаги мурожаат жойлаштирилди:

«Давлат оммавий ахборот воситалари ёлғон тарқатишга ҳақли эмас. Шу йиллар давомида шундай қилганимиз учун узр сўраймиз. Энди оммавий ахборот воситалари келажакда мустақил ва ишончли тизимга айланиши учун қайта ислоҳ қилинмоқда. Янгиликлар хизмати вақтинча фаолиятини тўхтатди».

Петер Мадияр ушбу воқеани «тарихий кун» деб атади.

«Бугун давлат медиасида пропаганда эфирлари тўхтатилди. Улар кечаси ҳам, кундузи ҳам, барча тўлқинларда ҳам ёлғон тарқатишди. Энди бу давр якунланди», – деб ёзди у X ижтимоий тармоғида.

8 июл куни M1 телеканали эфирни қайта тиклади. Бироқ канал ҳозирча янгиликлар дастурларини эфирга узатаётгани йўқ.

ЕХҲТнинг кузатув миссияси апрел ойидаги парламент сайловлари бўйича ҳисоботида ҳам Венгрия давлат медиаси барча сиёсий кучлар учун тенг шароит яратмагани, MTVA эса янгиликлар орқали Виктор Орбан ва унинг ҳукуматини очиқ қўллаб-қувватлаганини қайд этган.

Эслатиб ўтиш жоиз, Виктор Орбан Венгрияни 16 йил бошқарди. Жорий йил 12 апрел куни бўлиб ўтган парламент сайловларида унинг «Фидес» партияси мағлубиятга учради. Парламентда кўпчилик ўринни «Тиса» партияси қўлга киритди ва унинг етакчиси Петер Мадияр мамлакатнинг янги Бош вазири бўлди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг