Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон–Япония: ҳамкорликка доир 14 та ҳужжат имзоланди

Ўзбекистон–Япония: ҳамкорликка доир 14 та ҳужжат имзоланди

10 январь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон–Япония бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда тегишли вазирлик ва идоралар, тармоқ бирлашмалари раҳбарлари, шунингдек, икки мамлакатнинг IT, энергетика, рақамли трансформация, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, электротехника, тиббиёт ва фармацевтика каби соҳаларда фаолият юритувчи 200 га яқин йирик компаниялари вакиллари иштирок этди.

Форум очилишида Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳамда Япония иқтисодиёт, савдо ва саноат давлат вазири Рёсукэ Козуки сўзга чиқди.

Л.Қудратов Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги муносабатлар ривожланишининг асосий омилларидан бири икки давлат раҳбарлари ўртасидаги юксак ишонч эканини таъкидлади. Вазир Ўзбекистонда инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган самарали қонунчилик нормалари жорий этилгани, муҳандислик коммуникациялари, инфратузилма, энергия ресурслари билан таъминланганлик даражаси яхшилангани, иқтисодиётда давлат иштироки қисқартирилгани ва кенг кўламли хусусийлаштириш жараёни бошланганини қайд этди.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, Япония компаниялари раҳбарлари Ўзбекистон ҳукуматининг икки давлат бизнес ҳамкорлиги кўламини кенгайтиришни жадаллаштириш ниятида эканига ишонтирилди.

Япония иқтисодиёт, савдо ва саноат давлат вазири Рёсукэ Козуки ҳам Ўзбекистон билан ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилаётганини урғулади.

Қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг энг истиқболли йўналишлари сифатида ахборот технологиялари, муқобил энергетика, таълим, тиббиёт, туризмни ривожлантириш, рақамлаштиришни кенгайтириш соҳалари белгилаб олинди.

Анжуман якунида таълим, ахборот технологиялари, муқобил энергетика ва тиббиёт, геодезия ва картографияда космик технологиялардан фойдаланиш соҳаларида 14 та ҳужжат имзоланди.

Кейинги йилларда Тошкент ва Токио муносабатлари тобора мустаҳкамланмоқда. Аввал хабар берганимиздек, 2022 йил декабрь ойида Ўзбекистон ва Япония ташқи ишлар вазирлари учрашувида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинганди. Япония томони Ўзбекистонда иқтисодиётни либераллаштириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича чора-тадбирларни ижобий баҳолаб, тўғридан-тўғри инвестицияларни кенгайтиришга шай эканини билдирган.

Япониянинг Тошкентдаги элчиси Такаши Ҳатори ҳам Кунчиқар ўлка компаниялари Ўзбекистондаги бизнес лойиҳаларига катта умид боғлаётгани ҳақида гапирган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг