«Россиянинг Украинага босқини таъсирини Марказий Осиё ҳам ҳис этмоқда» – Жозеп Боррель
17 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида Европа Иттифоқи – Марказий Осиё вазирлар учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Xabar.uz» мухбири. Нуфузли анжуманда ЕИ ва Марказий Осиё давлатлари ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари ва вакиллари турли соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди.
Минтақа бош дипломатларининг анъанавий машваратида сиёсий масалалардан тортиб маданий-гуманитар лойиҳаларга қадар – кенг кўламдаги мавзулар муҳокама этилди.
Тадбир мезбони – Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норовнинг учрашув якунида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилишича, минтақа вакиллари Европа Иттифоқи билан ўзаро манфаатли муносабатларни кенгайтириш ва чуқурлаштиришдан манфаатдор экани таъкидланган. ЕИнинг 2019 йилда қабул қилинган Марказий Осиё бўйича стратегияси тўлиқ қўллаб-қувватлангани ҳолда, уни амалга оширишни тезлаштириш учун қўшма «йўл харитаси»ни қабул қилишга келишилган.
Вазирнинг таъкидлашича, глобал беқарорлик шароитида Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш зарурати ортиб бормоқда. Шу билан бирга, минтақа давлатлари Европа компаниялари учун янги ўсиш нуқталарига айланиши мумкин бўлган қулай ва истиқболли бозор саналади.
Бу борада Европа Иттифоқи билан ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, илғор технологиялар, ноу-ҳаулар ва инвестицияларни жалб этиш муҳимлиги қайд этилган.
В.Норовга кўра, вазирлар учрашувида савдо соҳасида мутахассислар тайёрлаш бўйича минтақавий марказ ташкил этиш, Транскаспий мультимодал йўналиши салоҳиятини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш, мавжуд халқаро мультимодал йўлакларнинг имкониятларини ошириш ҳамда янгиларини барпо этиш бўйича саъй-ҳаракатларни жипслаштириш юзасидан таклифлар билдирилди.
Икки минтақа ўртасида алоқалар жадаллашганини қайд этган В.Норов жорий йил 27 октябрь куни Қозоғистоннинг Остона шаҳрида биринчи марта Марказий Осиё – Европа Иттифоқи саммити бўлиб ўтганини ёдга олди ва уни самарали механизм деб атади.
Айни чоқда, 28 октябрь куни Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель Ўзбекистонга илк бор ташриф буюргани робиталар жадаллашаётгани белгиси сифатида баҳоланди.
Вазирлар учрашуви ҳамраиси – Европа комиссияси вице-президенти, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель матбуот анжуманида Россиянинг Украинага босқини дунёдаги тартибни издан чиқарганини қайд этар экан, бундай вазиятда ҳамкорлик ҳамма даврдан ҳам муҳимроқ эканини урғулади.
«Марказий Осиё дунёнинг стратегик муҳим қисми саналади. Европа ва Осиё ўртасида кўприк бўлган минтақанинг аҳамияти йил сайин ошиб бормоқда. Бу жиҳатдан ўзаро робиталар аҳамиятини баҳолаш амримаҳол... Ўтган йили Душанбеда учрашганимиздан сўнг, Россиянинг Украинага уруши оқибатида, дунё буткул ўзгариб кетди. Афсуски, бу ўзгаришларни ижобий деб бўлмайди. Россиянинг Украинага қарши босқини таъсирини бутун дунё, жумладан, ЕИ ҳам, Марказий Осиё ҳам ҳис этмоқда», – деди Ж.Боррель.
Афғонистондаги вазият, терроризм, жиноятчилик, чегара хавфсизлиги каби хатарларни ҳам ёдга олган Европа бош дипломати очиқ ва фаол ҳамкорлик янада муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
Таъкидланишича, ЕИ Марказий Осиёнинг асосий сармоядори саналади. Минтақага киритилган сармоянинг 40 фоизи унинг ҳиссасига тўғри келади. Вице-президент/олий вакил Ж.Боррель халқлар фаровонлиги йўлидаги ҳамкорлик янада ривожланишига умид билдирди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter