Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шавкат Мирзиёев ЕОИИ билан ҳамкорликни кенгайтиришнинг устувор йўналишларини айтиб ўтди

Шавкат Мирзиёев ЕОИИ билан ҳамкорликни кенгайтиришнинг устувор йўналишларини айтиб ўтди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 21 декабр куни Санкт-Петербург шаҳрида Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишида кузатувчи давлат раҳбари мақомида иштирок этиб нутқ сўзлади. Давлатимиз раҳбари, жумладан, ЕОИИ билан ҳамкорликни кенгайтириш борасида мамлакатимиз учун устувор йўналишларга қисқача тўхталиб ўтди.

Таъкидланишича, глобал бозорларнинг тобора парчаланиб бораётгани, логистика занжирларининг мураккаблашаётгани ва инвестиция ресурсларини тақсимлашда устувор йўналишларнинг ўзгараётгани шароитида Ўзбекистон учун стратегик ва табиий шериклар бўлган Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари билан прагматик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштириш принципиал аҳамият касб этмоқда.

Кузатувчи давлат мақомидаги ҳамкорликнинг сўнгги тўрт йилида Ўзбекистоннинг ЕОИИ мамлакатлари билан ташқи савдо айланмаси қарийб икки баробар ошди.

Иқтисодий алоқалар таркибида юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар улуши ортиб бораётгани, кооперация лойиҳалари кенгайиб бораётгани барқарор суръат кўрсатаётгани айниқса муҳимдир. Бу ҳамкорларимиз ишлаб чиқариш занжирларини мустаҳкамлашдан чинакам манфаатдорлигини акс эттиради.

Ўзбекистон Евроосиёнинг асосий форматларида фаол иштирок этмоқда. Евроосиё иқтисодий комиссияси билан савдо, саноат, молия, аграр саноат ва транспорт соҳаларида 40 га яқин аниқ тадбирларни ўз ичига олган уч йиллик режа амалга оширилмоқда.

Қўшма Ишчи гуруҳ форматидаги ишлар давом этмоқда: унинг бешинчи йиғилишини келгуси йилда Тошкент шаҳрида ўтказиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон ЕОИИнинг электрон савдони ривожлантириш, юк ташишни рақамлаштириш ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича тармоқ дастурларида иштирок этмоқда.

«Ўзбекистон ва ЕОИИ божхона чегаралари орқали олиб ўтиладиган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида ахборот алмашиш тўғрисида битим тузиш бўйича музокараларни бошлаш ҳақидаги қарор қабул қилинганини олқишлаймиз. Ишончимиз комилки, трансчегаравий маълумотлар алмашинуви божхона назорати самарадорлигини ошириш, кечикишларни камайтириш ва транспорт тизимларимизнинг Евроосиё йўлакларига интеграциялашга хизмат қилади», деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистоннинг Евроосиё тараққиёт банкига қўшилиши ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим босқич бўлди. Банк билан биргаликда инфратузилма, энергетика, металлургия, кимё ва бошқа тармоқларда истиқболли лойиҳалар портфели шакллантирилди.

Президентимиз ЕОИИ билан ҳамкорликни кенгайтириш борасида Ўзбекистон учун устувор йўналишларга қисқача тўхталиб ўтди.

Биринчи. Савдо тўсиқларини босқичма-босқич бартараф этиш асосий вазифа бўлиб қолмоқда.

Техник жиҳатдан тартибга солиш, санитария ва фитосанитария меъёрлари борасидаги ёндашувларни яқинлаштириш мақсадида МДҲ ва EОИИ институтлари ўртасидаги мувофиқлаштиришни фаоллаштириш зарур.

Ортиқча тартиб-таомилларни бартараф этиш ва талабларни бирхиллаштириш бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ.

Техник жиҳатдан тартибга солиш, сертификатлаш ва божхона маъмуриятчилигидаги тафовутлар билан боғлиқ масалаларни тезкор ҳал этиш мақсадида тариф ва нотариф тўсиқлар бўйича «Ўзбекистон – EОИИ» қўшма мувофиқлаштирувчи гуруҳини тузиш таклифи билдирилди.

Иккинчи. Саноат кооперациясини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Машинасозлик, энергетика, агросаноат мажмуи, кимё ва бошқа тармоқлардаги лойиҳалар рўйхатини биргаликда шакллантириш зарур.

Ўзбекистоннинг EТТБга қўшилиши муносабати билан шерикликнинг стратегик йўналишларини биргаликда белгилаб олиш ҳамда устувор инфратузилмавий ва «яшил» лойиҳаларни, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашни қамраб олган «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқдир.

Банк нафақат молиялаштириш манбаи, балки интеграция лойиҳаларига инвестицияларни жалб қилиш катализаторига айланиши мумкин.

Учинчи. Рақамли технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш.

Рақамли платформаларни, жумладан, электрон тижорат ва рақамли маркировкалашни ўзаро боғлаш бўйича ЕOИК билан «йўл харитаси»ни тайёрлаш таклиф этилди.

Божхона маъмуриятчилигини рақамлаштириш ва юк ташишнинг «чоксиз» моделига ўтиш ҳам устувор вазифа сифатида кўриляпти.

Тўртинчи. Ўзбекистон ЕОИИнинг биотиббиёт, янги материаллар, агротехнологиялар, энергетика ва робототехника каби йўналишларни қамраб олувчи технологик платформаларига қўшилишдан манфаатдор.

Бешинчи. Ўзбекистон туризм соҳасида интеграциялашган ахборот ресурсини шакллантиришга ҳам қўшилишга тайёр.

Бундай ёндашув мамлакатларимиз туристик маҳсулотларининг ўзаро боғлиқлигини таъминлаш имконини беради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг