Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Молдова Россиядан узоқлашув йўлида жиддий қадам ташлади

Молдова Россиядан узоқлашув йўлида жиддий қадам ташлади

Фото: AP

Молдова МДҲга доир муҳим ҳужжатлардан чиқди. Мамлакат парламенти қабул қилган ва президент Майя Санду маъқуллаган қонунга асосан эндиликда Молдовада МДҲни тузиш тўғрисидаги таъсис шартномаси, ушбу шартнома баённомаси ҳамда МДҲ низоми юридик кучга эга эмас.

Бу ҳаракат Молдованинг МДҲдан чиқаётганини англатади. Ҳамдўстликдан чиқиш расман 12 ойдан кейин рўй беради.

1991 йилда собиқ Совет Иттифоқи маконида ташкил этилган Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) Россия, Озарбайжон, Арманистон, Беларус, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Тожикистон, Туркманистон, Украина каби 11 та постсовет давлатни бирлаштиради.

Россия Грузиянинг Жанубий Осетия ва Абхазия каби айирмачи ҳудудлари мустақиллигини тан олгач, Тбилиси ҳукумати 2009 йилдан МДҲ таркибидан чиққан.

Украина юридик жиҳатдан МДҲ аъзоси, аммо 2018 йилдан буён ташкилот фаолиятида қатнашмаётир.

Молдова Россия қутбидан чиқиб, эркин дунё сари интилмоқда. Москвадан узоқлашув сиёсатини юритаётган Молдова аслида 2024 йил охиригача МДҲ таркибидан чиқиш истагини билдирганди.

Молдова томонига кўра, «Россия бошқараётган МДҲда қолишнинг энди маъноси йўқ».

Майя Санду 2020 йилда Молдова президенти этиб сайлангач, мамлакатнинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиши режасини эълон қилди. Сиёсатчи ЕИга аъзоликни МДҲ билан интеграцияга зид деб баҳолаган. Кишинёв 2030 йиллар охирига қадар ЕИга аъзо бўлишни мақсад қилган.

Президент Майя Санду Россиянинг Украинага бостириб киришини кескин қоралаб, Кремлни унинг ҳукуматини заифлаштиришга уринишда айблаб келади. Санду Кремл мамлакатда давлат тўнтариши ва қўпорувчилик ҳаракатларига ҳозирлик кўраётгани ҳақида ҳам баёнот бергани маълум.

Москва Молдовада 2024 йил 20 октябр куни бўлиб ўтган сайловга турли йўллар билан аралашиш ҳамда фуқароларнинг суверен ҳуқуқидан фойдаланишга тўсқинлик қилишда ҳам айбланган.

АҚШ ҳам 2023 йили Россия разведкасига алоқадор шахслар Молдовада оммавий намойишлар ўтказиш орқали ҳукуматни ағдариш ва давлат тепасига кремлпараст маъмуриятни келтиришни кўзлаётганидан огоҳлантирганди. Вашингтонга кўра, Кремл ЕИ билан ҳамкорликни янада кучайтиришга интилаётган Санду ҳукуматини заифлаштиришга уринган.

2025 йилда Москва Кишинёв ҳукуматига босим ўтказгани, аммо Молдова Россия шантажига ён бермагани хабар қилинган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг