Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Италияликларнинг Ўзбекистон ҳақидаги тасаввурлари, иқтисодиётни рақамлаштириш...» Ардуино компаниясидаги амалиётчи ҳамюртимиз билан суҳбат

«Италияликларнинг Ўзбекистон ҳақидаги тасаввурлари, иқтисодиётни рақамлаштириш...» Ардуино компаниясидаги амалиётчи ҳамюртимиз билан суҳбат

«Хориждаги ватандошлар» лойиҳаси доирасидаги интервьюларни давом эттирамиз.

Навбатдаги суҳбатдошимиз Нодир Юсуфов Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетини тамомлаган. Бугунги кунда Италия Республикасидаги Турин политехника университети «Муҳандисликда бошқарув» йўналиши магистратура босқичида таҳсил олади.

М.: Нодир ўзингиз ҳақингизда гапириб берсангиз — суҳбатни шундан бошласак.

Н.Ю.: Болалигимдан аниқ фанлар, айниқса, физика ва математикага қизиққанман. Шу боисдан бўлса керак, 2 — 9 синфларда математика фани олимпиадасининг мактаб босқичида доим биринчи ўринни қўлга киритардим.

Бакалавр босқичини Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида олдим. Дарвоқе, 2018 йилнинг баҳорги семестрини Global UGRAND дастури ғолиби бўлиб, АҚШдаги Ғарбий Виржиния университида ўқиганман.

Бакалаврни тамомлаб бир муддат Инновацион ривожланиш вазирлигида етакчи мутахассис сифатида ишладим.

Ҳозирги кунда Италияда магистратурани давом эттиряпман.

М.: Нима учун айнан Италияда ўқишга қарор қилдингиз?

Н.Ю.: Магистратурани «Муҳандисликда бошқарув» йўналиши бўйича ўқиш бакалавр пайтимдаёқ режамда бўлган. Лекин айнан Италияда ўқиш асосий мақсад эмас эди. Дастлаб муҳандислик соҳаси энг тараққий этган Германияда ўқиш учун ҳаракат қилдим. Афсуски, DAAD (Германия академик алмашинув) грант дастурининг сўнгги босқичидан муваффақиятли ўта олмадим. Бироқ тушкунликка тушмаган ҳолда ҳужжатларимни Италиядаги Турин политехника университетига юбордим ва олийгоҳга қабул қилиндим.

Очиғи, ҳозир Италияга келганимдан афсусда эмасман. Боиси, мамлакатга келиб ҳукуматнинг аҳолига тенг яшаш шароити яратиб берганига гувоҳ бўлдим. Масалан, Италиянинг кичик қишлоқларигача замонавий ва кондиционерлар билан жиҳозланган автобуслар қатнайди. Интернет, онлайн хизматлар каби оддий заруриятлар бутун мамлакат бўйлаб таъминланган.

Қолаверса, давлатда саноатни кластерлаб эмас, балки мутахассислик бўйича ривожлантириш ишлари ҳам саноатнинг аксарият йўналишларида мамлакатни яққол етакчига айлантиргани сезилиб туради.

М.: Юқорида Италияга кетишдан олдин Инновацион ривожланиш вазирлигида ишлаганингиз ҳақида гапирдингиз. Италияда ҳам шунга ўхшаш вазирлик борми? Бор бўлса, ўхшаш ва фарқли жиҳатлари қандай?

Н.Ю.: Билишимча, инновациялар ва уларни жорий қилиш учун алоҳида вазирлик ташкил этилмаган. Бироқ Италияда Таълим, университетлар ва тадқиқотлар вазирлиги айнан шу соҳаларга давлат бюджетини йўналтириш, ушбу соҳалардаги янги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва бошқариш билан шуғулланар экан. Менинг фикримча, асосий фарқ айнан шундаки, университетлар инновациялар билан шуғулланишни анча олдин йўлга қўйиб олган ва бу ягона бир давлат бошқарув органи томонидан назорат қилинмайди. Яъни ҳар қандай инновация кучли билимга эга профессорлар назорати остида ёш талабалар томонидан ривожлантирилади ва қачонки лойиҳа катта масштабда жорий қилинаётгандагина юқоридаги вазирлик грантлар ажратади. Ўзбекистонда эса ана шундай эркин ишлайдиган тизим эндигина барпо этила бошланди. Масалан, ОТМлар қошидаги технопарклар, коворкинг марказлари ва инновациялар бўйича проректорларни келтириш мумкин. Ўйлашимча, энди бизга тадқиқотларни охиригача олиб боришдан қўрқмайдиган, ўзига ишонган ахборотни яхши таҳлил қила оладиган, ўз навбатида, хорижий тилларда эркин суҳбат қура олиб, чет тилидаги информацияларни тўғри синтез қила оладиган мутахассислар керак.

М.: Сизнингча, мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш учун Италиядан нималарни ўрганиш мумкин?

Н.Ю.: Очиғи, Италия Европанинг энг ривожланган мамлакатлари Германия ёки Норвегиячалик «digitalized», яъни рақамлашган мамлакат эмас. Айниқса, жанубий Италияда иқтисод тармоқлари рақамлаштириш даражасини юқори деб бўлмайди. Италия почталарида ҳалигача айрим тўловларни қоғозли чек орқали тўлаётган инсонларни кўришингиз мумкин. Ўйлашимча, биз айнан саноатнинг янги рақамли тизимларини, онлайн платформалар, Industry 4.0 ва Internet of Things (IoT)нинг ҳозирги иқтисодиётимизга жорий этишни, яхшиси, Ғарбий яримшардан ўрганганимиз маъқул.

Италиядан эса электрон пул ўтказмаларини, жамоат транспортидан фойдаланиш тўловларини рақамлаштиришни, электрон «car-sharing» тизимларини ўрганишимиз мумкин. Мисол учун айтадиган бўлсам, айнан ҳозирги карантин пайтида онлайн дўконлар ва «door-to-door» — эшикдан эшиккача етказиб бериш хизматларининг қанчалик қулай ва арзон йўлга қўйилганилигига гувоҳ бўлдим. Сизга мабодо кийим-кечак, хўжалик моллари, техника керак бўладими, харидни уйдан чиқмасдан, ҳеч кимга телефон қилмасдан бемалол амалга ошира оласиз. Етказиб бериш хизматлари кўплиги сабаб нархлар арзон. Сотиб олган нарсаларингиз қайси нуқтада, қайси ҳолатда турганини истаган вақтда муаммосиз «track» — кузатиб бориш имконияти мавжуд. Бундан ташқари, агар уйда кам вақт бўлсангиз, шаҳар бўйлаб кенг тарқалган Amazon lockerларни бемалол ишлатсангиз бўлади.

М.: Италияликлар ҳақида таассуротлар қандай ва улар Ўзбекистон ҳақида билишадими?

Н.Ю.: Италияликларнинг аксарият урф-одатларини ўзимизникиларга ўхшатаман. Мисол учун, ҳафтанинг дам олиш кунлари нуронийлар бошчилигида бутун оила бир дастурхон атрофига тўпланиши, фарзандларга меҳр-эътибор кўрсатиши кабиларни айтишим мумкин.

Мен Италиянинг шимол қисмида яшайман. Бу ерда жанубдагиларга нисбатан одамлар кўп ҳам меҳмондўст ва очиқфеъл эмас. Яъни кўчада камдан-кам саломлашишади. Мулоқотларда ҳам ортиқча гап-сўзлар қилишмайди.

Италияга келиб яна бир эътиборимни тортган жиҳат маҳаллий аҳолининг ғоятда оилапарвар эканлиги бўлди. Масалан, дам олиш кунлари кўчаларда оилали эркакларининг уйида телевизор кўришдан кўра, фарзандларига хавфсизлик каскаларини кийдириб скейтборд, ролик, велосипед минишни ўргатаётганини кўрасиз.

Шунингдек маҳаллий аҳоли жисмоний фаолликка интилишади. Айниқса, ёшлар ва қариялар ҳам тонг саҳар эринмай туриб югураётгани, ҳатто, футбол ўйнаётганига кўп бор гувоҳ бўлдим.

Ўзбекистон ҳақида эса маҳаллий аҳоли деярли ҳеч нарса билишмайди. Аммо аксарият қариялар Ангело Брандуардининг «Самарканда» номли қўшиғи орқали Ўзбекистоннинг бой тарихга эга эканлиги, ўзбек ошхонаси жуда кўплаб мазали таомлардан ташкил топганлиги ҳақида билишади.

М.: Бўш вақтларингизда нималар билан шуғулланасиз ва китоб мутолаасига ҳам ҳафсала борми?

Н.Ю.: Ҳозирда ўқишдан ташқари саноат ва таълимда қўлланиладиган микросхемаларни ишлаб чиқарувчи Ардуино компаниясида амалиёт ўтаяпман. Ардуино билан жорий йилнинг январь ойида 6 ойлик шартнома имзолаган эдим. Лекин коронавирус сабаб орада бир муддат танаффус бўлди ва шартнома муддати сентябрь ойи охиригача узайтирилди.

Компаниядаги асосий вазифам Амазон онлайн платформасида контент яратиш, Германия, Буюк Британия, Италия, Франция, Испания ва АҚШ онлайн бозорларида микросхемаларга бўлган талабнинг ўзгаришига таъсир қилувчи омилларни ўрганиш, талабга қараб нархларни белгилаш ҳамда ҳафталик ҳисобот топшириш киради.

Китоб мутолааси бобида, очиғи, иш ва ўқиш билан бўлганим учун ҳозир бунга вақтим бўлмаяпти. Аммо вақт қилиб Уолтер Айзексоннинг 40 дан ортиқ интервьюлар асосида ёзилган Стив Жобс номли биографик китобини охиригача тугатиб қўйишни режалаштиряпман.

М.: Кегусидаги режаларингиз қандай?

Н.Ю.: Келажакда албатта Ўзбекистонга қайтиб, соҳам бўйича фаолият юритишни мақсад қилганман. Лекин бу айнан қачон амалга ошишини билмайман. Ўрганганларимни амалда қўллайдиган соҳалардан ишга таклиф қилинсам, магистр дипломини олибоқ қайтишим мумкин. Лекин Европада шахсий ва профессионал ривожланишимга имконият яратадиган иш таклифи бўлса, маълум муддат шу ерда ишлаб малака ошириш ниятим ҳам йўқ эмас.

Албатта, ҳаммасини вақт кўрсатади.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг