Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Исломободда жума номози пайтида портлаш юз берди: камида 31 киши ҳалок бўлган

Исломободда жума номози пайтида портлаш юз берди: камида 31 киши ҳалок бўлган

Покистон пойтахти Исломободда жойлашган Хадижат-ул Кубро масжиди яқинида содир бўлган портлаш оқибатида камида 31 киши ҳалок бўлди, яна 169 нафар одам турли даражадаги тан жароҳатлари олди. Бу ҳақда маҳаллий ҳокимиятларга таяниб Dawn нашри хабар берди.

Маълумотлар 6 февраль куни Тошкент вақти билан соат 16:12 ҳолатига келтирилган.

Фожиа Исломободнинг Тарлай-Калан туманида, жума намози вақтида юз берган. Times of Islamabad хабарига кўра, ҳудкуш-террорчи масжиднинг асосий дарвозаси олдида портловчи қурилмани ишга солган. Портлаш натижасида масжид дарвозаси ва атрофдаги биноларга жиддий зарар етган.

Қутқарув хизматлари ҳозирга қадар қидирув-қутқарув ишларини давом эттирмоқда. Жароҳатланганлар Покистон тиббиёт фанлари институти ва яқин атрофдаги шифохоналарга етказилган. Полиция ҳудудни тўлиқ ўраб олган, суд-тиббий далилларни йиғиш ва тергов ишлари бошланган. Исломободда фавқулодда ҳолат режими жорий этилган.

Хитойнинг Синхуа агентлиги аввалроқ полиция манбаларига таяниб, ҳалок бўлганлар сони 10 нафар экани ҳақида хабар қилган эди. Кейинчалик қурбонлар ва яраланганлар сони кескин ошгани аниқланди.

Покистон президенти Асиф Али Зардари ҳам ижтимоий тармоқ саҳифасида портлаш ҳақида баёнот берди.

Зардари қурбонларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирди ва тинч аҳолига қилинган ҳужумни «инсониятга қарши жиноят» деб атади.

Бундан ташқари, президент жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини таъминлаш учун барча тиббий ресурсларни сафарбар қилишни буюрди.

Ҳозирча ҳужум учун жавобгарликни ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олгани йўқ. Покистон ҳукумати ҳодиса юзасидан кенг кўламли тергов ишлари олиб бормоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг