Фарғонадаги мактаблардан бирида кучли портлаш содир бўлгани айтилди
Ижтимоий тармоқларда Фарғонадаги мактаблардан бирида кучли портлаш содир бўлганлиги тўғрисидаги маълумот тарқалди.
6 декабрь куни соат 11:30 да Фарғона шаҳридаги 41-мактаб ва 63- боғчанинг умумий иситиш қозонхонасида ёрилиш содир бўлганлиги тўғрисида вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасига хабар келиб тушган.
Шунга кўра, воқеа жойига Фарғона шаҳар ФВ бўлими, «Ҳудудгаз Фарғона» газ таъминоти, «Ҳудудий электр тармоқлари» ҳамда соҳавий хизматлар ходимлари чиқиб, вазият ўрганилган, дея таъкидланади хабарда.
Дастлабки ўрганиш натижаларига кўра, иситиш қозонхонасида технологик жараённинг бузилиши сабаб ички босим ортиб кетган ва ёрилиш содир бўлган. Оқибатда қозонхона биноси енгил шикастланган, воқеа натижасида ёнғин қайд этилмаган.
Вазият натижасида тан жароҳати олганлар ёки вафот этганлар йўқ.
Айни вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан воқеа сабаблари ва зарар миқдори ўрганилмоқда.
«Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқларда гўёки соҳавий хизматлардан бирининг вакиллари томонидан ушбу воқеа ҳақида гувоҳлардан ошкор қилмаслик тўғрисида тилхат олингани ҳақида маълумот тарқалган. Шу муносабат билан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари томонидан бундай ҳаракатлар амалга оширилмаганини расман маълум қиламиз», дейилади ФВВ хабарида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter