Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Башар Асад мамлакатни тарк этди. Бош вазир ҳукуматни топшириш ҳақида баёнот берди

Башар Асад мамлакатни тарк этди. Бош вазир ҳукуматни топшириш ҳақида баёнот берди

Сурия президенти Башар Асад Дамашқни номаълум йўналишда тарк этди, деб хабар бермоқда Reuters агентлиги суриялик икки юқори мартабали зобитга таяниб.

Қароргоҳи Буюк Британияда жойлашган Сурия Инсон ҳуқуқлари обсерваторияси ҳам Дамашқ аэропортидан ҳавога кўтарилган хусусий самолётда Асад бўлиши мумкинлигини айтди. Мониторинг гуруҳига кўра, аэропортда бўлган ҳукумат қўшинлари президент жўнаб кетганидан кейин эвакуация қилинган.

Сурия расмийлари исёнчилар Дамашққа бостириб киргани ҳақидаги хабарларга ҳозирча изоҳ бермаган.

Сурия бош вазири Муҳаммад Ғози ал-Жалолий Сурия халқи танлаган ҳар қандай раҳбарият билан ҳамкорлик қилишга ва ҳокимиятни «ўтказиш» учун ҳар қандай чораларни кўришга тайёрлигини айтди, дея хабар бермоқда «Ал Арабия».

«Бу давлат оддий давлат, қўшнилари ва бутун дунё билан яхши муносабатлар ўрнатадиган давлат бўлиши мумкин, лекин бу масалани Сурия халқи сайлаган ҳар қандай раҳбарият ҳал қилиши керак бўлади. Биз у билан барча мумкин бўлган шарт-шароитларни таъминлаш учун ҳамкорлик қилишга тайёрмиз», — деди ҳукумат раҳбари Facebook орқали суҳбат чоғида.

У «Сурия давлатининг барча институтларини» сақлаб қолишга чақирди ва давлат ишларини давом эттиришни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини айтди.

Шу билан бирга, ал-Жалолий ҳеч қандай мансаб ва имтиёзларга муҳтож эмаслигини таъкидлаб, ўз уйида эканлигига ва уни тарк этиш ниятида эмаслигига ишонтирди.

AFPнинг исёнчилар етакчисига таяниб хабар беришича, Дамашқдаги ҳукумат муассасалари ҳокимият расман топширилгунга қадар бош вазир назорати остида қолади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг