Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

БМТ Исроилга қатъий талаб қўйди

БМТ Исроилга қатъий талаб қўйди

БМТ Ғазо «болалар қабристони»га айланганидан огоҳлантирмоқда.

Фото: AFP

БМТнинг халқаро мустақил комиссияси Исроил ишғоли остидаги Фаластин ерлари – Ғазо сектори, Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусдаги хунрезликлар юзасидан ҳисобот эълон қилди.

Ҳужжатда Исроил фаластинликларга нисбатан қасддан қотилликлар, ҳарбий ва инсониятга қарши жиноятлар содир этаётгани таъкидланган. 

«Исроил кучлари шифокорлар ва тиббий ходимларни қасддан ўлдирган, уларни ҳибсга олган ва қийноққа солган. Шунингдек, тиббий транспорт воситаларига ҳужум уюштирган», – дейилади ҳисоботда.

Муаллифларга кўра, бу муайян миллатни тиббий кўмакдан маҳрум қилиш орқали қириб ташлашга уриниш, бинобарин, инсониятга қарши жиноят саналади.

БМТ Исроилни Фаластин соғлиқни сақлаш тизимини йўқ қилишга қаратилган сиёсат юритишда айблаган.

Ҳисоботга кўра, Исроил кучлари томонидан ўзбошимчалик билан қамоққа олинган фаластинлик болалар ва катталар жисмоний, руҳий ва ҳатто жинсий зўравонликка дучор этилган.

«Исроил Ғазодаги тиббий муассасаларни вайрон қилишга қаратилган маънисиз ва ақл бовар қилмас ҳаракатларини зудлик билан тўхтатиши керак... Фаластинликларга нисбатан қамоқхоналарда содир этилган шафқатсизликлар айбдорлари жазога тортилиши ва етказилган зарар қопланиши керак», – дейди комиссияси раиси, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича собиқ олий комиссари Нави Пиллэй.

Комиссия Тель-Авив маъмуриятига халқаро ҳуқуққа зид барча хатти-ҳаракатларни ошиғич равишда тўхтатиш талабини қўйган.

БМТ жорий йил июнь ойида эълон қилган суриштирувда ҳам Ғазо секторида аҳоли, хусусан, болалар қасддан қириб ташланаётгани баён қилинганди. 

Халқаро ташкилот Болалар жамғармаси – ЮНИСЕФ хулосасига кўра, бир йилдан буён давом этаётган уруш туфайли Ғазо секторидаги юз минглаб болалар ўқиш, ўйнаш тугул тинч-осойишта ухлаш неъматидан ҳам маҳрум қолмоқда.

Исроил армияси ҲАМАС ҳаракати ҳужумига жавобан Ғазо секторига бостириб кирган 2023 йил 7 октябрдан буён 42126 нафар фаластинлик (ҳудуд аҳолисининг 1,8 фоизи) ҳалок бўлди. Уларнинг камида 16 минг нафари болалардир.

БМТнинг фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги бош комиссари Филипп Лаззаринига кўра, сўнгги олти ой ичида Ғазо секторида дунёда охирги тўрт йилда кузатилган барча можаролардан кўпроқ болалар ҳалок бўлган.

Буюк Британияда жойлашган «Save the Children» ташкилоти ёзишича, 21 мингга яқин фаластинлик бола дом-дараксиз йўқолган.

Жорий йил июнь ойида БМТ Исроилни болалар ҳуқуқларини поймол этувчи ва уларга зарар етказувчи давлатлар рўйхатига киритди. БМТ бош котибининг болалар ва қуролли зиддиятлар масалалари бўйича махсус вакили Виржиния Гамба томонидан тузилган ҳисоботда Ғазо секторида болаларни ўлдириш, ўғирлаш, калтаклаш, шунингдек, мактаб ва шифохоналарга ҳужум ҳақида сўз боради.

Афсуски, даҳшатли статистика кун сайин ошиб бормоқда. Халқаро ташкилотлар Ғазода кўп сонли аҳоли бомбалар, очлик, ташналик ва юқумли хасталиклар туфайли ҳалок бўлаётгани ҳақида бонг урмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг