Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Дараксиз йўқолган 21 минг бола: эҳтимол тирикдир, эҳтимол ўлган

Дараксиз йўқолган 21 минг бола: эҳтимол тирикдир, эҳтимол ўлган

Фото: AP

Ғазо секторида қарийб 9 ойдан буён давом этаётган даҳшатли қирғин оқибатида 21 мингга яқин фаластинлик болалар дом-дараксиз йўқолди. Бу ҳақда қароргоҳида Буюк Британияда жойлашган «Save the Children» (Болаларни муҳофаза этиш) ташкилоти ҳисоботида сўз боради.

Жумладан, 17 минг бола яқинларидан айрилган ҳолда оч-наҳор юргани айтилмоқда. 4 минг мурғак вужуд эса бомбаланган бинолар остида қолган бўлиши эҳтимоли катта.

«Йўқолган, аммо ҳали тирик бўлган болалар ҳаёти жиддий хавф остида, бинобарин, уларни тез муддатда топиш керак. Уларни муҳофазага олиш, оиласи бағрига қайтариш керак. Ҳалок бўлган болаларга келсак, уларнинг оиласи бу ҳақда расман хабардор этилиши, дафн маросими ўтказилиши ва айбдорлар жазоланиши лозим», – дейди «Save the Children» ташкилотининг Яқин Шарқ бўйича директори Жереми Стоунер.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари идорасига кўра, 2023 йил 7 октябрдан буён Ғазо секторида Исроил армияси ҳужумларида 15 мингга  яқин бола ҳалок бўлди.

«Ғазо болалар қабристонига айланди. Минглаб йўқолган болаларнинг тақдири эса номаълум қолмоқда. Тирик болаларни топиб, уларга ғамхўрлик кўрсатиш, янги қурбонларнинг олдини олиш учун ҳам зудлик билан ўт очишни тўхташ лозим», – дейди «Save the Children» вакили.

Халқаро ҳамжамият эътирозига қарамай, Исроил ҳарбийлари айни пайтда юз минглаб фаластинлик жон сақлаётган Рафаҳ шаҳрига ҳужумлар уюштирмоқда. «Save the Children» ташкилотига кўра, Рафаҳга ҳужумлар болалар орасида қурбонлар сонини янада оширмоқда.

Исроил ҲАМАС ҳаракати ҳужумига жавобан Ғазога бостириб кирганидан буён уруш давомида 37718 нафар фаластинлик ҳалок бўлди. Уларнинг салмоқли қисми болалардир.

БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ) матбуот котиби Жеймс Элдер Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатларни «болаларга қарши уруш» деб атаган.

БМТнинг фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги бош комиссари Филипп Лаззаринига кўра, сўнгги олти ой ичида Ғазо секторида дунёда охирги тўрт йилда кузатилган барча можаролардан кўпроқ болалар ҳалок бўлган.

Афсуски, даҳшатли статистика кун сайин ошиб бормоқда. Халқаро ташкилотлар Ғазода кўп сонли болалар очлик туфайли ҳам дунёдан кўз юмаётгани, Исроил очликлан қурол сифатида фойдаланаётгани ҳақида бонг  урмоқда. Қайд этилишича, болалар очлик сабаб чорва молларига мўлжалланган озуқаларни истеъмол қилишга мажбур бўлмоқда. Бу эса заҳарланиш ва бошқа юқумли хасталиклар хавфини оширмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, яқинда БМТ Исроилни болалар ҳуқуқларини поймол этувчи ва уларга зарар етказувчи давлатлар рўйхатига киритди. БМТ бош котибининг болалар ва қуролли зиддиятлар масалалари бўйича махсус вакили Виржиния Гамба томонидан тузилган ҳисоботда Ғазо секторида болаларни ўлдириш, ўғирлаш, калтаклаш, шунингдек, мактаб ва шифохоналарга ҳужум ҳақида сўз боради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг