Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Эрон Россияга узоқ масофага учувчи янги дронлар етказиб берди

Эрон Россияга узоқ масофага учувчи янги дронлар етказиб берди

Эрон Россияга узоқ масофага парвоз қилувчи учувчисиз жанговар қурилмаларни етказиб берди. Guardian нашрига кўра, дронлар Эрон кемалари ва давлат авиаширкати самолётларида етказиб берилган. 

Бу ўринда гап Россия ҳозирга қадар Украина инфратузилмасига зарба беришда фойдаланиб келаётган «Шаҳид» камикадзе дронлари эмас, балки узоқ масофада зарба бера оладиган анча мураккаб учувчисиз парвоз қилувчи қурилмалар ҳақида кетмоқда.

Guardian хабарига кўра, 2022 йил ноябрь ойида россиялик бир гуруҳ офицер ва муҳандислар Теҳронга келиб, Эрон ҳарбий технологиялари билан танишган. Россияликлар катта радиусда парвоз қилувчи «Мужоҳир-6», «Шаҳид-191», «Шаҳид-129» каби дронларга қизиқиш билдирган. Айни чоқда, расмий Теҳрон Москвага дронларни бошқариш бўйича сабоқ бериш учун 54 нафар муҳандис юборган.

«Россия Туркияда ишлаб чиқарилган Bayraktar-TB2 каби мураккаброқ дронларга эга бўлишни мўлжаллаётган кўринади. Чунки Украина зарба беришдан аввал анча паст масофага тушадиган кичик ҳажмли камикадзе дронларни муваффақиятли тарзда уриб туширмоқда», – деб ёзади инглиз нашри.

Россияга юборилган дронлар яқинда бомбардимон қилинган Исфаҳон шаҳридаги фабрикада ишлаб чиқарилгани айтилмоқда. Исфаҳондаги ҳарбий аслаҳа заводига зарбалар эса Исроил ҳарбий ҳаво кучлари томонидан йўллангани хабар қилинган.

Guardian нашрининг ёзишича, Россия янги партия дронларни Украинага қарши урушда аллақачон қўллаган. Москва шу турдаги дронлардан кўпроқ олиш истагини билдирган. Аммо Исфаҳондаги завод сўнгги ҳужумлардан кейин жиддий талафот кўрган.

Россияга етказиб берилган «Мужоҳир-6» дронлари 6 соат давомида парвоз қилиб, 40 килограммгача бомбани таший олади. «Шаҳид-129» қурилмасининг парвоз муддати ва юк кўтариш имкони 4 соат ҳамда 60 килограммни ташкил этади. «Шаҳид-129» дронлари эса 70 килограммга қадар ажал қуролини 5 соатлик масофага етказади.

Аввалроқ Россия камикадзе дронлар учун Эронга 140 миллион евро нақд пул тўлагани, шунингдек  уруш вақтида қўлга киритилган Ғарб қуроллари намуналарини бергани хабар қилинган эди.

Эрон Россияга Украина урушида кўмак учун жанговар дронлар етказилаётганини рад этиб келади. Расмий Теҳронга кўра, Москвага худкуш дронлар Украина уруши бошлангунга қадар етказилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг