Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Инклюзив ҳукумат зарур» – ЕИ ва Марказий Осиё махсус вакиллари Афғонистон юзасидан баёнот берди

«Инклюзив ҳукумат зарур» – ЕИ ва Марказий Осиё махсус вакиллари Афғонистон юзасидан баёнот берди

Фото: Twitter/Terhi Hakala

Брюссель шаҳрида Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатларининг Афғонистон бўйича махсус вакиллари учрашди. Дипломатларнинг учинчи машваратида қўшни мамлакатдаги беқарорлик, инсон ҳуқуқлари бузилиши, терроризм ва наркотрафик хатари каби жиддий масалалар муҳокама этилди.

ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Терҳи Ҳакала ҳамда ЕИнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Томас Никлассон мезбонлигида ўтган музокарада Марказий Осиё дипломатлари қаторида Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Эргашев ҳам қатнашди.

Учрашув якунида тарқатилган қўшма баёнотда қайд этилишича, Афғонистон БМТ Бош ассамблеясининг 2022 йил 10 ноябрдаги резолюциясига мувофиқ барқарор ва фаровон мамлакатга айланиши лозим. Бу мақсадга эришишда эса барча манфаатдор сиёсий гуруҳлар, хотин-қизлар, этник ва диний озчилик вакиллари иштироки таъминланган инклюзив ҳукумат тузилиши муҳимдир.

Сўнгги вақтларда Афғонистонда хотин-қизларнинг давлат ва хусусий олий ўқув юртларида таълим олишига тақиқ қўйилгани халқаро ҳамжамият томонидан хавотир билан қарши олинди. Жумладан, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги бу борада чуқур ташвиш изҳор қилди.

Брюссель учрашуви якунида берилган қўшма баёнотда ҳам Афғонистонда инсон ҳуқуқлари ҳолати кескин ёмонлашгани таъкидланиб, барча фуқароларнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳуқуқларига ҳурмат кўрсатилиши, қонун устуворлиги ва эркинликлар таъминланиши лозимлиги уқтирилган. Мамлакатнинг аксар ҳудудларида ўрта мактаблар қизлар учун ёпилгани, қолаверса, аёлларнинг олий таълим ва халқаро нодавлат ташкилотлар фаолиятидан четлатилгани қораланган.

ЕИ ва Марказий Осиё махсус вакиллари «Толибон» маъмуриятини инсонпарварлик тамойили ва халқаро ҳуқуқ меъёрларига ҳурмат кўрсатган ҳолда, хотин-қизларнинг таҳсил олиши, ишлаши ва жамият ҳаётида муносиб иштирокини таъминлашга чақирган.

Баёнотда Афғонистондаги жангари гуруҳлар таҳдидига алоҳида эътибор қаратилиб, мамлакат терроризм ва экстремизм бошпанасига айланмаслиги лозимлиги таъкидланган. Шунингдек, «толиблар» жорий этган гиёҳвандлик моддалари етиштириш бўйича тақиққа тўлақонли амал қилиш муҳимлиги эслатилган.

Таҳлилчилар иқтисодий муаммолар, гуманитар танглик сабаб Афғонистон аҳолиси оғир аҳволга тушгани ҳақида бонг урмоқда. Айниқса, қаҳратон совуқ шароитида сўнгги ўн кунда 80 га яқин одам ҳалок бўлган.

ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Терҳи Ҳакала машваратдаги нутқида Афғонистон халқига гуманитар кўмак ўта муҳимлигини таъкидлаган. Дипломатга кўра, ЕИ афғон заминидаги гуманитар бўҳронни бартараф этиш, инсон ҳуқуқлари, жумладан, хотин-қизлар ва этнк-диний озчилик вакиллари ҳақларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратади. ЕИ махсус вакили Афғонистон муаммоси ечимида Марказий Осиё давлатлари ҳал қилувчи ўрин тутишини ҳам эътироф этган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг