Исроил вазири Трампга қарши кескин баёнот берди
Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир АҚШ ва Эрон ўртасида тузилаётган битим шартларини Исроил давлати бажаришга мажбур эмас деб ҳисоблайди. Ҳолбуки, АҚШ президенти Дональд Трамп 80 йиллик юбилейи кунларида берган баёнотга кўра, Теҳрон ва Вашингтон ўртасида имзоланаётган битим Исроилга ҳам бир қатор мажбуриятларни юклайди.
«Исроил АҚШга бўйсунмайди, биз – мустақил, суверен давлатмиз. Исроил фуқаролари, ЦАХАЛ аскарлари ва яҳудий халқи олдидаги бурчимиз, шунингдек, минг йиллик сургунлик даврида таъқиб қилинган ва ваҳшийларча ўлдирилган яҳудийлар олдидаги тарихий бурчимиз – Исроил заминида яҳудийларга хавфсизликни таъминлаб беришдир. Ҳар сафар Исроил хавфсизлиги ҳисобига халқаро босимларга таслим бўлганимизда, бунинг бадалини ортиғи билан, қон билан тўладик. Бу Осло келишувларида ҳам, 2006 йилдаги Ливан келишувида ҳам ва Ғазода бизга қарши портлаб кетган узоқ йиллик бағрикенглик сиёсати даврида ҳам намоён бўлди. Алоҳида таъкидлаймизки, биз АҚШни яхши кўрамиз ва президент Трампдан миннатдормиз. Лекин шу билан бирга, Исроил давлати банан республикаси эмас», – деган вазир.
Эрон ва АҚШ келишувига Исроил шерик эмаслигини таъкидлаган Бен-Гвир Ливанга қарши амалиёт тўхтатилмаслигини айтган.
Аввал хабар берганимиздек, Дональд Трамп АҚШ ва Эрон ўртасида дастлабки тинчлик келишувига эришилганини маълум қилди. 19 июнь куни Швейцарияда имзолаш режалаштирилаётган битимга кўра, Исроил Ливанда ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиши керак.
Эрон ва Ливан масаласидаги фарқли позиция сабаб сўнгги вақтларда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва АҚШ президенти Дональд Трамп ўртасида муносабатлар таранглашган. Трамп ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишни кўзлаётган бўлса, Нетаняҳу қонли урушни яна давом эттириш ниятида.
Маълумот ўрнида: АҚШ маъмуриятига қарши баёнот берган Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир ўтган йили Буюк Британия, Канада, Австралия, Янги Зеландия ва Норвегия санкциясига дучор бўлганди.
Жорий йил май ойида «Сумуд» флотилияси аъзоларига нисбатан ғайриқонуний ҳаракатлари сабаб Бен-Гвирга ЕИнинг бир қатор давлатлари ҳам жазо қўлламоқчи.
Итамар Бен-Гвир Фаластин халқига қарши радикал баёнотлари билан отнинг қашқасидек танилган. Жумладан, у Ғазо секторидаги 2,3 миллион аҳолини бошқа ҳудудларга сургун қилишни тарғиб қилиб келади.
Исроил миллий хавфсизлик вазири Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббосни ҳибсга олиш ва Фаластиннинг юқори мартабали мулозимларини йўқ қилишга чақиргани ҳам маълум.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter