Ноёб бриллиант узук рекорд нархга сотилди
Женевада ўтказилган Christie’s кимошди савдосида «Ocean Dream» (Уммон орзуси) бриллиант узуги рекорд даражадаги 13 567 500 швейцария франкига (тахминан 17,3 миллион доллар) ўз янги эгасини топди.
Ноёб тошни қўлга киритиш учун харидорлар ўртасидаги кураш қарийб 20 дақиқа давом этди ва у кимошди савдолари тарихидаги энг қиммат кўк-яшил тусли бриллиант сифатида рекорд ўрнатди
Узук марказида 5,5 каратли, уч бурчак шаклига келтирилган ноёб кўк-яшил бриллиант жойлашган. Уни янада жозибали кўрсатиш учун атрофига ромб шаклида ишлов берилган йигирмага яқин оқ рангли бриллиант териб чиқилган.
Маълумотларга кўра, ушбу ноёб олмос 1990-йилларда Марказий Африка Республикаси ҳудудидан топилган. Дунёга машҳур Смитсон институти олимлари ранги ва софлик даражаси уйғунлиги бўйича «Ocean Dream» тошини сайёрамиздаги энг ноёб 8 та олмос рўйхатига киритган.
Диққатга сазовор жиҳати, бу ноёб узук биринчи марта кимошдига чиқарилаётгани йўқ. Ушбу узук 2014 йилнинг май ойида худди шу Женевадаги аукционда 7,7 миллион швейцария франкига сотилган эди. Орадан ўтган вақт ичида қимматбаҳо тошнинг қиймати қарийб икки баробарга қимматлашгани санъат ва ноёб буюмларга бўлган инвестициянинг нақадар фойдали эканини яна бир бор исботлади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter