Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Туркий давлатлар муфтийлари тарихий ҳужжатни имзолади

Туркий давлатлар муфтийлари тарихий ҳужжатни имзолади

20 октябрь куни Озарбайжоннинг Шуша шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти мусулмон диний ташкилотлари раҳбарлари кенгашининг низоми имзоланди. Бу ҳақда хабар берган Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати низомни «тарихий ҳужжат» деб атаган.

Маросимда туркий давлатлар диний етакчилари – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, шайхулислом Оллоҳшукур Пошозода, Туркия диёнат ишлари бошқармаси раиси, доктор Али Эрбош, Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, бош муфтий Наврўзбой ҳожи Тағанули, Туркманистон муфтийси Ялқоб ҳожи Хўжакелдиев ва Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Бағдод Амреев иштирок этди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўз нутқида янги имзоланган низом туркий халқлар тинчлиги ва фаровонлигини мустаҳкамлаш, муштарак қадриятларни кенг ёйиш, ўзаро тажриба алмашиш ва турли соҳалардаги алоқаларни янада равнақ топширишга хизмат қилишини таъкидлади.

Шуша шаҳридаги маросим туркий дунё уламолари анжуманининг мантиқий давоми саналади. 19 октябрь куни Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийларининг III йиғилиши ҳам бўлиб ўтди.

Муфтий Нуриддин домла Холиқназаров сафар давомида Озарбайжон мусулмонлари идораси раиси Оллоҳшукур Пошозода билан ҳам учрашди, икки давлат диний идоралари ўртасида меморандум имзоланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг