Зеленский: Россия NATOнинг Европадаги ҳарбий иштирокини заифлаштирмоқчи
Украина президенти Владимир Зеленский Россия Европадаги хавфсизлик тизимини қайта кўриб чиқиш ва NATOнинг минтақадаги ҳарбий иштирокини чеклашга интилаётганини билдирди. Унинг фикрича, Финляндия, Швеция ва Болтиқбўйи давлатлари ҳам хавф остида қолиши мумкин.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, АҚШ Украинадаги уруш якунланганидан кейин Европада янги хавфсизлик тизимини шакллантириш масаласини кўтарган.
Украина раҳбари бундай музокаралар хавфли оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
«Путин Европадаги чегараларни ўзгартиришни истаётгани — факт. Ишончим комилки, бу унинг Европадаги хавфсизлик кафолатларини қайта кўриб чиқиш борасидаги қарашларининг бир қисмидир», — деди Зеленский.
Унинг тахминича, Россия президенти Владимир Путин янги хавфсизлик тизими муҳокамасида Финляндия ва Швеция, шунингдек, Венгрия ва Болтиқбўйи мамлакатларида АҚШ қўшинларининг жойлашуви масаласини кўтариши мумкин.
Зеленский бундай музокаралар фақат Украинада уруш тугагани ва мамлакатга хавфсизлик кафолатлари берилганидан кейингина ўтказилиши кераклигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, 10–11 ноябр кунлари Абу-Дабида Россия, Украина ва АҚШ вакиллари иштирокида ўтган музокараларда Европа хавфсизлик тизими масаласи ҳам муҳокама қилингани хабар қилинганди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter