Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Иссиқлик таъминоти, тарифлар ва компенсациялар: аҳолини нималар кутмоқда?

Иссиқлик таъминоти, тарифлар ва компенсациялар: аҳолини нималар кутмоқда?

Фото: Xabar.uz

«Қисқа муддатли моддий ёрдам билан бирга, оилаларнинг келгусидаги энергия харажатларини камайтириш ҳам кўзда тутилган. «Оғир» тоифадаги маҳаллаларда давлат таъминотидаги оилаларнинг 3 мингта хонадонни иссиқликни сақловчи материаллар билан изоляция қилиш, энергия тежамкор дераза ва эшиклар, қуёш панеллари ҳамда гелиоколлекторлар ўрнатиш режалаштирилган.  

Бунга амалий мисол сифатида 2025 йилда Гулистон шаҳрининг «Обод юрт» маҳалласидаги бир хонадонда 10 кВт қувватли қуёш панели ва гелиоколлектор ўрнатилганини келтириш мумкин. Натижада хонадон электр энергиясидан ойига ўртача 2 млн сўмгача қўшимча даромад олаётгани, газ истеъмоли эса икки баравар камайгани қайд этилган».

Кеча ОАВ учун Контент тайёрлаш марказида Энергетика вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, «Иссиқликтаъминот» АЖ ҳамда «Ҳудудгазтаъминот» АЖ масъуллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида нафақат энергия тарифларини ислоҳ қилиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари балки энергия ресурсларидан тежамкор фойдаланишга қаратилган таклифлар, тажрибалар ҳақида ҳам маълумот берилди.

Ислоҳотлар нимани кўзлайди?

Энергия ва коммунал хизматлар соҳасидаги ислоҳотлар ресурсларни барқарор етказиб бериш, тармоқларни модернизация қилиш ва тизимнинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлашга қаратилган. Шу билан бирга, тарифлар ўзгаришининг аҳолига таъсирини юмшатиш учун ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам таклиф этилмоқда.

Шунингдек, суюлтирилган газ таъминотига хусусий секторни жалб қилиш, рақобат муҳитини шакллантириш ва кросс-субсидиялаш амалиёти босқичма-босқич бекор қилинади.

Электр энергияси учун янги меъёр таклиф этилмоқда

Иситиш мавсумида табиий газ билан таъминланмаган ҳудудларда электр энергиясининг ойлик базавий меъёрини амалдаги 200 кВт/соатдан 350 кВт/соатгача ошириш таклиф қилинмоқда. Бунда 201–350 кВт/соат оралиғидаги истеъмол учун ҳар бир киловатт-соат электр энергияси амалдаги 900 сўм ўрнига 650 сўмдан ҳисобланади.

Ҳисоб-китобларга кўра, ойига 300 кВт/соат электр энергияси истеъмол қиладиган хонадон 25 минг сўм, 350 кВт/соат истеъмол қиладиган хонадон эса 37,5 минг сўм тежаш имконига эга бўлади.

Аҳоли учун иситиш ва иссиқ сув тарифларини 2026 йил 1 ноябрдан республика бўйича 30 фоизга ошириш таклиф этилмоқда. Шу билан бирга, тарифлар ўзгарганидан кейин ҳам хизматлар таннархи билан аҳоли учун белгиланган тарифлар ўртасидаги фарқ қарийб тўрт баравар бўлиб қолиши кутилмоқда.

Кимларга 1 миллион сўм ёрдам берилади?

2026–2027 йилги иситиш мавсумида эҳтиёжманд оилаларга бир марталик 1 миллион сўмдан моддий ёрдам ажратиш режалаштирилган.

Мазкур ёрдам Ижтимоий реестрга киритилган оилалардан ташқари, белгиланган даромад мезонларига мос келадиган бошқа оилаларни ҳам қамраб олиши мумкин.

 Компенсация муддати узайтириладими?

Электр энергияси ва табиий газ истеъмоли белгиланган базавий меъёрдан ошганда бериладиган компенсация муддатини 2028 йил 1 апрелгача узайтириш таклиф этилмоқда.

Даромад мезонларини кенгайтириш орқали қўшимча 166 минг оилани қўллаб-қувватлаш, аввалдан ёрдам олаётган 470 минг оилага эса компенсация тўловларини яна бир йил давомида узайтириш режалаштирилган.

 Суюлтирилган газ кимлар учун арзонлашади?

Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга ойига 20 килограммгача суюлтирилган газнинг ҳар бир килограмми учун 3 минг сўмдан компенсация тўлаш таклиф қилинмоқда. Ушбу механизм амалга оширилса, белгиланган меъёр доирасида оилаларнинг суюлтирилган газ учун харажати бир килограммга 2 минг сўм даражасида сақланади.

 Уйларни иситиш учун қанча маблағ ажратилади?

«Оғир» тоифадаги маҳаллаларда давлат таъминотидаги оилаларнинг 3 мингта хонадонини  «энергия тежамкор» қилиш режалаштирилмоқда. Бунинг учун уйларни иссиқликни сақловчи материаллар билан изоляциялаш, энергияни тежайдиган дераза ва эшиклар, қуёш панеллари ҳамда гелиоколлекторлар ўрнатиш мақсадга мувофиқ.

Коммунал тўловлар учун кимларга ёрдам берилади?

Ёқилғи ва коммунал харажатларни қоплаш учун бериладиган ёрдам олувчилар доирасини кенгайтириш ҳам таклиф этилмоқда. Бунда Ижтимоий реестрга киритилган оилалар билан бир қаторда, белгиланган даромад мезонларига мос келадиган бошқа оилаларни ҳам қамраб олиш назарда тутилган.

«Саховат ва кўмак» жамғармаси орқали коммунал харажатларни қоплаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) бир бараваригача, коммунал хизматлар бўйича қарздорликни қоплаш учун эса беш бараваригача ёрдам кўрсатиш механизмлари мавжуд.

Шунингдек, кўмир ва бошқа ёқилғи харажатлари учун БҲМнинг икки бараваригача, газлаштирилмаган ҳудудларда эса уч бараваригача ёрдам берилиши мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг