Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Трамп маъмурияти Украинада интернет чекланишига алоқасини рад этди

Трамп маъмурияти Украинада интернет чекланишига алоқасини рад этди

АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти Украина ҳарбийлари фойдаланаётган Starshield сунъий йўлдош алоқаси тизимига жорий этилган чекловларга алоқадор эмаслигини билдирди. Бу ҳақда Axios нашри АҚШнинг юқори лавозимли расмийсига таяниб хабар берди.

Аввалроқ Украина ҳарбийлари SpaceX компанияси томонидан ишлаб чиқилган Starshield тизимида узилишлар кузатилаётганини маълум қилган эди. Уларнинг сўзларига кўра, дронлар соатига 160 километрдан юқори тезликда ҳаракатланганда сунъий йўлдош алоқаси узилган. Бу эса айрим ҳарбий операцияларга таъсир кўрсатган.

SpaceX раҳбари Илон Маск Starshield тизими АҚШ ҳукумати назоратида эканини, тезлик ва фойдаланишга оид чекловлар Америка ҳарбийлари, охир-оқибат эса президент томонидан белгиланишини айтган. 

Бироқ Axios билан суҳбатлашган АҚШ расмийси Трамп маъмурияти мазкур чекловларга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидлаган.

Украина президенти Владимир Зеленский эса Financial Times нашрига берган интервьюсида алоқа тизимидаги муаммолар техник носозлик оқибати эмаслигини билдирган.

«Бу техник муаммо эмас, балки қабул қилинган қарор эди», – деган Зеленский.

Ҳозирча чекловларни ким ва қандай сабаб билан жорий этгани юзасидан аниқ маълумот берилмаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг