Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Еврокомиссия Россияни “қора рўйхат”га киритди. Бу нимани англатади?

Еврокомиссия Россияни “қора рўйхат”га киритди. Бу нимани англатади?

Европа комиссиясининг Брюсселдаги идораси.

Фото: Xabar.uz / Собир Салим

Европа Иттифоқи Россия Федерациясини расман ноқонуний равишда пул ювиш ва терроризмни молиялаштириш эҳтимоли юқори бўлган давлатлар қаторига киритди. Ҳозирга қадар ушбу рўйхатга Шимолий Корея, Эрон, Афғонистон, Яман, Сурия каби давлатлар киритилган эди.

Европа комиссиясининг РФга оид қарори 2025 йил 3 декабр куни қабул қилинган эди.

Европа парламенти ва Европа кенгаши эътироз билдирмагани ортидан мазкур ҳужжат жорий йил 29 январдан расман кучга кирди.

ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас ушбу чора Россиянинг Украинага қарши урушни молиялаштиришини қийинлаштиражагини айтган.

«Ўйлайманки, Россияни реал маънода музокара столига ўтиришга мажбурлаш учун ҳар қандай усулларни қўллаш керак», — деган Кая Каллас.

Янги тартибнинг кучга кириши Россияга алоқадор барча молиявий амалиётлар автоматик равишда тақиқланишини англатмайди. Аммо молиявий амалиётлар бутун Европа Иттифоқи бўйлаб — банклар, суғуртачилар, риелторлар ва бошқа воситачилар томонидан кучли тартибда тафтиш, мониторингдан ўтказилади.

Экспертларга кўра, янги тартиб ЕИ ҳудудида яшаётган ва ЕИ молиявий тизимидан фойдаланаётган россияликларга ҳам таъсир этади. Шунингдек, ЕИ ҳудудига кирмоқчи бўлган россияликларда ҳам муаммолар туғилади.

«Россиянинг “қора рўйхат”га қўшилиши бевосита, шунингдек, турли ниқоб ва учинчи шахслар номидан молиявий операцияларни амалга ошираётган Россия субъектларига нисбатан мониторинг жараёнларини қаттиқлаштиради. Россиялик бўлиш ёки россияликларга алоқадорлик энди Европа Иттифоқида етарлича муаммоли, улар хоҳ жисмоний, хоҳ юридик шахс бўлсин, пул ювиш ва терроризмни молиялаштириш предметига нисбатан текширилади», — деб ёзди ўзбекистонлик иқтисодчи Отабек Бакиров.

Ўтган йилларда ЕИ ушбу масалада Пул ювишга қарши молиявий чоралар ишлаб чиқиш гуруҳи (Financial Action Task Force — FATF) рўйхатига таяниб келган эди. 2023 йилда FATF Россиянинг аъзолигини тўхтатган, аммо Хитой, Ҳиндистон ва Саудия Арабистони каби давлатлар эътирози сабаб Россияни “қора рўйхат”га тиркамаган эди.

Эндиликда ЕИ ўзининг пул ювишга қарши тузилмаси (Anti-Money Laundering Authority — AMLA) тақиқларига таянмоқда.

Таҳлилчиларга кўра, янги тартиб кучга кириши ва Россия билан боғлиқ молиявий амалиётлар синчковлик билан текширилиши ортидан санкцияларни айланиб ўтиш билан боғлиқ ҳолатлар ҳам фош этилиши мумкин.

Россиянинг Украинага қарши босқинчилик уруши бошланган 2022 йил 24 февралдан кейин ЕИ Москвага нисбатан кўплаб санкция ва молиявий чекловларни жорий қилди.

Аввал хабар берганимиздек, ЕИ Кенгаши 2027 йилдан Россиядан газ импортини тўлиқ тақиқлашни назарда тутувчи қонунни ҳам тасдиқлади.

Украинада уруш бошланишидан олдин Россия ЕИга етказиб бераётган газ улуши 40 фоиздан ошиқ бўлган. 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 13 фоизгача камайган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг