Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

ЕИ 2027 йилдан Россия гази импортини тақиқлайди – Reuters

ЕИ 2027 йилдан Россия гази импортини тақиқлайди – Reuters

Европа Иттифоқи Кенгаши 2027 йилдан Россиядан газ импортини тўлиқ тақиқлашни назарда тутувчи қонунни тасдиқлади. Қарор душанба куни Брюсселда бўлиб ўтган вазирлар йиғилишида қабул қилинди. Словакия ва Венгрия ушбу қарорга қарши овоз берди. Венгрия масалани Европа судига олиб чиқишини ҳам маълум қилди.

2025 йил 17 декабрь куни Европарламент Иттифоқ давлатларининг 2027 йил 1 ноябрдан бошлаб Россия газини сотиб олишдан бутунлай воз кечиш ҳақидаги таклифини маъқуллаган эди.

Reuters нашрининг қайд этишича, мазкур тақиқ шундай тарзда ишлаб чиқилганки, уни кўпчилик давлатлар қўллаб-қувватлаши мумкин бўлган. Бу эса Россия энергоресурсларига ҳали ҳам қарам бўлиб қолаётган ва Москва билан яқин алоқаларни сақлаб қолишни истаётган Венгрия ҳамда Словакия қаршилигини енгиб ўтиш имконини берган.

Келишувга мувофиқ, Европа Иттифоқи Россиядан суюлтирилган табиий газ импортини 2026 йил охиригача, қувур орқали етказиб бериладиган газ импортини эса 2027 йил 30 сентябргача тўхтатади.

Шу билан бирга, қонун айрим мамлакатларга газ омборларини қишки иситиш мавсуми олдидан Россияга оид бўлмаган манбалардан тўлдиришда қийинчиликларга дуч келган тақдирда, ушбу муддатни 2027 йил 1 ноябргача кечиктириш имконини беради.

Украинада уруш бошланишидан олдин Россия Европа Иттифоқига етказиб бераётган газ улуши 40 фоиздан ошиқ бўлган. Европа Иттифоқининг сўнгги маълумотларига кўра, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич тахминан 13 фоизгача камайган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг