Байден фаластинлик тинч аҳоли тақдирига бефарқликда айбланди
АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзоси Рашида Толиб президент Жо Байденнинг Фаластин–Исроил зиддиятидаги позициясини танқид қилди.
ҲАМАС ҳужумига жавобан Ғазони бомбардимон қилаётган Исроил БМТ вакилларига ҳудуддан 24 соат ичида 1,1 миллионга яқин одамни кўчириш ҳақида талабнома йўллаган эди. Халқаро ташкилот буни амалга ошириб бўлмас талаб деб баҳолаган.
Демократик партия вакили Рашида Толибга кўра, Исроил ҲАМАСнинг хатти-ҳаракати учун Ғазода яшовчи кўп минг сонли аҳолини жазоламоқда. Байден маъмурияти эса Исроилни бир томонлама дастаклагани ҳолда, бомба ёмғири остида қолаётган оддий фаластинликлар тақдирига қайғурмаётир.
«Ғазо секторидаги миллиондан зиёд аҳоли (уларнинг ярми болалардир) 24 соат ичида ҳудудни тарк этиш ҳақида буйруқ олди, аммо уларнинг бош уриб борадиган жойи йўқ. Фаластинлик тинч аҳоли вакилларини жамоавий жазолаш ҳарбий жиноятдир... Лекин президент Байден Ғазода аёвсиз авиаҳужумларга учраган ва қуруқлик орқали ҳужумга нишон бўлаётган миллионлаб фаластинлик тинч аҳоли вакилларига заррача ҳамдардлик билдирмади», – дейди Конгрессдаги асли фаластинлик ягона депутат Рашида Толиб.
Сиёсатчи аёл ўт очишни зудлик билан тўхтатиш ва дини ҳамда миллатидан қатъи назар, барча тинч аҳоли вакиллари ҳаётини сақлаб қолишга даъват қилган.
«Бизнинг ҳукуматимиз барча тинч аҳоли вакилларига ҳамдард бўлмоғи лозим. Кўп сонли америкаликлар хунрезлик ва зўравонлик тўхтатилишини исташига ич-ичимдан ишонаман. Ҳарбий жиноятларга ҳарбий жиноят билан жавоб берилмайди», – дейди Р.Толиб.
Депутатга кўра, ҳозирги вазиятда Америкадаги мусулмонлар ҳамда араб миллатига мансуб аҳоли вакиллари манфаатлари ҳукумат томонидан тўлақонли ҳимояланмоқда деб бўлмайди. У, шунингдек, Ғазода қариндошлари қолиб кетган АҚШ фуқароларига ҳам кўмак лозимлигини урғулаган.
Рашида Толиб Исроил ҳукумати ишғол остидаги Фаластин ерларида апартеид сиёсатини юритаётганини айтиб келади.
2,3 миллион нуфусли Ғазо ҳудуди 2007 йилдан буён қамал шароитида яшайди.
ҲАМАС билан кескинлик кучайиши ортидан, 8 октябрь куни Исроил ҳудудга электр энергия ва ёнилғи етказилишини тўхтатди. 9 октябрь куни эса яҳудий давлати мудофаа вазири Йоав Галант Ғазо тўлақонли қамалга олиниши, ҳудудга озиқ-овқат ва сув ҳам етказилмаслигини эълон қилди.
БМТ бош котиби Антонио Гутерриш урушаётган томонларни халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилишга чақирар экан, Ғазо тўлақонли қамалда қолганидан чуқур хавотир изҳор қилган.
Европа Иттифоқи ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель Ғазо аҳолиси сув, озиқ-овқат ва электр энергиядан маҳрум этилиши халқаро ҳуқуққа зид эканини таъкидлаган.
Жаҳон матбуоти ҳудуддаги барча шифохоналар тўлиб кетгани, ўликхоналарда ҳам жой қолмагани ҳақида хабар берган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter