Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ёнғин чиққан бино «Korzinka»ники эмас — Зафар Ҳошимов

Ёнғин чиққан бино «Korzinka»ники эмас — Зафар Ҳошимов

Видеодан скриншот

Бугун Тошкент шаҳрининг Яшнобод тумани, Паркент йўли кўчасида жойлашган «Korzinka» супермаркетида ёнғин чиққани ҳақида видеохабарлар ижтимоий тармоқларда тарқалди. Воқеага биринчилардан бўлиб «Korzinka» супермаркетлар тармоғи раҳбари Зафар Ҳошимов ойдинлик киритиб, расмий баёнот берди.

«Бугун, 2026 йил 31 январь куни, Махтумқули кўчасида жойлашган «Aviator» савдо-кўнгилочар марказида ёнғин содир бўлди. Ёнғин ўчоғи бинонинг иккинчи қаватида, бошқа ижарачилар ҳудудида аниқланди.

«Aviator» савдо марказининг биринчи қаватида жойлашган «Korzinka» супермаркети ижара ҳуқуқи асосида фаолият юритади, ушбу бино «Korzinka»га тегишли эмас. Ёнғин «Korzinka» дўкони ҳудудидан ташқарида юз берди ва супермаркетнинг ёнғин келиб чиқишига алоқаси йўқ.

Ёнғин аниқлангач, дарҳол барча кўзда тутилган хавфсизлик чоралари кўрилди. Мижозлар ва дўкон ходимлари тезлик билан хавфсиз жойга кўчирилди. Супермаркет ходимлари ва мижозлари орасида жабрланганлар йўқ.

Воқеа жойига зудлик билан ўт ўчириш хизмати бўлинмалари етиб келди. Ёнғин ўраб олинди, ҳозирда мутахассислар зарурий ишларни давом эттирмоқда ва ҳодиса сабабларини аниқламоқда.

«Korzinka» фавқулодда вазият хизматлари ва тегишли идоралар билан доимий алоқада бўлиб турибди. Қўшимча маълумотлар расмий тасдиқланган сайин тақдим этиб борилади».

Ҳодиса юзасидан ФВВ ҳам расмий хабар берди.

Унда таъкидланишича, бугун, 31 январь куни соат 15:47 да Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, Паркент йўли кўчасида жойлашган «Aviator» савдо мажмуасида ёнғин бўлаётганлиги тўғрисида Тошкент шаҳар ФВББга хабар келиб тушган.

Шунга кўра, қутқарув экипажлари соат 15:53 да воқеа жойига етиб бориб, биринчи навбатда бино ичидаги барча фуқаролар эвакуация қилинган. Ёнғин соат 16:50 да қуршаб олиниб, соат 17:17 да тўлиқ бартараф этилган.

Ёнғин ўчириш ишлари Фавқулодда вазиятлар вазири раҳбарлигида амалга оширилган.

Ёнғин оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ.

Айни вақтда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ва зарар миқдори аниқланмоқда.

P.S. ФВВ берган сўнгги хабарга кўра, ёнғиндан сўнг олиб борилган дастлабки ўрганиш ишлари давомида вайроналар остида бир кишининг жасади топилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг