Қизиқчилик — тирикчилик: бачканалик ҳаддан ошганда... (видео)
Яқинда (23-24 февраль кунлари) «Ҳандалак» гуруҳи «Истиқлол»да концерт берди. Шунга тушдим. Бир жойдан чипта келиб қолганди, бўлмаса, кўзим учиб тургани йўқ эди. Текиннинг шўрваси татимас (бунақа пайтда иборалар ҳам ўзгариб кетаркан) деганларидек, концертга тушганимга афсусландим. Кейин билсам, мен ёлғиз эмас эканман.
Тўғриси, ёши бир жойга бориб қолган Зокир Очилдиев ва Ортиқ Султоновга бачкана қилиқлар умуман ярашмабди, менга эриш туюлди. Қўпол қилиб айтганда, бир қарасанг, ўзини у кўйга солади, бир қарасанг, бу кўйга. Мақсад битта — нима қилиб бўлса-да, томошабинни кулдириш.
Ҳа, рост, ҳеч ким Ҳожибой Тожибоевчалик бўлолмаяпти, у киши бошқача эди. Лекин Ҳожибой ҳам одам эди, оддий одам. Одамларни кулдириш учун чиранмасди. Ҳозир Аваз Охун унинг йўлидан кетаяпти, агар кейинчалик айнимаса.
Кўпчилик журналистларга эътироз билдиради. «Нега фақат «Миллион» ва «Дизайн»ни танқид қиласизлар? Мирза, Шукур, Вали, Обид, мана «Ҳандалак» қўшилди, улар ҳам бачканалик қилади, оилавий кўриб бўлмайди-ку», — дейишади. Улар, афсуски, ҳақ. Масалан, «Миллион» бепошна ҳазиллари учун жуда қаттиқ танқидга учраб, лицензияси олиб қўйилган пайтда юқорида исмлари келтирилган қизиқчилар хулоса чиқариши керак эди аслида. Ёки лицензия берувчи ташкилотлар (Маданият вазирлиги, «Ўзбекконцерт» ДМ) уларга ҳам чора кўриши лозим эди. Бунинг учун ҳалиям кеч эмас.
Аскиячилик алоҳида эътироф қилинади халқимизда. Бачканаликда айбланган қайсидир ёш қизиқчи аскиячиларнинг ҳазилларини индамай эшитасизлар-ку, ҳолбуки, уларда ҳам бачканалик бисёр деганди. Тўғри эътироз экан. Мен айнан аския тарихи билан қизиқдим. Не ажабки, аския XIX асрда руслар босқини пайтида чойхона билан бирга кириб келган экан. Яъни бу санъат тури ҳеч қачон бизники бўлмаган, худди чой каби. Аскияга энг муносиб таърифни ёзувчимиз Саид Аҳмад бериб бўлган: «Аския — эркаклар ҳаммоми».
Демак, саҳнада айтилаётган белдан пастга тегишли барча «ҳазиллар» ҳаммомда ёки чойхонада, яъни эркаклар ўзлари холи қолган жойда бўлиши керак. Буни саҳнага ёки телевидениега олиб чиқиб бўлмайди. Саҳна маданияти бузилади. «Дизайн» концертини «Зўр ТВ» намойиш этганида бачкана жойларини кесиб ташлаган.
Айнан шу телеканалнинг «Сиз билан» лойиҳасида яна бир қизиқчимиз Обид Асомов ҳозирги ёш қизиқчиларни ва ўзини бачкана деганларга изоҳ берган (видеони кўринг). Лекин шунда ҳам ўзини оқлаб кетган. Гапни қаранг: «Қизиқчилар озгина бачканаликни қўшмаса, кулги чиқмайди». Самимий кулги ва бепошна гаплар фарқи мана шундай хаспўшлаш орқали йўққа чиқиб кетмоқда.
Энди шу жойида мутасадди ташкилотларга мурожаат қиламан: ҳурматли каттаконлар, сизлар ҳам қизиқчиларнинг концертига тушиб кўринг (шундоғам концертга тушишингиз мумкин, лекин бир сафар танқидий руҳда кўринг, ўрганинг-чи). Оила аъзоларингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, оналарингиз ва аёлларингизни олиб киринг. Шукрулло Исроиловнинг куракда турмайдиган ҳазилларини онангизнинг олдида бир эшитинг. «Ҳандалак»чиларнинг «молжаллоб»ини тинглаб, қизларингизнинг юзларига бир қур қараб қўйинг. Ана ундан кейин чуқур мулоҳаза қилинг ва булар концерт қўйишга лойиқ экан деган хулосани беришга шошилманг. Сизлардан расмий жавоб, муносабат ёки изоҳ кутиб қоламиз.
Танганинг иккинчи тарафи ҳам бор. «Миллион»ни танқид қилганимда томошабинларни ҳам айблаган эдим. Масалан, чет элда қўшиқчилар фонограммада концерт берса (аввало қўшиқчилар буни ўзларига ор деб билишади), томошабиндан қандай ёмон муносабат бўлишини билишади: қўлига нима тушса, унга қарата улоқтириши мумкин масалан. Ўзбек томошабини ҳам танлашни билсин, дидни билсин, яхши ва ёмонни, ориятни билсин. Фонограммали концертга бормасин, борса, қўпол қилиб айтганда, тошбўрон қилсин. Қизиқчиларга нисбатан ҳам шу гапни айтиш мумкин.
Қизиқчилар мавзусига мос тушиши учун хулосамни, уларнинг услубида, қуйидагича тугатмоқчиман (қўполлик учун олдиндан узр) — бир фоҳишадан сўрашибди: «Нега сен бу иш билан шуғулланасан?». Фоҳиша жавоб берибди: «Нима қилай, тирикчилигим шу, қўлимдан бошқа иш келмайди. Мен ҳам яшашим керак-ку!».
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter