Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Лайло Ҳайитова

Шиори: Олға ҳаракат қил, ўрган, излан, уриниб кўр, муҳими, тўхтама!

Қишлоқдаги ҳаёт: янги «Чевар»ни қийнаб келган эски муаммолар (видео)

Қишлоқдаги ҳаёт: янги «Чевар»ни қийнаб келган эски муаммолар (видео)

«Бухоро вилояти Когон туманининг «Ўба чўли» маҳалласидаги янги номдаги Чевар, эски Юқори Ёбу қишлоғидан мурожаат қиляпмиз. 20 йилча аввал қишлоғимизга тоза ичимлик суви қувурлари тортилиб, сув билан таъминланган эди. Бироқ, 7-8 йилдан бери сув муаммосида қийналамиз. Бир йилдан ортиқ вақтдан бери қувурлардан умуман сув келмай қолган. Бормаган жойимиз, кирмаган эшигимиз қолмади. Юқорига ёзсак ҳам яна масала ечими Когон тумани ҳокимлигига қайтариб юборилади. Қишлоқни кесиб ўтувчи зовур қувуридан аҳолининг фойдаланиши учун носоз қурилма билан шланг тушириб қўйилган. Унда ҳам деярли, сув йўқ. Бу ҳам етмагандек, зовур кўприги таъмирталаб: ўнқир-чўнқир ва қумлоқ. Шағал номигагина ташланган. Автотранспорт воситаларининг қатновига хавф туғдиради: турли хил шикастланишларни юзага келтириши бор гап. Ва кўп бор шундай бўлган ҳам. Қишлоқдаги «Қизбиби» қабристонига олиб борувчи йўл асфалтталаб. Қабристондаги жанозахона ўн йилдан ортиқ вақтдан бери хароба ва таъмирталаб аҳволда. Бу борада бир марта эмас, бир неча маротаба туман мутасаддиларига билдирдик. Бироқ, фойдасиз...» – дейилади мурожаатда.

Тан олиб айтамизки, ушбу мурожаат бизга 2024 йилнинг 11 май куни келиб тушган. Туман мутасаддилари билан телефон орқали мулоқотга киришганимизда, мурожаат қилган фуқароларнинг «ёзувчи»лиги, аслида, бундай эмаслиги: «Зовур кўприги соз ҳолатда, қабристонга олиб борувчи йўл асфалтлаштиришга муҳтож эмас ва у қабристон ҳам таъмирталаб аҳволда эмас. Ҳафтанинг ҳар икки кунида трактор орқали сув етказиб берилади», – деган жавоб олган эдик. Тақдим этилган суратларга кўра, бунга ишонган эдик ҳам, ҳатто. Афсуски, Чевар қишлоғи аҳолисини ташвишлантириб келаётган муаммолар бўйича шахсан туман ҳокимига ҳам маъулмот берилган эди.

Зовур кўприги – хавфли барьера

«Ўба чўли» маҳалласининг ички йўллари аро манзил сари борар эканмиз, бизни бундан узоқ йиллар илгари асфалт ётқизилган, аммо, ўнқир-чўнқир, пасту баланд қишлоқ йўллари қарши олди. Биз бораётган автомашина сўнгги русумдаги транспорт воситаси бўлса-да, юриш анча қийин кечди. Чанг осмонга кўтарилгани етмагандек, шағал тошлари автомашина деразаларига тинимсиз уриларди.

Қишлоқ йўли, шу-да! – дейди шу қишлоқда яшовчи Сайфулло Ғайбуллаев. –Асфалтлаштирилганига 40 йиллардан ошгандир-ов. Шикастланган жойларига ё номигагина шағал келтириб тўкишади ёки қум билан тўлдириб қўйишади. Қарабсизки, қатнов йўлларида ўралар сони ошган. Муаммоларни айтавериб, чарчадик. Гапирсанг, «ёзувчи»га чиқасан. Гапирмасанг, эътиборсизлик баттар ошиб кетаверади.

«Ўба Чўли» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Нозим Ҳайдаровнинг айтишича, Чевар қишлоғида жами 91 хонадон, 98 та оила, 380 нафар аҳоли бор. Қишлоқнинг ўзбек маҳалласи  билан лўлилар маҳалласини йирик зовур ажратиб туради. Ўзбек тараф йўли салкам 40 йилча илгари асфалтлаштирилган бўлса, лўли тараф энди шағаллаштирилган.

Ёмғирли кунларда йўллар лойли гилам бўлса, қурғоқчиликда эса чанг муаммоларга сабаб бўлиб келган, – дейди фуқаролардан бири. – Йўлларнинг етарли даражада таъмирланмагани аҳолининг иш, мактаб ва тиббий хизматларга боришига жиддий тўсиқ бўлади. Шағаллар эса номигагина тўкиб кетилган. Ишонсангиз, йўловчи ташиш таксилари ҳам, ҳатто, ички йўлларгача киришмайди.

Аҳволни кузатар эканмиз, зовур кўпригининг ўнқир-чўнқирлиги қишлоқ марказини бошқа маҳаллалар билан боғловчи хавфли барьер эканига амин бўласиз. Икки ён томони темир конструкциялар билан тўсилмаган. Ҳар қандай вақтда ёмон ҳодиса бўлиши эҳтимоли баланд. Бу, нафақат, хавфсизликни таъминламайди, балки кексалар, болалар ва ёшлар учун ҳам  катта ташвиш манбасидир.

Мутасаддилар сукути – эътиборсизлик

Аҳоли кўприкни янгилаш ёки таъмирлашни жуда зарур, дея таъкидлайди. Фойдаланиш учун сув тармоғи – зовурни кесиб ўтувчи таъмирталаб аҳволдаги биттагина қувур. Ушбу қувур ҳам зовурнинг хавфли қисмида қўлбола тарзда шлангга улаб қўйилган. Одамлар шундан фойдаланиб келган.

Фуқаро Расул Султонов қишлоқ аҳолиси салкам ўн йилдан буён сув муаммосида қийналиб келаётганини сўзлайди: – Қишлоғимиз аҳолисини тоза ичимлик суви билан қўллаб-қувватлашда жиддий муаммолар мавжуд. Бу эса аҳолини бир неча километр масофадан сув олиб келишга мажбур қилмоқда.

Нега, айтишларича, ҳар ҳафтада қишлоққа трактор орқали сув олиб киритилар экан! – деймиз.

У сувни ичиб бўлмайди, болам. Айниқса, болалар ва кексаларнинг соғлиғи учун хавфли, – дейди суҳбатдош.

Қишлоқ аёллари суҳбатга аралашди: – Трактор билан келтириладиган сув тоза эмас, занг. У билан зўрға ювинамиз, холос. Истеъмолга яроқсиз. Ҳайдовчига бу ҳақда эътироз билдирсак, «Шукур қилинг, шуниям келтираётганимизга» деб иддао қилади. Биз қайси замонда яшаяпмиз ўзи?! Ичимлик сувининг етарлича йўқлиги – ҳаёт учун хавфли муаммо эмасми? Бизни ўйлантираётгани мутасаддиларнинг сукути, уларнинг эътиборсизлиги.

Ваъда бор, амал йўқ!

Ҳудуд аҳолиси бир неча бор маҳаллий мутасаддиларига, жумладан, туман ҳокимига ҳам мурожаат қилган. Аммо, натижа йўқ. Қишлоқ одамлари «Бизни эшитадиган, кўрадиган раҳбар йўқми? Ҳаммасининг ваъдаси ёлғон!» деган ишончсизликка берилишган.

Бизга тоза ичимлик суви, деб тракторда келтиришаётгани 3-4 кундаёқ ҳидланади. Ҳатто, уни  ичида қуртлар пайдо бўлади. Хўш, уни ичиш мумкинми? Кир ювамиз, мол суғорамиз, холос. Истеъмол учун дўконлардан бакалашкали сувлар харид қиламиз. Икки баравар кўп пул сарфлаяпмиз. Томорқа ерларни суғориш ҳақида-ку, гапирмасаям бўлади. Яна «яшил олам» талаб қилишади? – ранжиб сўзлайди мурожаатчилар.

Ҳақиқатан ҳам аҳолининг бизга кўрсатишича, трактор орқали келтириладиган сувларнинг истеъмолга яроқсиз эканини англаш қийинмас.

Биз, лўли тараф ҳудудда, ҳатто, инфратузилма нобоп. Кадастр масалалари ечими оғир. Муаммони бартараф этиш ўрнида, ҳали у-ҳали бу баҳонани рўкач қилишади. Кўпчилигимизда табиий газдан фойдаланишимиз учун қувурлар ўтказилмаган. Қувур ўтказилганларига эса счётчик қурилмаси ўрнатилмаган. Худди бўзчининг моккисидай у ёқдан-буёққа, бу ёқдан-у ёққа сарсон қилишади. Ҳатто, келиб-кетаётган журналист ва блогерларга ҳам ишонмай қўйдик! Қишлоғимиз тақдири кимни қизиқтиради, ўзи?! –дейишди.

Бу биз учун ҳам нечоғли оғир ва озорли баҳо бўлмасин, кичик қишлоқ аҳолисининг узоқ йиллардан бери қўл силтаб қаралаётган ва ечим кутаётган шикоятини маҳаллий мутасаддилар ва туман ҳокимига яна бир карра эслатишни лозим топдик.

«Опен бюджет»да «ютмасак», йўл ташландиқлигича қолиб кетаверадими? »

Мурожаатда кўрсатилган «Қизбиби» қабристонида ҳам бўлдик. Ташқи тарафдан атрофи темир тўсиқлар билан ўралган. Ички томон эса эътиборга муҳтож. Аҳолининг сўзига кўра, бундан ўн йилча илгари жаноза ўқиш ва қуръон тиловат қилишга мўлжалланиб, тикланиши бошланган пешайвон ҳали-ҳануз битмаган. Тикану бегона ўтлар билан қопланган ғиштлар бундан ўн йилча илгари қандай келтириб қўйилган бўлса, ҳозир ҳам ўша ҳолатда. Қуриган ўт-ҳашаклар оловда ёқиб юборилган.

Маҳалламизда 7 та қабристон бор. Бошқаларида бундай ҳолат кузатилмайди.  Ушбу қабристон йўли 1 км 165 метр узунликдаги йўл. Яқинда қабристон йўлига аҳоли кўмаги билан шағал тўшалди. Қолган муаммоларини аҳоли билан биргаликда, ҳамжиҳатликда тез кунда бартараф этамиз, – дейди маҳалла раиси Нозим Ҳайдаров.

Когон туман Ободонлаштириш бошқармаси йўл бўлими бошлиғи Мурод Аллаберганов қишлоқ аҳолисини ташвишлантириб келаётган носоз ва таъмирга муҳтож ички йўлларнинг таъмирланиши билан боғлиқ масалалар фақат «опен бюджет» орқали бартараф этилишини билдирди. Бу эса одамларнинг эътирозига сабаб бўлди.

– «Опен бюджет»да овоз беришга одам сони етмаса, унда-чи, унда ташландиқлигича қолиб кетаверадими? Ўтган йил қабристон йўлини ўз ҳисобимдан шағаллаштирдим. Ички йўлда эса ташланган шағални ёйиш учун «грейдер» топиб бермадингиз.  Хотиним билан ўғлим ёйди шағални! – дейди Сайфулло Ғайбуллаев асабийлашган кўйи.

Қишлоқнинг бир муаммосини айтиб улгурмай, иккинчи муаммосини ҳам айтиб қолишга улгуришга ҳаракат қилаётган одамларни узоқ тингладик. 

Когонда сув таъминоти учун 33,7 миллион доллар маблағлар ажратилади

«Бухоро сув таъминоти» АЖ Когон шаҳар филиали бошлиғи ўринбосари Илёс Неъматов нафақат «Ўба Чўли» маҳалласи, балки бутун Когон туманини сувлаштириш дастурига киритилганини маълум қилди.

Когон туманини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш бўйича иккита лойиҳамиз бўляпти. Биринчиси – Ислом тараққиёт банки ва ОПЕC Халқаро жамғармаси лойиҳаси доирасида қурувчи ташкилотни аниқлаш мақсадида тендер ишлари ўтказиляпти. Иккинчи лойиҳамиз – Ўзбекистон Республикасм Вазирлар Маҳкамасининг 482-сонли қарори доирасида бўлиб, Когон туманида 138,8 км ичимлик суви тармоқлари тортилади. Иккита сув узатиш иншооти реконструкция қилинади, битта янги сув узатиш иншооти қурилади. Когон туманининг «Ўба чўли» маҳалла фуқаролар йиғинида 36,6 км ичимлик суви тармоқлари янгидан қурилади, – деди Илёс Неъматов.

«Бухоро сув таъминоти» АЖ раҳбари Шоҳруҳали Садиллаевнинг «Xabar.uz»га тақдим этган маълумотига кўра, Осиё инфратузилма инвестициялари банки                                                             иштирокида «Бухоро вилоятининг сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш ва модернизация қилиш» лойиҳаси доирасида дастлабки ҳисоб-китоблар бўйича 33,7 миллион доллар маблағлари асосида «Когон шаҳри ва Когон   туманида сув таъминоти тизимларини қуриш ва реконструкция қилиш» бўйича амалий ишлар бошланади. Бунда Когон шаҳрида 1 та, Когон туманида 2 та сув тарқатиш иншоотини реконструкция қилиш ҳамда 1 та сув тақсимлаш иншоотини қуриш режалаштирилган.  98,0 км масофали ичимлик сув тармоқлари ўтказилади.

138,8 километр масофали ичимлик сув тармоқларини қуриш ва реконструкция қилинади. Когон туманидаги  24 та маҳалласи тўлиқ сувлаштирилади. Бу орқали мавжуд 18435 та хонадоннинг 86899 нафар ахолиси ҳамда шунингдек, Когон шаҳридаги  12 та маҳалласида 18042 та хонадоннинг 99629 нафар аҳолиси ичимлик сув таъминоти яхшиланади, – деди Шоҳруҳали Садиллаев.

Ечим: қилса бўларкан-ку!

Мақола тайёрлаш жараёнида Когон тумани ҳокими матбуот котиби Азиз Қаҳҳоров масъулларнинг Чевар қишлоғи аҳолисини қийнаётган муаммоларни бартараф этишга киришишгани ва қолганлари ҳам босқичма-босқич адо этилишини билдирди.

Маълум бўлишича, табиий газ қувурлари ва счетчик ўрнатиш билан боғлиқ одамларни ташвишлантираётган масалаларнинг бартараф этилиши йўлга қўйила бошлаган. Кадастр масалалари ҳам тез кунларда ўз ечимини топиши билдирилди. «Когонтумангаз таъминоти» бўлими бошлиғи Ҳусен Ҳабибов тез кунлар ичида ҳудудда кадастр масалалари ўз ечимини топгач, бошқа барча хонадонлар ҳам счетчик қурилмалари билан таъминланишини билдирди.

Кўрганингиздек, лўли маҳалласи ички йўллари сифатли шағаллаштирилмаган эди. Куни кеча йўллар грейдер бульдозерлари билан текисланиб, мустаҳкамланди. Таҳририятга миннатдорлик билдирамиз, синглим. Биз учун энг зарури ва ўйлантирадигани – сув масаласи. Хушхабарлар кутамиз! – дейди аҳоли вакиллари.

Мурожаатчиларнинг сўзларига кўра, қишлоқ ички йўлларидаги носозликларни ҳам бартараф этиш ишлари бошланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг