Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Док-1 макс» бўйича суд иши давом этяпти: яна икки киши судга тортилган

«Док-1 макс» бўйича суд иши давом этяпти: яна икки киши судга тортилган

2022 йилнинг декабри ва 2023 йилнинг бошларида Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган «Док-1 макс» дори воситасини қабул қилган болаларнинг (жами 65 нафар) вафот этгани ортидан жиноят иши қўзғатилган ва Тошкент шаҳар судида ушбу жиноий иш кўрилаётган эди.

Ўз навбатида, Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Мусо Юсупов раислик қилаётган мазкур жиноят иши бўйича суд жараёни 2023 йил 1 декабрь куни бир ойга тўхтатилгани маълум қилинган эди. 

Бунга «Док-1 макс» ва «Амбронол» (сироп) дори воситаларини истеъмол қилиб, «ўткир буйрак етишмовчилиги» оқибатида вафот этган 65 нафар бола ўлими билан боғлиқ жиноят ишига алоқадор янги шахслар Давлат хавфсизлик хизмати тергов органи томонидан айблангани сабаб сифатида кўрсатилган. 

Бугун, 5 январ куни бир ойлик танаффусдан сўнг бўлиб ўтган суд мажлисида прокурорнинг қўшимча айблов бўйича хулосаси ўқиб эшиттирилди. 

Маълум бўлишича, илгариги суд мажлисларида 21 нафар судланувчининг иши кўрилаётган эди. Жиноят-процессуал кодексининг 416 - 417 моддаларига асосан суд ажрими билан қўшимча тергов ўтказиш белгиланган. Шунга кўра, тергов органлари томонидан 2 нафар шахс суд терговига тортилиб, судланувчилар сони 23 тага етди. 

Бундан ташқари 21 нафар судланувчининг 17 тасига алоҳида жиноят иши қўзғатилиб, бу иш ҳам судга тақдим қилинди. Шу тариқа иккита жиноят иши бир ишга бирлаштирилди. 

«Дарё» нашрининг ёзишича, мазкур дори воситасидан ногирон бўлиб қолганлар бўйича ҳам жиноят иши қўзғатилган. Нашрга кўра, «Док-1 Макс» сиропи сабаб яна 16 нафар бола оғир, 2 нафари енгил тан жароҳати олгани, 3 нафар бола эса заҳарланиши оқибатида вафот этган. 

Кейинги суд жорий йил 10 январь куни ўз ишини давом эттиради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг