Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Европалик юқори мартабали мулозимлар жосуслик дастури орқали кузатилгани аниқланди

Европалик юқори мартабали мулозимлар жосуслик дастури орқали кузатилгани аниқланди

Фото: FAZ

2021 йили Европа Иттифоқининг бир қатор юқори мартабали мулозимлари Исроилнинг NSO Group фирмаси томонидан ишлаб чиқарилган жосуслик дастури орқали кузатилган. Бу ҳақда Reuters агентлиги суриштирувларида сўз боради. 

Ноқонуний равишда кузатувга олинган арбоблар орасида Европа Иттифоқининг адлия ва қонун устуворлиги бўйича комиссари Дидье Рейндерс ҳам бор. Жосуслик дастури, шунингдек, Европа комиссиясининг камида 4 нафар юқори мартабали мулозими гаджетида аниқланган. 

Амалдорларнинг смартфонларига жосуслик дастури йўллангани Apple корпорацияси огоҳлантиришидан кейин маълум бўлган. Европалик амалдорлар фаолияти қайси давлат ёки ташкилот томонидан ноқонуний равишда кузатилгани очиқланмаган.

2021 йил июль ойида эълон қилинган журналист суриштирувида NSO Group фирмасининг Pegasus дастури Осиё ва Африкадаги бир қатор давлатлар махсус хизмати томонидан мухолиф сиёсатчилар, журналистлар ва инсон ҳуқуқлари фаолларига қарши айғоқчилик мақсадида ишлатилгани маълум қилинган эди. Эҳтимолий инсон ҳуқуқлари бузилиши боис АҚШ расмий идоралари ширкатни қора рўйхатга киритди. Еврокомиссия раисининг ўринбосари Вера Йоурова Исроил жосус дастурини Европада тақиқлаш чоралари кўрилаётганини маълум қилди.

Қайд этилишича, Pegasus айғоқчи дастури мессенжер ёки элекрон почта орқали қурилмага ўрнашади, сўнг телефон сўзлашувларини ёзиб олади, ёзишмаларни кузатади, GPS маълумотларига эга чиқиб, гаджет эгасининг қаерда юрганидан бохабар бўлади.

Аввалроқ смартфонда жосус дастурни топиб берувчи илова ишлаб чиқилгани ҳақида хабар бергандик.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг