Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Жондорда «морфин» иши: тиббиёт мансабдорлари сўроқ қилинмоқда

Жондорда «морфин» иши: тиббиёт мансабдорлари сўроқ қилинмоқда

фото:https://verimed.ru/

Бухоро вилояти, Жондор туман Тиббиёт бирлашмасида гиёҳванд дори воситалари талон-тарож қилинган. «Xabar.uz»га маълум қилинишича, ҳолат Давлат хавфсизлик хизмати Бухоро вилояти бошқармаси ҳамда прокуратура органлари томонидан ўрганилган.

Таъкидланишича, Бухоро вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан тиббиёт муассасаларида гиёҳвандлик ва психотроп воситаларининг қонуний асосда сақланиши ҳамда улардан мақсадли фойдаланилишини таъминлаш бўйича 2024 йилдан ҳозирги даврга қадар вақт мобайнида туман тиббиёт бирлашмасида гиёҳвандлик воситалари билан ишлаш тартиби ўрганилган. 2025 йилнинг январь–июль ойларида Бирлашма реанимация бўлимига ички дорихонадан қабул қилинган баъзи дориларнинг қонуний ҳисоб-китоби ва сарфланиши бўйича етишмовчиликлар кузатилган.

Текширув натижасида 10 ампула «Морфин гидрохилорид», 20 ампула «Фентанил 0,005%», 2 ампула «Промедол 2%» ва 10 ампула «Промедол 1–2%» гиёҳвандлик дори воситалари ноқонуний равишда талон-тарож қилингани маълум бўлган.

«Бундай ҳолатлар, нафақат, тиббиёт муассасаси обрўсига путур етказади, балки, жамият хавфсизлиги ва фуқаролар соғлиғига ҳам жиддий таъсир кўрсатади. Чунки, бу турдаги воситалар фақат шифокор тавсияси асосида, қатъий назорат остида ишлатилиши лозим. Бухоро вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан тиббиёт муассасаларида дори воситалари айланмаси устидан назоратни янада кучайтириш, масъул шахслар фаолиятида шаффофлик ва жавобгарликни ошириш бўйича қатъий чоралар кўрилмоқда. Ҳар бир тиббиёт ходими қонун олдида тенг ва жавобгар эканини унутмаслиги зарур», — дейди ҳуқуқ-тартибот идораси масъули.

Текширув хулосаларига кўра, тиббиёт бирлашмаси масъул ва мансабдор шахсларининг ҳаракатларида гиёҳвандлик воситаларини қонунига хилоф равишда эгаллаш жинояти аломатлари мавжудлиги аниқланган. Шу асосда, тергов органлари томонидан мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 271-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда эгаллаш) 2-қисми «в» ва «д» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Айни пайтда Жондор тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан сўроқ қилиш, юзлаштириш, таниб олиш учун кўрсатиш ва бошқа тергов ҳаракатлари амалга оширилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг