Метродаги саргузаштлар. Суратга олиш мумкинмиди ўзи?!
Яна бир ажойиб тонг отди. Миллионлаб юртдошларим сингари ишга отландим. Пойтахтнинг «Чилонзор» метро бекатига тушиб поездга чиққанимда, куни кеча сайтимизда метрополитен ҳудудида суратга олиш тақиқлангани бекор қилинган бўлса-да, ҳануз ички ишлар ходимлари суратга олишга рухсат бермаётганлари, олинган суратларни ҳам ўчиртириб ташлашаётгани ҳақидаги хабар ёдимга тушди.
Бу рост ёки ёлғонлигини билишнинг айни вақти эмасми? Метрода бўлсам, фотоаппаратим бўлмаса-да, телефоним бор. Шу хаёл билан «Мустақиллик майдони» бекатига келдим. Телефонни чиқардим ва бир нечта суратлар олдим. Ички ишлар ходими ё кўрмади, ё кўрмаганга олди, ёки ҳақиқатан ҳам метрополитен ҳудудидаги бу чеклов бекор қилинган.
Кейинги чиройли бекат «Алишер Навоий»!
Энди ҳаракатларим анча эркинлашди. Бўларкан-ку! Тошкент метрополитени нафақат йўловчи ташиш тизими, балки унинг ҳар бир бекати дурдона санъат асарлари мажмуаси. Буни яшириш эмас, аксинча, кўз-кўз қилиш керак. Ҳар бир йўловчи, айниқса узоқдан келган меҳмонлар суратга олсин ва яқинларига кўрсатсин. Тайёр реклама-ку бу. Метрополитен ҳам кичик бир шаҳар, унинг ҳам туристик салоҳияти бор. Ҳар бир кишининг таассуроти кейинги ташриф буюрувчини чорлаши лозим. Метрополитен ҳамон давлат дотациясида ишлаётганини ҳисобга олсак, йўловчилар сонининг оширилиши зарар қилмайди ахир.
Хуллас «Алишер Навоий» бекатининг муҳташам залини қамраб олган телефоним тугмасини босган чоғимда ортимдан ўзи нотаниш бўлса-да, оҳанги таниш овоз эшитилди:
— Ока, тўхтанг!
Қаршимда кутилганидек ички ишлар идорасининг кўркам ходими намоён бўлди. У одатига кўра шахдам қадамлар билан қаршимга келди ва «честь» берди.
— Серик Бекмуродов, бу ҳудудда суратга олиш мумкин эмас!
— Нега мумкин эмас экан?
— Метрополитендан фойдаланиш қоидаларининг 5.11-бандига кўра.
— Кўрсата оласизми шу бандни?
— Марҳамат, юринг.
Юқорига кўтарилдик. Серик менга кўплаб қоидаларни жамлаган улкан стендни кўрсатди. Унда ҳақиқатан ҳам 5.11-банд бор, бандда «Метрополитен маъмуриятининг рухсатисиз видеоёзувчи ва бошқа мобил-электрон (мобил телефон, смартфон, планшет ва бошқалар) орқали кино – фотосуратга олиш, фойдаланиш, шунингдек товуш чиқарувчи бошқа техникадан, магнитофон, радиоприёмник эшитиш мосламалари билан, ёки уларсиз, ҳамда чолғу асбобларидан фойдаланиш, жамоат тартибига хавф солувчи омилларни келтириб чиқариш» тақиқланади дея аниқ-тиниқ ёзиб қўйилган.
Метрополитен ичида қандай қилиб радиоприёмник эшитиш мумкинлигини, чолғу асбобларидан фойдаланиш орқали жамоат тартибига хавф солувчи омиллар қай тартибда туғилишини бир четга суриб, айнан ўзимизга тегишли қисмига изоҳ бердим ва ҳужжатимни кўрсатдим:
— Бу тақиқ бекор қилинган-ку. Шу йилнинг 7 февралида Халқаро пресс-клуб Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раҳбари Азиз Абдуҳакимов билан бирга уюштирган матбуот анжуманида бу расман эълон қилинди. Ўзим шу анжуманда қатнашган ва мақола ёзган эдим. Билишимча, Тошкент шаҳар ҳокимининг бу чекловни бекор қилиш бўйича қарори ҳам қабул қилинган.
— Ока, биз буйруққа бўйсунамиз. Бизга ҳали бунақа буйруқ етиб келмаган.
— Ахир бу анжуман ўтганига ҳам икки ой бўлди. Наҳот сизлар ҳалиям бундан бехабар бўлсангиз?
— Билмадим, биз белгиланган буйруқни бажарувчи ходиммиз. Агар суратларни ўчирмасангиз бошлиғимизга киришимизга тўғри келади.
— Бир фикрга келмагунимизча суратларни ўчирмайман.
— Юринг хонага.
Бурчакдаги чоғроққина хонага кирдик (шу хонага киришда бекатлар ичида ҳам яна пастга тушиб кетувчи зиналар борлигини кўрдим). Барваста йигит ўрнидан туриб саломлашди. Таништиришича, сафдор Иззатулла Исматов, ички ишлар ходимларининг бекат бўйича раҳбари экан.
— Ака, нима муаммо? — сўради у.
— Муаммо йўқ, ходимингиз телефонимдаги бекат суратини ўчириб ташлашимни талаб қилмоқда.
— Ортиқча ҳаракат қилмадими, қўпол сўз ишлатмадими?
— Йўғ-е, ягона талаби шу.
— Ходимимиз тўғри талаб қилган. Телефонингизни беринг, суратларни ўчириб ташлайлик.
Иккимиз баҳснинг иккинчи раундини ўтказдик. Қизиғи, бу хонанинг деворида ҳам юқоридаги тақиқлар кўрсатилган стенд ўрнатилган экан. Тортишувда яна бир фикрга кела олмадик. Асос шу, буйруқ келмаган, демак, мумкин эмас!
— Телефонингизни беринг, текширишим керак.
— Телефон шахсий мулким, буни текшириш учун асос керак.
— Мен фақат метрополитенга жавоб бераман. Тегишли суратларни кўраман ва ўчириб ташлайман. Балки сиз туннелни суратга олгандирсиз.
— Қаерларни суратга олганимни ўзим тан олиб турибман-ку.
Раҳбар барибир раҳбар-да, Иззатулла укамиз баҳсга узил-кесил нуқта қўйишга аҳд қилди ва ички телефон гўшагини кўтарди:
— «Навоий»дан сафдор Исматовман! Бир йўловчи билан тушунмовчилик бўлаяпти. Журналист экан. Олган суратларини ўчиришни истамаяпти. Тақиқ бекор қилинмагани тўғрисидаги ҳужжатни жўната оласизми ёки янаям яхшиси ўзингиз келиб тушунтиринг. Хўп, кутаман.
— Менга ҳам рухсат берсангиз, алоқа йўқлиги учун бир ташқарига чиқиб келсам, телефонимда бу мавзудаги маълумотларни олиб қайтаман.
— Йўқ, озгина сабр қилиб туринг.
Сабр қилиб турдим. Орадан ярим соатча вақт ўтди. Атрофимга қарадим, бу тузуккина масала шекилли, кичкина хонада мени кузатиш учун роса беш нафар ички ишлар ходими тўпланибди. Йигитларнинг ҳаммасининг кўзи менда, бир-иккитаси эшикдан кириб-чиқиб туришибди. Уларга юзландим:
— Укалар, мен қочиб кетмайман, биз шунчаки масалага ойдинлик киритаяпмиз. Сизларни хизматларингиздан қолдирмай.
— Ака, биз ўзи навбатчиликни топширмоқчи эдик, кетаётганимизда шу масала чиқиб қолди. Ўзи ҳар куни шу муаммо кўтарилади. Суратга туширишади, биз ўчиртириб ташлаймиз. Йўловчилар тақиқ бекор бўлгани эълон қилинганини рўкач қилишади. Ойдинлик киритилса бизга ҳам яхши.
— Ахир меҳмонлар не умидлар билан келиб суратга тушишади.
— Тўғри, лекин яна ўша гап, биз буйруққа бўйсунамиз.
Вақт ўтаверди. Мен телефон қилишга рухсат сўрадим. Аммо ички телефондан шаҳарга чиқиб бўлмас экан. Ўз телефоним ишламайди. Алоқа йўқ, ҳақлигимни исботлаш учун интернет титкилашим керак. Бетоқат бўла бошлаганимни кўриб пост раҳбари яна қўнғироқ қилди ва суҳбатлашди:
— Ҳозир ўзлари қўнғироқ қилишаркан.
Тахминан беш дақиқа ўтиб, ниҳоят масалага аниқлик киритувчи, тарозининг қайсидир палласини босиб кетувчи қўнғироқ бўлди. Гўшакни менга беришди.
— Метрополитен навбатчиси, майор Рустам Турсуновман. Нима муаммо?
— Муаммо йўқ. Нима бўйича баҳслашаётганимизни эшитгандирсиз.
— Ҳа, эшитдим. Тақиқ бекор қилингани бўйича буйруқ чиққан. Лекин ҳали ҳамма жойга етказилмаган экан. Суратларингизни ўчирмаслигингиз мумкин.
— Буйруқ айнан қачон бекор бўлганини айта оласизми?
— Ҳозир ёнимда ҳужжатлар йўқ эди. Аброр ака, йигитлар қўполлик қилишмадими?
— Йўқ, асло.
— Юзага келган вазият учун узр сўраймиз.
— Катта раҳмат!
Қайд дафтарини тутқазишди. «Ички ишлар ходимларига эътирозим йўқ. 2018 йил 5 апрель» дея ёзиб, имзо чекиб бердим. Йигитлар мени кузатиб қўйишди.
Буйруқ қаерлардадир қолиб кетгани, унинг ортидан тушган, вақтида эълон қилмаган одам йўқлиги, бу билан ҳатто ҳеч ким қизиқмаганини ҳам унутдим. Вазият ниҳоят узил-кесил ойдинлашди!
Алоҳида таъкидлашим шарт: ички ишлар ходимлари мен билан жуда хушмуомала бўлишди, бирорта ортиқча гап сўзламадилар. Бу ҳам уларнинг муомала маданияти юксалаётганидан, мазкур масала юзасидан алоҳида иш олиб бораётганидан далолат. Барака топишсин!
Ўз пойтахтингга вилоятдан келиб, елкангни қисибгина қўрқа-писа телефонини чиқарган укам — кўкрагингни кериб суратга туш ва дўстларингга кўрсат! Энди бу мумкин.
Қоматини ва юзини андак қийшайтириб селфи тушишни ёқтирадиган гўзал қиз — шундоқ гўзал тасвирлар фонида суратга тушинг ҳамда ўзбек гўзалининг қиёфасини яратинг! Энди бу мумкин.
Хориждан келган ва метрополитенимиздаги ажойиб композициялардан ҳайратланган сайёҳ — уларни фотоаппаратингизга муҳрланг ҳамда Ўзбекистон халқининг ижодкорлиги, санъатини бутун дунёга кўз-кўз қилинг! Энди бу мумкин.
Тошкент метрополитенининг «Чилонзор», «Мустақиллик майдони»
ва «Алишер Навоий» бекатларидан «Хabar.uz» учун махсус.
Суратлар уяли телефонда олинган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter