Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Путиндан Европанинг “ўтакасини ёрувчи” навбатдаги ҳаракат

Путиндан Европанинг “ўтакасини ёрувчи” навбатдаги ҳаракат

Путин “Запад-2025” ҳарбий машқларида.

Фото: ТАСС

Россия президенти Владимир Путин НАТО, хусусан, Европа давлатларининг хавфсизлигига таҳдид туғдирувчи, таъбир жоиз бўлса, уларнинг ўтакасини ёрувчи қалтис ҳаракатларда давом этмоқда. АҚШ мудофаа вазирлиги жосуслик бошқармаси собиқ ходими Ребекка Коффлер “The Telegraph” нашрида чоп этилган мақоласида Кремлнинг хатарли ҳаракатларини таҳлил этган.

Жорий йил 12-16 сентябрь кунлари Россия Беларусь билан ҳамкорликда “Запад-2025” стратегик ҳарбий ўқувини ташкил этди. Ҳарбий разведка бўйича таҳлилчи Ребекка Коффлернинг ёзишича, Россия армияси мазкур машғулотларда тактик ядро қуролини ишга солишни ҳам машқ қилди. Жараёнга ҳарбий формада кийган Путин бошчилик қилди.

Таъкидланишича, Россия ҳам, Ғарб ҳам ядро урушини истамайди, аммо тобора қалтис тус олаётган вазият ядро уруши эҳтимоли ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ эканидан далолат беради.

“Россияликлар ҳарбий машғулотлар доирасида мунтазам равишда ядро қуроли орқали зарба беришни машқ қилмоқда. Путин (машғулотларда) ядро қуроли тугмасини босмоқда. Негаки, россияликлар ўз етакчилари ушбу ҳаракатга тайёр бўлишини исташади. Бу – Совет давридан орттирилган муҳим сабоқ маҳсулидир. Айтишларича, 1972 йилда (СССР бош котиби) Леонид Брежневдан АҚШ билан эҳтимолий уруш машқ қилинган қўмондонлик-штаб ўқувида (ядро қуроли) тугмасини босиш сўралганида, унинг қўли қалтираб кетган экан”, – деб ёзади Р.Коффлер.

Сўнгги вақтларда Россия НАТО давлатларига нисбатан ҳарбий провокациялар уюштираётгани айтилмоқда.

Яқинда Россиянинг МиГ-31 қирувчи учоғи Эстония ҳаво ҳудудида 12 дақиқа давомида бўлгани хабар қилинганди.

Икки ҳафта аввал эса Россиянинг 20 га яқин дрони Польша ҳудудини бузиб кирган. Финляндия, Латвия, Литва, Норвегия ва Руминия ҳаво ҳудуди ҳам шу тариқа бузилган.

Ушбу ҳодисалар ортидан НАТО берган баёнотда Эстония ва бошқа иттифоқчи давлатлар ҳаво ҳудудини бузганлик учун тўлиқ жавобгарлик Россия гарданида экани таъкидланган.

“НАТО ва унинг иттифоқчилари ўз-ўзини мудофаа этиш ва ҳамма йўналишларда ҳар қандай таҳдидларга жавоб бериш учун барча ҳарбий ва ноҳарбий чораларни ишга солишига Россия шубҳаланмаслиги керак”, – дея Кремлни провокацион ҳаракатлардан тийилишга чақирган НАТО раҳбарияти.

Кейинги пайтларда Россия раҳбарияти ва олимлари ядро қуроли ишга солиниши ҳақида гоҳ ошкора тарзда, гоҳ ишоралар билан баёнотлар бериб келмоқда.

2022 йил 27 февраль куни, Украина урушидан бир неча кун ўтгач, Путин мудофаа вазирлигига ядро қуролига алоқадор кучларни ҳарбий навбатчиликнинг махсус режимига ўтказиш ҳақида буйруқ берган эди. Мазкур таҳдидли баёнот ортидан эҳтимолий ядро зарбаси хусусида муҳокамалар қизғин тусга кирди.

Путин 2022 йил сентябрь ойидаги мурожаатида мамлакат ҳудудий яхлитлиги таҳдид остида қолса, Россия ядро қуролидан фойдаланиши ҳақида гапирган.

Россия раҳбари 2024 йил 29 февраль куни мамлакат парламентига йўллаган мурожаатида ташқи сиёсатга доир масалалар ҳақида гапиратуриб, ядро қуроли шай ҳолатда эканига ҳам шаъма қилган эди.

АҚШ Марказий разведка бошқармаси раҳбари Уильям Бёрнс Путин Украинадаги муваффақиятсиз ҳарбий ҳаракатлар ортидан ядро қуролини ишга солиши мумкинлиги ҳақида баёнот берган.

Россиялик айрим сиёсатшунослар Ғарб мамлакатлари “ақлини киргизиш” учун намойишкорона ядро портлашини амалга оширишни таклиф қилгани ҳам маълум.

Россиянинг НАТОга эҳтимолий ҳужуми мавзуси ҳам тобора фаол муҳокама этилмоқда.

Путин ҳарб майдонида Украинани мағлуб этгудек бўлса, НАТОга қарши уруш очади, деб ҳисоблайди хавфсизлик бўйича Мюнхен халқаро конференцияси раҳбари Кристоф Ҳойсген.

Аввалроқ Америкадаги Урушни тадқиқ қилиш институти (ISW) Болтиқбўйи мамлакатлари Кремлнинг Украинадан кейинги нишони бўлади деган тахминни илгари сурган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг