Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Рамзан Қодиров бир ўлимдан қолди

Рамзан Қодиров бир ўлимдан қолди

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Туркиянинг Муғла вилояти Бодрум шаҳрида, Эгей денгизи соҳилида дам олиш чоғи чўкиб кетишига бир бахя қолди.

Туркия матбуотининг хабар беришича, ҳодиса Қайнар туманидаги беш юлдузли меҳмонхона ҳудудида рўй берган.

Чўмилиш учун сувга тушган Рамзан Қодиров қўққис ҳушини йўқотган ва чўка бошлаган. Соҳил қўриқчилари ҳамда меҳмонхона ходимлари ҳолатдан хабар топиб, зудлик билан Чеченистон раҳбарини қутқаришган. Беморга биринчи ёрдам кўрсатилган ва у хусусий клиникага олиб борилган.

Тиббий кўрик ва кўмакдан кейин унинг ҳолати ижобий баҳоланган.

Чеченистон ҳукумати ҳодиса юзасидан изоҳ бермаган.

Рамзан Қодировнинг Телеграмдаги расмий саҳифасида ҳам бу борада бирор пост чоп этилмаган.

48 ёшли Рамзан Қодиров 2007 йилдан буён Чеченистонга раҳбарлик қилиб келади. Чечен уруши даврида аввал мустақиллик учун курашган, кейин эса Россия тарафига ўтган Қодиров зиддиятли шахс ўлароқ баҳоланади.

Сўнгги йилларда Рамзан Қодировнинг саломатлиги масаласи бот-бот муҳокама этилмоқда. Жумладан, 2023 йилда Украина разведкаси Қодиров сурункали касалликларнинг кучайиши туфайли оғир аҳволда экани ҳақида хабар тарқатганди. 

Қодировнинг ўзи тузалмас касалликка чалингани ҳақидаги мишмишларни бир неча бор рад этган.

Жорий йил май ойида Қодиров яна кутилмаганда Россия раҳбариятидан уни лавозимидан озод этишларини сўраганини айтди.

«Euronews»га кўра Рамзан Қодиров Россия президенти Владимир Путиндан ўз ўрнини 17 ёшли ўғли Адам эгаллашини сўраган. Аммо Путин бу сўровга қарши чиққан.

«Новая газета. Европа» Рамзан Қодиров ошқозон ости бези некрози хасталигига чалингани ва унинг саломатлиги ёмонлашиб бораётгани ҳақида ёзган. Нашр Қодировнинг эҳтимолий вориси сифатида «Аҳмад» чечен махсус бўлинмалари қўмондони,  генерал-майор Апти Алаудиновни кўрсатган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг