Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Расул Кушербаев «Чорвоқ»да скутерларни чеклашни таклиф қилмоқда

Расул Кушербаев «Чорвоқ»да скутерларни чеклашни таклиф қилмоқда

«Чорвоқ»да фуқаро сув устида скутер бошқарувини йўқотиб одамлар ўлимига сабаб бўлгани хабар қилинганди.

Сув омборидаги аянчли воқеа, давом этаётган тартибсизлик натижаси, дейиш мумкин — қайд этди Экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев.

«Афсуски, асосан ичимлик суви сифатида фойдаланиладиган Чорвоқ сув омборидаги сув захираларига нисбатан салбий муносабат сабаб сувни ифлослантирувчи бензин ва мойда ҳаракатланувчи сузиш аппаратлари(скутер)дан фойдаланиш тўхтамаяпти.

Бу ўз ўрнида пойтахт ва вилоят аҳолисини ичимлик суви билан таъминлайдиган сув захираларининг ифлосланишига сабаб бўлмоқда. Камига бугунгидек, одамлар ўлими билан боғлиқ ходисаларга ҳам олиб келмоқда.

Бугунги фожеа учун масъулият ва жавобгарлик тўлиқ «Чорвоқ» эркин туристик зонаси дирекцияси ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигида. Назоратсизлик ва масъулиятсизлик шу оқибатга олиб келган.

Шу боис, экология вазирлиги раҳбарияти ва жамоаси қуйидагиларни таклиф этади:

Биринчидан, Чорвоқ сув омбори ҳудудидаги моторли қайиқ, скутер ва сувни ифлослантирувчи бошқа сузувчи аппаратлардан фойдаланишни таъқиқлаш ва фақат электрли сузиш аппаратларидан фойдаланишга рухсат бериш;

Иккинчидан, Чорвоқ сув омбори ҳудудидан фойдаланаётган барча сузувчи аппаратларни инвентаризациядан ўтказиб, фаолияти қонунийлигини ўрганиш;

Учинчидан, Чорвоқ сув омбори ҳудудидаги барча сувни ифлослантирувчи аппаратлардан фойдаланиш чекланиб, атроф тартибга келтирилгунга қадар, сув омбори сувида сузиш ва дам олиш хизматлари кўрсатишга қарши мораторий жорий этиш.

Тўртинчидан, Чорвоқ сув омбори ва атрофини экологик тоза сақлаш учун ташриф буюрувчилар белгиланмаган жойга чиқинди ташлаганлиги, сувни ислослантирганлиги учун жарима миқдорларини энг камида 1000 АҚШ доллари эквиваленти миқдоридан кам бўлмаган суммага қадар ошириш. Тозаликка риоя қилмаган тадбиркорлик субъектларини ушбу ҳудудда фаолият кўрсатиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш;

Бешинчидан, Чорвоқ сув омбори ва унинг атрофини экологик тоза алоҳида мақомли назорат ҳудудига айлантириш.

Ушбу чоралар атроф муҳитни экологик тоза сақлаш билан бирга, аҳолини барқарор тоза ичимлик суви билан таъминлашга хизмат қилади», дейди Р.Кушербаев.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг