Саудия мудофаа вазири подшоҳлик Россияни қўллаб-қувватлаётгани ҳақидаги хабарларни рад этди
Cаудия Арабистони мудофаа вазири, шаҳзода Холид бин Салмон подшоҳлик Украина билан ихтилофда Россияни қўллаб-қувватлаётгани ҳақидаги айбловларни рад этди.
«Биз подшоҳлик Украина билан урушда Россияни дастаклаётгани хусусидаги айбловлардан таажжубдамиз. Эътиборга молик жиҳати, бундай ёлғон айбловлар Украина ҳукумати томонидан илгари сурилгани йўқ», – деб ёзди вазир Twitter тармоғидаги расмий саҳифасида.
Холид бин Салмон фикри тасдиғи сифатида Украина президенти Владимир Зеленскийнинг мамлакат ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаётгани учун подшоҳлик раҳбариятига ташаккур мазмунидаги постини ҳам илова қилган.
Гап шундаки, жорий йил 5 октябрь кун Нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти (OPEK+) томонидан қора олтин қазиб олишни суткасига 2 млн баррелга тушириш ҳақида қарор қабул қилинди. Бунинг ортидан OPEK+, жумладан, Саудия Арабистонига нисбатан расмий Москвани дастаклаш айби илгари сурилди.
Cаудия мудофаа вазирига кўра, нефть қазиб олиш ҳажмини камайтириш қарори фақат иқтисодий сабабларга кўра қабул қилинди.
«Эрон ҳам OPEK аъзоси саналади. Демак, подшоҳлик Эронни ҳам қўллаб-қувватламоқдами?» – дея савол қўяди Саудия вазири.
Аввалроқ Саудия ташқи ишлар вазирлиги ҳам ушбу масалада баёнот бериб, қора олтин қазиб олиш кўрсаткичининг пасайтирилиши жаҳон бозорида барқарорликни таъминлаш ва долғаларнинг олдини олиш учун кўрилган чора эканини маълум қилган.
Расмий Риёз OPEK+ қарорини АҚШга қарши сиёсий чора ўлароқ талқин этилишини танқид қилган. Баёнотда нефть қазиб олишга доир қарор халқаро ташкилот аъзолари томонидан бир овоздан маъқуллангани эслатиб ўтилган.
Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 20 сентябрь куни Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон подшоҳлик Украина инқирозини сиёсий йўл билан ҳал этиш учун халқаро саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини яна бир карра тасдиқлаган.
21 сентябрь куни Саудия воситачилигида Россия–Украина урушида асир олинган 10 нафар чел эл фуқароси озод қилинган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter