Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сурия: жин кўзадан чиқди...

Сурия: жин кўзадан чиқди...

Мухолиф ҳаракат Ҳалаб шаҳрида.

Фото: AP

Суриянинг Иордания билан чегарадош Даръа шаҳри ҳам президент Башар Асад қўлидан кетди. Ҳукумат кучларига қарши курашаётган мухолиф гуруҳлар аёвсиз жанглардан кейин  қадимий шаҳар устидан назорат ўрнатган.

Даръа шаҳри стратегик аҳамиятга эга. 2011 йилда Асад маъмуриятига қарши исён ҳам айни шу шаҳардан бошланган эди.  2012-2018 йилларда мухолифат назоратида бўлган шаҳарни Асад маъмурияти Эрон ва Россия кўмагида яна қайтариб олганди. Олти йил ўтиб, мухолифат яна бир бор шаҳар устидан назорат ўрнатишга муваффақ бўлди.

Сўнгги кунларда Суриянинг Иордания билан чегарадаги Насиб ўтказиш пункти ҳам мухолифат илкига ўтган.

Охирги икки ҳафта давомида Суриядаги вазият яна дунё ҳамжамияти эътиборига тушди. 27 ноябрь куни аксилҳукумат гуруҳлар Асад маъмурияти назоратидаги Ҳалаб шаҳрига ҳужум бошлади. 30 ноябрь куни Ҳалабнинг катта қисми ва Идлиб ҳудуди мухолифат назоратига ўтди.

Қаршилик гуруҳлари 5 декабрь куни Ҳама шаҳрини ҳам тортиб олди.

Айни пайтда мухолиф қуролли гуруҳлар Суриянинг учинчи йирик шаҳри – Ҳомсни эгаллашга уринмоқда. Ҳомс Суриянинг маданий пойтахти бўлиб, у ерда Рим, Византия, Умавийлар, Аббосийлар, Усмонийлар каби катта империяларнинг осори атиқалари сақланиб қолган.

Транспорта ва логистика нуқтаи назаридан ҳам катта аҳамиятга эга Ҳомсга эгалик қилиш минтақадаги йирик нефть ва газ қувури устидан назоратни ҳам англатади.

Ҳомс мухолифат қўлига ўтса, Башар Асад ҳукуматининг сўнгги истеҳкоми пойтахт Дамашқ сари йўл очилади. Қолаверса, Асад армияси Россиянинг қуруқлик ва денгиз ҳарбий базалари жойлашган Тартус ва Латакия муҳофазаларидан (вилоятлари) узилиб қолади.

Манфаатлар тўқнашган ҳудуд

Суриядаги аксилҳукумат ҳаракатда Ҳаят Таҳрир аш-Шом гуруҳи муҳим ўрин тутади. Мазкур гуруҳ етакчиси Абу Муҳаммад Жулоний CNN телеканалига берган интервьюсида аксилҳукумат кучлари коалициясининг асосий мақсади президент Башар Асадни ағдариш ва халқ томонидан сайланган кенгаш асосида ҳукумат яратиш эканини айтди.

Айни вақтда Сурия миллий армияси гуруҳлари ҳам ҳаракат қилмоқда. Туркия томонидан молиялаштирилиши айтиладиган СМА асосан Асад армияси ва курд гуруҳларига қарши курашмоқда.

Сурияда, шунингдек, АҚШ томонидан дастакланадиган курд қуролли гуруҳлари мавжуд. Асосан Фурот дарёсининг шарқий қисмларида назорат ўрнатган мазкур гуруҳлар сўнгги кунларда Асад маъмуриятидан Дайр аз-Зор минтақасини тортиб олди. 

Сурияни кимлар назорат қилмоқда? Фото: Al Jazeera

Россия ва Эрон шамсиясидан фойдаланиб келган Башар Асад маъмурияти назоратидаги ҳудудлар эса кун сайин қисқариб бормоқда.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон мухолиф ҳаракатни очиқ қўллаб-қувватлаган ҳолда, Ҳалаб ва Ҳама шаҳарларидан бошланган юриш Дамашққа қадар давом этишига умид билдирган.

Қўшни араб монархиялари Асад маъмуриятини хушламайди. Бинобарин, Сурияда 2011 йилда фуқаролик уруши бошланганида ҳам араб тождорлари Асад режимини ағдариш учун кўп уринди. Аммо кейинги йилларда улар ҳам мажбурият тақозосига кўра Асад маъмуриятини тан олди. Суриянинг Араб давлатлари лигасидаги аъзолиги қайта тикланди. Сирасини айтганда, араб монархиялари Асад маъмуриятини ёқтирмайди, айни чоқда, унинг қулашини ҳам у қадар хоҳламайди. Чунки улар мухолиф исёнкор ҳаракат домино эффекти каби бутун Яқин Шарққа ёйилишидан хавотирда.  Араб давлатлари гарчи Асад маъмуриятини дипломатик майдонда дастаклаётган бўлса-да, Дамашқнинг ҳарбий кўмак сўровини қондиргани йўқ. Таҳлилчилар фикрича, улар чўкаётган кемани қутқаришни имконсиз ва фойдасиз юмуш деб билади.

Ғазо сектори ва Ливанда минглаб одам ўлимига сабаб бўлган Исроил раҳбарияти эса Суриядаги вазиятни синчковлик билан кузатиб бораётгани, “зарурат туғилса” вазиятга аралашишига ишора қилган.

Кўриниб турибдики, кўҳна Шом заминида айни пайтда Россия, Эрон, Туркия, АҚШ, Исроил ва араб давлатлари манфаатлари тўқнаш келмоқда. 

Сурия ҳукуматининг икки яқин дўсти

Сурия – Эрон ва Россия учун фавқулодда муҳим аҳамиятга эга иттифоқчи саналади.

Маълумотларга қараганда, Теҳрон Сурияда қуролли зиддиятлар бошланганидан буён Асад режимини дастаклаш учун 30 миллиард доллардан зиёд кўмак берган. Эрон учун Сурияда шиа мазҳабидаги маъмуриятнинг ҳокимиятда қолиши геосиёсий жиҳатдан муҳим. Чунки Асад режими Эроннинг Сурия, Ливан, Ироқдан ташкил топган қаршилик ўқида ҳал қилувчи бўғин ҳисобланади.

Асад ҳокимиятининг қулаши ва давлат тепасига мухолифатнинг келиши Эрон учун жуда катта йўқотиш бўлади. Энг камида, Теҳрон Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатига қурол етказиш каналидан айрилади. Геостратегик зарар кўлами эса янада катта бўлиши шубҳасиз.

Россия учун ҳам Асад ҳокимиятини сақлаб қолиш геосиёсий аҳамиятга эга вазифадир. Аслида, Дамашқ ва Москва дўстлиги амалдаги президентнинг отаси Ҳофиз Асад (1971–2000) давридан бери мустаҳкам.

Исёнчилар Ҳофиз ва Башар Асадни улуғловчи рамзларни йўқ қилмоқда. Фото: AFP

Россиянинг Яқин Шарқдаги ягона ҳарбий базаси айнан Сурия ҳудудида жойлашган. Москва Суриянинг Хмеймим аэродроми  ва Тартус портидан авиация ва ҳарбий-денгиз базаси сифатида фойдаланади. 2016 йилда Хмеймимда 20 дан зиёд жанговар учоқ ва 10 га яқин вертолёт бўлган. Тахминларга кўра, президент Путин ҳамкасби Асад ҳокимиятини сақлаб қолиш учун 2015 йилда 4000 га яқин қўшимча аскар юборган.

2022 йилда Украинага қарши босқинчилик уруши бошлангач, Россия Сурия ҳудудидаги ҳарбий контингент ва техникани қисқартириб, Киев фронтига сафарбар қилишга мажбур бўлган.

Сўнгги кунларда Россия Тартус портидаги ҳарбий кемаларини ҳам олиб чиқиб кетган.

Асад режимининг қулаши Россиянинг Яқин Шарқдаги ягона ҳарбий базасидан маҳрум бўлишига олиб келиши мумкин. Бу эса Кремлнинг нафақат Ўрта ер денгизи, Африка мамлакатларига ҳам сув йўли орқали ҳарбий ва техник воситаларни етказишини савол остида қолдиради.

Россия Асаддан юз ўгирдими?

Сурияда вазият қалтислашиб, мухолиф ҳаракат Ҳалаб остонасида турган пайтдаёқ Башар Асад ошиғич равишда Москвага бориб Путиндан кўмак сўрагани маълум.

Жаҳон матбуоти хабарига кўра, Россия раҳбарияти Асад маъмуриятига ҳарбий кўмак чекланган миқдорда бўлиши, чунки ҳозирги паллада Кремль учун Украинадаги уруш устувор ўрин тутишини маълум қилган. 

Bloomberg агентлиги ҳам Кремлдаги манбаларига таяниб, Россиянинг Асад ҳокимиятини сақлаб қолиш бўйича аниқ режаси йўқлиги ҳақида ёзган. 

Путин бу гал Асадга ёрдам бера олмайдиганга ўхшайди. Фото: Кремль матбуот хизмати

Қайд этилишича, Россия армияси Украина урушида анча ҳолдан тойган. Шу сабаб Путин иттифоқчиси Асадга 10 йил аввалгидек кўмак бера олмайди. Россия айни пайтда исёнчиларга чекланган миқдорда авиазарбалар бермоқда, холос. Россия элчихонаси “мураккаб ҳарбий-сиёсий вазият туфайли” россияликларни Сурияни тарк этишга чақираётгани ҳам Москва Шом заминидаги зиддиятларга бундан ўн йил олдингидек фаол аралаша олмаслигини кўрсатмоқда.

Ҳозирги паллада Москва Дамашққа кўмак бериш учун кўпроқ дипломатик воситаларни ишга солишга уринмоқда.

Асад маъмуриятининг дўсти бўлмиш Эрон ва “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати сўнгги ойларда Исроил билан ҳарбий зиддиятларда анча йўқотишларга учради. Вазият мушкул ва мураккаб бўлишига қарамай, Теҳрон Сурияга аскар юборилиши ҳақида баёнот берди. Аммо аскарлар сони ва кўлами ҳозирча очиқланмади. 

Асад ҳокимияти қуламоқдами?

Cурияни 2000 йилдан бери идора этиб келаётган Башар Асад исёнчи гуруҳларнинг мамлакат шимолида олдинга силжиши юзасидан берган баёнотида ўз армияси қарши ҳужумга тайёргарлик кўраётганини таъкидлаганди.

Аммо ўтган ўн кун давомида армия фақат ортга чекинмоқда. Йирик шаҳарлар бирин-кетин қўлдан кетиши манзарасида 2011 йилда бошланган фуқаролар урушида даврида ўн минглаб инсон қони эвазига ҳокимиятни сақлаб қолган Башар Асад бу гал ағдарилиши ҳақида тахминлар янграмоқда. Айрим ОАВ Асад ўз оиласини аллақачон Россияга юборгани, ўзи ҳам қочишга шай тургани ҳақида фаразларни эълон қилди.

Сурияни тадқиқ этишга ихтисослашган “Умран” стратегик таҳлил маркази турк таҳририяти директори Умар Озкизилжикнинг фикрича, Асад маъмуриятининг тақдири Остона, Женевадаги дипломатик музокараларда эмас, балки жанг майдонида ҳал бўлади. 

Таҳлилчига кўра,  Асад армиясида аскар етишмаяпти. Иқтисодий тақчиллик ҳам кучайган. Мухолиф ҳаракат эса Сурия армиясига қарашли кўплаб ҳарбий техникани қўлга киритишга муваффақ бўлган. Бундай вазиятда Асад ҳокимиятини сақлаш қолиш ўта мушкул кечади, деб ҳисоблайди у.

13 йилдан буён давом этаётган уруш тамаддун ўчоғи бўлган мамлакатни вайронага айлантирди. Фото: Reuters

Бир муддат тин олган жафокаш Сурия ўлкаси яна уруш домида. Жин кўзадан аллақачон чиқди! Ўн уч йил аввал бошланган фуқаролар уруши туфайли мамлакатнинг 20 миллион аҳолисидан 13 миллиони чет элларга ёки бошқа вилоятларга бош олиб кетишга мажбур бўлди. 115 мингдан 300 минг нафарга қадар суриялик ҳалок бўлди. Афсуски, янги уруш тўлқини яна инсоний талафотлар ва вайронагарчиликларга олиб келиши тайин. Минтақада геосиёсий ўйин олиб бораётган йирик сиёсий кучларни эса инсоний фожиалар кўп-да ташвишга солмайди.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳам хунрезликни тўхтатишни талаб қилмоқда. Бир замонлар тамаддунлар чорраҳаси бўлган Суриянинг хомталаш этилиши – пароканда қилинишига томошабин бўлиб туриш жуда оғриқли, дейди БМТ бош котиби.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг