Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Янги боғ, янги мактаб, янги стадион - Бухородаги янги марказ ҳақида батафсил

Янги боғ, янги мактаб, янги стадион - Бухородаги янги марказ ҳақида батафсил

Бухоро шаҳрида барпо этилиши режалаштириб келинаётган «Боқий Бухоро» тарихий-этнографик маркази ҳақидаги хабарлар охирги вақтларда кўп муҳокама бўлди. Ўтган йилдан буён оғриқли масалага айланиб улгурган ушбу ҳолат бўйича xabar.uz мухбири ўрганиш олиб борди.

Бугунги кунда Бухоро шаҳрида юзлаб янги кўп қаватли уйлар, бино ва иншоотлар қад ростлаган. Иқлими иссиқ ва қуруқ ҳаво, шўрхок тупроқли ўлкада манзарали, мевали дарахтларнинг кескин қуриши табиатдаги бор намликни ҳам йўқотаётганини инкор этиб бўлмайди. Яшил майдонлар оз, истироҳат боғлари бармоқ билан санарли ва табиат бағрида дам олиш масканлари йўқ. Бугун Бухоро ва бухороликлар учун яшил олам зарур. «Боқий Бухоро» тарихий-этнографик марказнинг барпо этилишида айнан шу мақсадлар ҳам илгари сурилган.

Мазкур тарихий-этнографик парк аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, юқори сифатли сервис хизматлар кўрсатилишини ташкил этиш, тарихий меъморчилик анъаналарини давом эттириш, яшил боғлар ва сайилгоҳларни кўпайтириш мақсадида барпо этилмоқда. Бош мақсад қадим Бухоронинг бой тарихи ва маданиятини, ноёб моддий ва номоддий маданий меросини асраб-авайлаш, уни янада кенгроқ тарғиб этишдан иборат.

«Таъкидлаш жоизки, ўтган асрнинг 20-йилларида Михаил Фрунзе бошчилигидаги қизил армия қўшинларининг ҳужуми оқибатида Бухоронинг кўплаб тарихий обидалари вайрон қилинган. Жумладан, шаҳардаги асрлар давомида хизмат қилиб келган ариқ ва ҳовузлар кўмилиб кетгани ҳудуддаги дренаж тизимига салбий таъсир кўрсатган. Янги этнографик парк мазкур йўқотилган маданий бойлигимизнинг намуналари саналган қадим дренаж тизимларини қайта тиклаш йўлидаги муҳим қадам бўлиб қолади. Қачонлардир ташландиқ ҳолатда бўлган ҳудуд ўрнида гўзал бир ландшафт қад ростлайди. Лойиҳа тўлақонли инвестицион лойиҳа ҳисобланиб, барча жараёнлар хусусий инвесторлар томонидан амалга оширилади. Бунда давлат пул тикмайди. 32,6 гектар ер майдони аукцион орқали сотувга чиқарилади. Сотилган маблағлар эвазига компенсациялар қоплаб берилади», – деди Бухоро шаҳар ҳокими Жамол Носиров.

Мажмуани шаҳардан четда қуриш – мантиқсизлик
Маълумки, янги маскан Бухоронинг эски шаҳрига «буфер зона», яъни «ёндош ҳудуд» ҳисобланади. 32,6 гектар ер майдонида барпо этиладиган мажмуада жами 800 хонадан иборат 4 та беш юлдузли меҳмонхона, Халқаро бренд стандартлари асосида қурилиши режалаштирилган. Мажмуанинг марказий қисмида эски шаҳар мисолида Мангу шаҳар, яъни Боқий Бухоро марказини бунёд этиш ҳам режалаштирилган.

Билдирилишича, тарихий-этнографик парк ҳудудидан Бухоро анъанавий меъморчилиги дурдоналари ва замонавий шаҳарсозлик услублари уйғунлигини ўзида ифода этган объектлар ўрин олган. Унда этнографик музей, Бухоро воҳаси учун хос бўлган тарихий маҳаллалар, аҳоли учун хизмат кўрсатувчи чойхоналар ва миллий таомлар тамаддихоналари, анъанавий дренаж тизимлари – ариқ ва ҳовузлар, ҳунармандлар расталари, заргарлик, зардўзлик, каштачилик, ёғоч ўймакорлиги, темирчилик, кулолчилик, наққошлик, пичоқчилик каби амалий санъат устахоналари бўлади.

Шунингдек, Лаби Ҳовузга монанд фаввора ҳам ўрин олади. Мажмуанинг юқори қисмида Бухоро миллий маданият маркази ёпиқ кўп тармоқли бино жойлашган бўлиб, унда турли маданий тадбирларни ўтказиш кўзда тутилган. Эски шаҳар билан боғлиқ қисмида эса турли халқаро фестиваллар ўтказиш учун йирик майдон ҳозирланади. Спорт майдонлари, пиёдалар учун йўлаклар, сайилгоҳлар ташкил этилади. Мажмуанинг 70 фоиз майдони яшил оламга айлантирилади.

«Бу ҳудуд Бухоронинг эски шаҳрига ҳамоҳанг бўлиши керак. Тўғри, «негатив»лар янграяпти. «Бу мажмуа нима учун қурилади? Уни шаҳар чеккасига қуриш ҳақида ўйлаш керак» дейилади айримларида. Бугунги кун фуқароси «комфорт» яшашга интилади. Одамлар, маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар учун шаҳардан четда йирик мажмуа қуриш – мантиқсизлик. Бундан кейин шаҳар ўртасида кўп қаватли уйлар қуриш тўхтатилди. Янги яшаш массивлари эса шаҳар четроқларида бино бўлади. Бугун биз Бухоронинг бугунини эмас, эртасини ўйлашимиз керак. Бухоронинг эртанги кун даромади ҳақида ким ўйлаяпти, ким қайғураяпти? Қанча-қанча фуқароларимиз чет элларда ишлаб, сарсон бўлиб юришибди. Улар учун ишчи ўринларни ким ўйлайди? Ўсиб бораётган аҳолини иш билан таъминлашимиз керак, уларнинг даромадини оширишимиз керак», – деди шаҳар ҳокими.

Шаҳар ҳокимининг айтишича, «Боқий Бухоро» маданий-этнографик паркидаги барча муҳандислик-коммуникация тармоқлари янгиланади, мавжудлари реконструкция қилиниб, қуввати оширилади. Бу бўйича тегишли идора ва вазирликлар томонидан ҳисоб-китоблар режаси амалга оширилган. Янги қуриладиган объектлар ва улардаги муҳандислик тармоқлар билан таъминланганлик янаям яхшиланади. Электр подстанциялар, ичимлик суви тармоқлари, оқава ва канализация тизими янгиланади.

ЮНЕСКО билан ҳамкорликда барпо этилади
Маълум бўлишича, эски шаҳар билан ёндош ҳудудда иккита маданий мерос объекти мавжуд. Лойиҳа концепциясига кўра, ушбу маданий мерос объектлари ўз ўрнида ва асл ҳолича сақлаб қолинади. Қурилиш ишлари ЮНЕСКО талабларига амал қилган ҳолда бажарилади. Мажмуа марказида, мусиқали фаввора ҳам ташкил этилиши кўзда тутилган. Этнографик парк барпо этилишида халқаро экспертлар гуруҳи ва маҳаллий мутахассислар жалб этилади. Бу ҳудуддаги барча ишлар ЮНЕСКО Бош конференцияси томонидан 1972 йил 16 ноябрда қабул қилинган Умумжаҳон маданий ва табиий меросни муҳофазаси бўйича конвенция талаблари асосида амалга оширилади.

«Агар ЮНЕСКО конвенциясида айнан маданий мерос объектларига ёндош ҳудудда қурилиш қилиш мумкин эмас, деган таъқиқ бўлганда эди, ушбу лойиҳа борасида умуман бош қотирмаган бўлардик. Ёндош ҳудудда қурилиш қилиш мумкин, лекин, бу ЮНЕСКО талаблари асосида амалга оширилади. Биз кўзда тутган лойиҳада ушбу талаблар инобатга олинган. Шунинг учун экспертлар жалб қилиниб, улар билан биргаликда иш олиб боряпмиз. Ўтган йилги «шов-шув»ларга қайтадиган бўлсак, ўшанда ҳам улар қарши бўлмаган, фақат лойиҳа билан танишиш, лойиҳа ҳақида маълумотга эга бўлиш талаби қўйилган. Ва шу сабаб ҳам жараён бир йил муддатга тўхтатилган эди.

Бугунги кунда эса лойиҳа юзасидан соҳа мутахассислари, экспертлар, олиму зиёли, архитектор, археолог ва бошқаларнинг хулосалари олинди. Конвенция талабларида нималар кўзда тутилган бўлса, максимал даражада шуларни эътиборга олиб, ушбу йирик лойиҳани ишлаб чиқдик. Экспертлар тез кунда Бухорога келишади ва лойиҳани биргаликда амалга оширишга киришамиз. Лойиҳа жараёнида қандайдир ўзгариш ёки таклифлар киритиладиган бўлса, албатта инобатга оламиз. ЮНЕСКО билан ҳамкорликда, ҳамжиҳатликда шариф шаҳар марказида мисли кўрилмаган бетакрор маскан тортиқ этамиз»
, – деди Бухоро вилоят маданий мерос бошқармаси бошлиғи Шоҳаббос Шарофиддинов.

Шу ўринда қайд этиш лозимки, ушбу барпо этилажак парк ҳудудида кўкаламзорларнинг кенгайтирилиши ҳам режалаштирилган. Бундай ёндашув ўз навбатида ушбу масканда ва қолаверса, Бухоро воҳасида микроиқлимни таъминлаш, «яшил йўлак» яратиш ва бугунги кундаги долзарб экологик муаммолардан бирига айланган чўллашув ҳамда ерларнинг шўрланиши каби таҳдидларнинг бартараф этилишида улкан аҳамият касб этади. «Яшил Бухоро» дастурига мувофиқ илгари ташкил этилган майдондаги дарахтлар ва яшиллик қиёфаси тўлиқ сақлаб қолинади ҳамда янада бойитилади.

Янги стадион қаерда қурилади?
Лойиҳа доирасида 2002 йилда қуриб, фойдаланишга топширилган «Бухоро спорт» мажмуасининг ҳам бузилиши кўпчиликда норозилик кайфиятини уйғотган эди.

«Бухоро спорт» мажмуаси маънан эскирган. У йирик спорт мусобақалари ёхуд маданий тадбирлар ўтказишга яроқсиз. 19 сектордан иборат блоклар устунлари «бўшашган» ва ағанаб тушиши эҳтимолдан холи эмас. Қайта таъмирлаш эса янги тиклашдан қимматга тушади. Ваҳоланки, сиз кўриб турганингиз ушбу мажмуа охирги марта 2013 йилда қайта реконструкция қилинган эди», – дейди «Бухоро спорт» мажмуаси директори Алибек Содиқов.


Устунлари чўккан, сувоқлари кўчиб, деворлари тўкилиб кетган, ертўлалари шўр ва намликдан ағанаб кетадиган ҳолатдаги «Бухоро спорт» мажмуаси йирик мусобақалар тугул, маҳаллий беллашувларни ўтказиш учун ҳам хавфли экани айтилмоқда. Бухоро вилояти бош архитектори Зуҳриддин Муҳиддиновнинг сўзига кўра, янги қурилаётган мажмуа амалдаги спорт мажмуасидан унча узоқ бўлмаган, 2-3 километр узоқ масофада жойлашган.

«Айни пайтда Бухоро шаҳри жанубий қисмидаги 50 гектардан иборат майдонда «Янги Ўзбекистон» боғи ташкил этилмоқда. 31 гектар жой эса боғ яратиш учун ажратилган. 18 гектар ер майдонида 20 минг томошабинга мўлжалланган янги марказий ўйингоҳ қурилиши олиб борилмоқда. Амалдаги стадион эса 9 гектар майдонда жойлашган. Янги мажмуада кўплаб турлар бўйича спорт секциялари ташкил этилади ва атрофдаги йўл ҳаракати иштирокчиларига ноқулайликлар туғдирмаслиги учун тўрт томондан умумий 5 гектарча майдонда автотураргоҳлар барпо этилади.

Бундан ташқари, ҳудудда минтақавий болалар спорт мактаби қурилиши якунланмоқда. Унда 5 минг томошабинга мўлжалланган асосий ўйингоҳ, ёпиқ футзал биноси ҳамда 200 ўқувчига мўлжалланган спорт мактаби, ётоқхона ва ошхона бинолари тикланади. Жорий йилда ушбу объект қурилиб, фойдаланишга топширилади.

Кейинги йирик спорт мажмуаси 4000 томошабинга мўлжалланган бўлиб, улар жорий йилнинг март ойида қуриб, фойдаланишга топширилади. Шу боис, «Боқий Бухоро» тарихий-этнографик маркази қурилиши ҳеч бир мақсадларга ҳалал бермайди», – деди Зуҳриддин Муҳиддинов.

Янги мактаб
Маълум бўлишича, ҳудудда 2-сонли умумий ўрта таълим мактаби жойлашган бўлиб, у ҳам этнографик парк лойиҳасига киритилган. Мактаб лойиҳадан ташқарида бўлган Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат Тиббиёт институтининг эски биносининг бир корпусига тўлиқ кўчирилади. 600 нафар ўқувчига мўлжалланган биноларда реконструкция ва тиклаш ишлари бошлаб юборилган. Ҳудудда 390 нафар ўқувчига мўлжалланган 12х90 ўлчамдаги спорт зал биносини қуриш ҳам бошланган. Кейинги ўқув мавсумига қадар объект топширилади.

Янги темир йўл вокзали
Лойиҳа доирасида Бухоро шаҳри янги темир йўл вокзалига эга бўлади. Марказга олиб келувчи асосий тармоқлар – аэропорт ҳамда темирйўл вокзали лойиҳаси архитекторлар томонидан миллий меъморчилик анъаналари асосида тайёрланган. Шунингдек, «Янги Ўзбекистон» боғининг жанубий қисмида янги темирйўл қурилиши кўзда тутилган.

Маъмурий бинолар ва Хотира майдони
Бухоро вилоятининг 14 та маъмурий бинолари турк лойиҳачилари билан ҳамкорликда Bukhara city мажмуасида барпо этилиб, жойлаштирилиши режалаштирилган. Шунингдек, 2017 йилда барпо этилган Хотира ва қадрлаш майдони ҳам Bukhara city мажмуасидан ўрин олади.

Якунда батафсил
«Боқий Бухоро» тарихий-этнографик маркази қурилиши масаласи биринчи марта 2023 йил январ ойида кўтарилган ва кўплаб муҳокама ҳамда танқидларга сабаб бўлган эди. Xabar.uz'га берилган расмий маълумотга кўра, ўша вақтда лойиҳа охирига етмаган бўлган. Мутасаддилар масалани бир йил давомида изчил ва пухта ўрганиб, тўлиқ ҳолатга келтиришгани маълум қилинди.

Унга кўра, ўтган йили ўртага ташланган саволлардан энг асосийси – ЮНЕСКО розилик бериши ҳақида бўлган, ваҳоланки, бунинг учун ушбу ташкилот розилиги талаб қилинмайди. Фақат қурилиш ёки бузиш ишларини ЮНЕСКОнинг 1972 йилги конвенциясига асосланган ҳолда олиб бориш керак деган талаб бор. Ҳозиргача бу талабларга тўлиқ амал қилиш борасида ЮНЕСКОнинг маҳаллий экспертлари билан иш олиб борилган бўлса, эндиликда бу бўйича ташкилот бош офиси билан келишув ишлари давом этмоқда.

Мажмуа қурилиши режалаштирилган ҳудуд буфер зона ҳисобланиб, у ерда иккита маданий мерос объекти мавжуд. Мажмуа қурилиши ушбу икки объектга дахл қилмайди.

Бундан ташқари, ушбу 36,2 гектар ҳудуддаги бирорта дарахт кесилмайди, қуриладиган янги бинолар бузиб ташланадиган объектларнинг ўрнига тушади ва табиийки, дарахтларга зарар етказилишига ҳожат қолмайди. Шунингдек, қурилиши режа қилинган бинолар сони ҳозирда мавжуд бўлганларидан кам. Майдоннинг қарийб 70 фоизи боғлар, сайлгоҳлар, очиқ майдон ҳамда сув ҳавзаларидан иборат бўлади.

Мажмуанинг бузилиши ва қурилиши тендер орқали олиб борилиб, каттароқ миқдорда маблағ таклиф қилган номзод бу ишга масъул бўлади. Давлат бюджетидан ҳам, маҳаллий бюджетдан ҳам маблағ олинмайди.

Яна бир муҳим масалалардан бўлган абгор ҳолатдаги стадион ўрнига 20 минг томошабинни сиғдира оладиган, турли спорт залларини ўз ичига олган замонавий спорт мажмуаси қурилади. Ушбу мажмуа эскисидан атиги 3 км узоқликда бўлиши айтилмоқда. У қурилгунга қадар барча спортчиларга керакли шароитлар яратиб берилган, машғулотларни вақтинча ўтказиб туриш учун иншоотлар етарли.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг