Марказий Осиё ва ЕИ етакчилари қўшма баёнот берди
Халқаро низоларни ҳал этишда куч ишлатишга йўл қўйиб бўлмайди ва мамлакатларнинг мустақиллиги, суверенитети ҳамда ҳудудий яхлитлиги БМТ ҳужжатларига мувофиқ ҳурмат қилиниши керак. Бу ҳақда 2 июнь куни Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи етакчиларининг иккинчи учрашуви якунида берилган қўшма баёнотда сўз боради.
Марказий Осиё ҳамда Европа Иттифоқи эски ва янги таҳдидларга қарши кураш йўлида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаши лозим. Бу борада ташқи ишлар вазирлари ҳамда ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакилига ҳамкорликни янада чуқурлаштириш юзасидан йўл харитаси ишлаб чиқиш топширилган.
Сиёсий етакчилар баёнотида ҳуқуқ устуворлиги, демократия ва инсон ҳуқуқлари бўйича ҳамкорлик муҳим экани таъкидланган.
ЕИнинг «Global Gateway» стратегияси доирасида энергетик хавфсизлик, рақамли суверенитет, яшил иқтисодиёт, транспорт йўналишларида амалга оширилаётган дастурларнинг аҳамияти алоҳида қайд этилган. Шунингдек, «Team Europe»нинг сув манбалари, иқлим ўзгариши, энергетика ва рақамли платформалар бўйича ташаббуслари олқишланган.
Қўшма баёнотда ижтимоий-иқтисодий тараққиётни жадаллаштириш мақсадида савдо-сармоя механизмларини такомиллаштиришга урғу берилган. ЕИ Россияга қарши жорий этган санкциялар юзасидан икки минтақа ўртасида яқин мулоқотни давом эттириш лозимлиги таъкидланган.
Баёнотда Афғонистондаги беқарор вазият, терроризм, экстремизмга қарши кураш, Орол фожиаси каби долзарб масалаларга ҳам эътибор қаратилган.
Аввал хабар берганимиздек, жорий йил май ойида Олмаота шаҳрида ЕИ–Марказий Осиё иккинчи иқтисодий форуми бўлиб ўтди.
2022 йил ноябрь ойида эса Самарқандда ЕИ ва Марказий Осиё ташқи ишлар вазирлари учрашган эди.
Қўшма баёнотда шу каби учрашувлар ижобий баҳолангани ҳолда, Марказий Осиё хавфсизлиги ва фаровонлиги йўлида турли даражадаги мулоқотлар давом эттирилишига хайрихоҳлик билдирилган.
Эслатиб ўтамиз, Чўлпонота шаҳрида Қирғизистон президенти Садир Жапаров раислигида ўтган тадбирда Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Нурмуҳаммад Аманнепесов қатнашди.
Шавкат Мирзиёев ўз нутқида муҳим таклифларни илгари сурди.
Марказий Осиё ва ЕИ етакчиларининг келгуси йилги учрашувини Ўзбекистонда ўтказиш ташаббуси қўллаб-қувватланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter