Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Абу-Дабида Россия, АҚШ ва Украина вакиллари музокара столига ўтиради

Абу-Дабида Россия, АҚШ ва Украина вакиллари музокара столига ўтиради

Россия ва АҚШ 23 январь куни Абу-Дабида Россия – АҚШ – Украина форматидаги уч томонлама ишчи гуруҳнинг хавфсизлик масалалари бўйича биринчи йиғилишини ўтказишга келишиб олди. Бу ҳақда 23 январь куни ТАСС агентлигига Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков маълум қилган. Ушаков бу ҳақда Владимир Путиннинг АҚШ делегацияси билан бўлиб ўтган музокараларидан сўнг маълумот берган.

Унинг сўзларига кўра, Россия делегациясига Бош разведка бошқармаси раҳбари Игорь Костюков бошчилик қилади. Шунингдек, Путин АҚШ музокарачилари билан учрашувдан кейин Абу-Дабига йўл оладиган Россия делегациясига тегишли кўрсатмалар берган.

Россия президенти ёрдамчисининг айтишича, АҚШ президентининг махсус элчиси Стив Уиткофф ва Россия президентининг махсус вакили Кирилл Дмитриев Абу-Дабида икки томонлама иқтисодий масалалар бўйича ишчи гуруҳ раҳбарлари сифатида учрашадилар.

Маълум қилинишича, Россия президенти Владимир Путин 23 январга ўтар кечаси АҚШ музокарачилари – Стив Уиткофф ва Дональд Трампнинг куёви Жаред Кушнер билан учрашув ўтказган. Музокараларда илк бор Оқ уйнинг катта маслаҳатчиси Жош Грюнбаум ҳам иштирок этган. Учрашув уч ярим соатдан ортиқ давом этган.

Юрий Ушаковнинг сўзларига кўра, музокаралар асосан АҚШнинг Украина ва Европа билан олиб борган алоқалари натижалари ҳақида маълумот олишга қаратилган. Хусусан, Путин 22 январь куни Давосда бўлиб ўтган Дональд Трамп ва Украина президенти Владимир Зеленский ўртасидаги учрашув тафсилотларидан хабардор қилинган.

Украина президенти Владимир Зеленский аввалроқ 23–24 январь кунлари Абу-Дабида Россия, Украина ва АҚШ делегациялари иштирокида уч томонлама учрашув ўтказилиши режалаштирилганини маълум қилган эди. Унинг айтишича, Украина делегацияси аллақачон БААга йўл олган. Делегация таркибига, жумладан, президент офиси раҳбари Кирилл Буданов ва «Халқ хизматкори» фракцияси раҳбари Давид Арахамия кирган.

Financial Times газетасининг ёзишича, уч томонлама учрашув ташаббуси АҚШ томонидан илгари сурилган ва Киев бу ғояни қўллаб-қувватлаган. Бироқ Москва позицияси маълум бўлмаган. FT таҳлилига кўра, Россия АҚШ билан Украина ва Россияни алоҳида-алоҳида жалб этган ҳолда параллел музокаралар ўтказишни таклиф қилиши мумкин эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг