Трамп 80 ёшда, бироқ энг кекса давлат раҳбарлари рўйхатида у атиги 17-ўринда
АҚШ президенти Доналд Трамп бугун, 14 июн куни ўзининг 80 йиллигини нишонлади. Шу муносабат билан Pew Research Center тадқиқот маркази БМТга аъзо 186 та давлатнинг амалдаги раҳбарлари ёшини қиёсий таҳлил қилди.
Маълум бўлишича, дунёда фақат 16 нафар давлат раҳбарининг ёшигина Трампникидан каттароқдир.
Дунёнинг энг кекса етакчилари — Камерун президенти Пол Бия (93 ёш) ҳамда Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауддир (90 ёш).
Пол Бия қарийб 44 йилдан бери президентлик лавозимини банд қилиб келмоқда. Солиштириш учун: 13 та мамлакатнинг ҳозирги раҳбарлари у президентликни бошлаганида ҳали дунёга ҳам келмаган эди.
Жаҳондаги энг кекса давлат раҳбарларининг аксарияти Африка мамлакатларига тўғри келади. Пол Биядан ташқари, Малави, Кот-д'Ивуар, Экваториал Гвинея, Зимбабве, Конго Республикаси ва Уганда раҳбарлари ҳам «энг кексалар» етакчи ўнлигидан жой олган.
Freedom House ташкилоти таснифига кўра, дунёнинг энг кекса 10 давлат раҳбаридан 7 нафари «эркин бўлмаган» деб баҳоланган мамлакатларни бошқармоқда.
Ёш шкаласининг қарама-қарши қутбида дунёнинг энг ёш ҳукумат раҳбари — 36 ёшли Бален Шоҳ турибди. У март ойида ёшлар етакчилигидаги оммавий норозилик намойишлари аввалги ҳукуматни ағдаришига ёрдам берганидан сўнг, Непал бош вазирига айланди. Бален Шоҳ рэп ижрочиси бўлган, TikTok ва YouTube унинг асосий даромад манбалари саналади.
Исландияни 38 ёшли бош вазир Криструн Фростадоттир бошқармоқда. Буркина-Фасо президенти Ибраҳим Траоре ундан икки ойлик катта.
Таҳлилга кўра, барча миллий раҳбарларнинг медиана (ўртача) ёши 63 ёшни ташкил этади. Уларнинг тахминан учдан икки қисми 40, 50 ёки 60 ёшлардадир. Глобал миқёсда миллий раҳбарларнинг учдан бир қисми ўзларининг 60 ёшлик даврини ўташмоқда.
Pew Research Center томонидан 2023 йилда ўтказилган сўровномада америкаликларнинг энг катта қисми (49 фоизи) АҚШ президенти учун идеал ёш 50 ёшлар атрофида эканини билдирган. Яна 24 фоизи 60 ёшлардаги раҳбарни афзал кўришини айтган бўлса, респондентларнинг 3 фоизи президентнинг ёши 70 ёш ёки ундан катта бўлиши афзал эканини таъкидлаган.
Тадқиқотчилар аниқ туғилган кунини расмий манбалардан топиш имкони бўлмагани сабабли, 6 та давлат (Афғонистон, Гвинея-Бисау, Мадагаскар, Нигер, Сан-Томе ва Принсипи ҳамда Сомали)ни рўйхатдан чиқарди. Шунингдек, ҳокимиятни икки киши тенг бошқарадиган Сан-Марино ҳам таҳлилга киритилмади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter