Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ЖАР Фаластин масаласида яна бир кутилмаган қадам ташлади

ЖАР Фаластин масаласида яна бир кутилмаган қадам ташлади

Халқаро судда Исроилга қарши даъво ишида қатнашаётган ЖАР вакиллари.

Фото: AA

Жанубий Африка Республикасининг 50 га яқин ҳуқуқшунослари Халқаро судга АҚШ ва Буюк Британия ҳукуматлари устидан даъво билан мурожаат қилади. Уларга кўра, Исроил томонидан Фаластин ҳудудларида содир этилган ҳарбий жиноятларга Вашингтон ва Лондон ҳам шерикдир.  

«АҚШ Ироқда содир этган жиноятлари учун жавобгарликка тортилмади. Чунки бу масалага етарлича эътибор қаратилмади. Аммо Фаластинда рўй бераётган ҳодисалар бу борада юридик процессни бошлаш учун идеал сценарий бўла олади. АҚШ айни пайтда Исроил жиноятлар содир этиши учун катта маблағ  ва ресурслар тақдим этмоқда. Қўшма Штатлар содир этган жиноятлари учун жавобгарликка тортилиши керак», – дейди ЖАР юристлар жамоаси раҳбари Викус Ван Ренсбург.

Аввал хабар берганимиздек, айни пайтда Ҳаага шаҳрида жойлашган Халқаро судда ЖАРнинг Исроилга қарши геноцид бўйича даъвоси кўрилмоқда. Яҳудий давлати ҳарбийлари 1948 йилда қабул қилинган Геноцид тўғрисидаги конвенцияни бузган ҳолда, Ғазода минглаб тинч аҳоли вакилларини ўлдириш, Фаластин аҳолисининг бир қисмини қасддан қиришда айбланмоқда.

ЖАР адлия вазири Рональд Ламола Исроил Халқаро судда мағлубиятга учрашига ишонишини айтган.

Исроил ҲАМАСнинг ҳужумига жавобан 2023 йил 7 октябрдан буён Ғазода амалга ошираётган ҳарбий амалиёт давомида камида 24620 нафар фаластинлик ҳалок бўлди. Буюк Британиядаги Oxfam хайрия ташкилотига кўра, Исроил ҳарбийлари ҳар куни Ғазода ўртача 250 кишини ўлдирмоқда. Бу XXI асрда Cурия (кунлик 96,5 та ўлим),  Судан (51,6), Ироқ (50,8),  Украина (43,9), Афғонистон  (23,8), Яман (15,8) каби мамлакатларда рўй берган урушлардаги талафотлардан бир неча баробар кўпдир.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг