Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ҳар дақиқада 174 минг доллар! Халқаро ташкилот маблағни расамади билан сарфлашга чақирди

Ҳар дақиқада 174 минг доллар! Халқаро ташкилот маблағни расамади билан сарфлашга чақирди

Сўнгги йилларда ядро қуролига эга давлатлар оммавий қирғин қуролларини сақлаш ва такомиллаштириш учун жуда катта  миқдорда маблағ сарфламоқда. Бу ҳақда Ядро қуролини йўқ қилиш бўйича халқаро ташаббус (ICAN) ҳисоботида сўз боради.

Халқаро тузилма ҳисоб-китобига кўра, 2023 йилда  АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Россия, Франция, Буюк Британия, Исроил, Покистон ва Шимолий Корея ядро қуроли учун 91,4 миллиард доллар маблағ сарфлаган. Унинг ярмидан кўпи (51,5 миллиард доллар) АҚШ ҳиссасига тўғри келади. Иккинчи ва учинчи ўринларни катта фарқ билан Хитой (11,8 миллиард доллар) ва Россия (8,3 миллиард доллар) эгаллаган.

2022 йилда ядро қуролига эга давлатларнинг харажати 80,7 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2023 йилда ушбу рақамга 10,8 миллиард доллар қўшилган. Ўсиш кўрсаткичининг 80 фоизи АҚШ улушини ташкил этади.

Шу тариқа дунё давлатлари оммавий қирғин қуроллари учун ҳар дақиқада  173 884 доллар, ҳар сонияда эса 2898 доллар сарфлаган.

Экспертлар келгусида оммавий қирғин қуроли харажатлари 100 миллиард доллардан ошишини башорат қилмоқда.

Ушбу ҳолатни кескин танқид қилган Ядро қуролини йўқ қилиш бўйича халқаро ташаббус ажал қуроли учун сарфланаётган маблағни иқлим ўзгариши, қашшоқлик, очлик, атроф-муҳит ифлосланиши каби глобал муаммоларни ҳал этишга йўналитиришга чақирган.

Халқаро тузилма хулосасига кўра, айни пайтда дунёнинг 9 давлати (АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Россия, Франция, Буюк Британия, Исроил, Покистон ва Шимолий Корея) оммавий қирғин қуролига эга. Сайёрамизда мавжуд 12500 дан зиёд ядро каллакларининг 5889 таси Россия, 5224 таси АҚШ тасарруфида. Хитой ҳам ўз ядро арсеналини кучайтириб бормоқда.

Хавотирли ҳисобот дунёда геосиёсий вазият ўта таранглашиб, ядро қуролини ишга солиш эҳтимоли кучайиб бораётган даврда эълон қилинди.

Украинада уруш олиб бораётган Россиянинг катта-кичик рутбадаги сиёсатчи ва сиёсатшунослари сўнгги вақтларда тактик ядро қуролини ишга солиш ҳақида очиқ-ошкора баёнотлар бермоқда.

Бунга жавобан НАТО раҳбарияти ҳам ядровий қуролларни шай ҳолатга келтириш, ҳарбий иттифоқнинг ядро арсеналини дунёга намойиш қилиш зарурати ҳақида гапирмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг