Дунё бизни кузатиб турганда….
Яқинда маданият ва туризм соҳаси вакиллари ташаббуси билан юртимизга дунёдаги энг кўп обуначига эга блогерлардан бири – MrBeast номи билан танилган Жимми Дональдсон ташриф буюрди. Мақсад Ўзбекистоннинг маданияти, туризм салоҳияти ва бой тарихини миллионлаб хорижий томошабинга кўрсатиш эди. Бундай ташаббус мамлакатни дунёга танитишнинг замонавий йўлларидан бири сифатида қадрланиши мумкин.
Бироқ ижтимоий тармоқларда тарқалган лавҳалар бошқа бир манзарани ҳам кўрсатди. Тартибсиз тўпланган издиҳом, бир-бирини туртиб олдинга интилаётган одамлар, совға ёки ютуқ илинжида ўзини унутган ёшлар. Асосий савол эса дунё бизни кузатиб турган пайтда биз ўзимизни дунёга қандай намоён этдик?
Меҳмондўстлик, андиша, ҳаё, бошқалар олдида ўзини босиқ тутиш каби фазилатлар ҳеч қачон халқимиз учун бегона бўлмаган. Шундай экан, бир неча дақиқалик лавҳалар нега бу фазилатларни соя остида қолдирди? Бу ҳодисани «кўнгилсиз ҳолат» деб четлаб ўтиб бўлмайди, унинг ижтимоий-психологик илдизларини чуқурроқ таҳлил қилиш лозим.
Нега шунча одам уни кутиб олди?
Дам олиш кунлари ижтимоий тармоқларни кузатар эканман, контентларнинг аксарияти айнан шу воқеага бағишлангани эътиборимни тортди ва бу блогер ҳақида интернетдан маълумот қидириб топдим. Очиғи, унгача уни танимас эдим. Адолат юзасидан айтиш керакки, у фақат кўнгилочар контент муаллифи эмас. Унинг ўзи эълон қилган маълумотларга кўра, ташаббуси билан 23 миллион туп дарахт экилган, океан ва дарёлардан 15 минг тоннадан ортиқ чиқинди тозаланган, Африкада 500 минг киши тоза ичимлик сувига эга бўлган, 10 миллиондан ортиқ муҳтож инсон озиқ-овқат билан таъминлаган экан.
Кўпчилик уни миллионлаб одамлар ҳаётини ўзгартирган шахс сифатида кутиб олди ва бу эътирофга муносиб. Аммо ўзимизда ҳашар билан йўл, кўприк, масжид ва мактаблар қураётган, етим-есирни бағрига олаётган, беморлар дардига малҳам бўлаётган саховатпешалар озми? Хорижий блогернинг эзгу ишларини биламизу, ўз маҳалламиздаги саховатпешаларни танимаймиз. Муаммонинг бир илдизи ана шу ерда.
Оломон қонунияти ёхуд шахс қаерда йўқолади?
Француз олими Гюстав Лебон 1895 йилда нашр этилган «Оломон психологияси» асарида якка ҳолда маданиятли, ақл-идрокли бўлган шахс оломон ичига тушгач, танқидий фикрлаш қобилиятини йўқотиб, ҳис-туйғуларга берилувчан, тақлидга мойил бўлиб қолишини кўрсатган ва бу ҳолатни инсоннинг «цивилизация зинапоясидан бир неча поғона пастга тушиши» деб таърифлаган.
Ижтимоий психологияда бу ҳодиса деиндивидуация деб аталади. Л.Фестингер ва Ф.Зимбардо тадқиқотлари кўпчилик ичида инсон ўзини номаълум, жавобгарликдан холи ҳис қилиши, ички назорати сусайиб, ижтимоий меъёрлар таъсири камайишини кўрсатди. «Тўда менталитети» (herd mentality) ҳолатида эса «ҳамма шундай қиляпти» деган мулоҳаза виждон ва андиша овозини босиб кетади. Бу ҳолатлар шу каби ҳолатлардан аён.
Гибрид оломон ва виртуал манқуртлик
Лебон даврида оммани йиғиш учун майдон ва нотиқ керак бўлса, бугун битта пост ёки «биринчи келганларга совға» деган эълон минглаб одамни бир жойга тўплашга етарли. Шу тариқа илдизи виртуал оламда, ҳаракати эса реал майдонда намоён бўладиган гибрид оломон шаклланмоқда.
Бунинг энг аччиқ мисолини 2025 йил сентябрида Непалда кўрдик. Ижтимоий тармоқларни чеклаш ҳақидаги қарордан кейин интернетда бошланган норозилик бир неча кунда кўчаларга кўчди, парламент биноси ёқиб юборилди, етмишдан ортиқ одам ҳалок бўлди, ҳукумат истеъфога чиқди, вақтинчалик ҳукумат раҳбари эса Discord платформасидаги овоз бериш орқали танланди. Демак, бугун онг ва тафаккур ҳақиқий жанг майдонига айланди.
Адиб Чингиз Айтматов тасвирлаган манқурт хотирасидан маҳрум қилингани учун ўз онасини таний олмаган эди. Виртуал манқурт эса мустақил фикрлаш қобилиятидан маҳрум бўлади. У ўзини эркин деб ҳисоблайди, аслида эса алгоритм ва оқим кўрсатган томонга юради.
Катта пул ва этика – «бир марталик имконият» тузоғи
Блогер эълон қилган юз миллион сўмлик ютуқ оддий одам учун ҳаёт шароитини тубдан ўзгартириши мумкин бўлган маблағ. «Менга бир марта имконият берилди» деган фикр билан катта пулни кўрган онг гўё ахлоқ ва маданиятни «ўчириб қўяди». Инсон бошқаларни туртиш, навбатни бузиш, ўз қадрини ерга уриш эвазига ҳам бу имкониятни қўлдан чиқармасликка интилади. Блогер аудиториясининг аксарияти ёшлар экани эътиборга олинса, гап бир кунлик воқеа эмас, ёш авлод онгида шаклланаётган қадриятлар ҳақида бормоқда. Меҳнат ва сабр билан эришиладиган ютуқ ўрнини «тасодифий омад» эгаллаши жамият учун хавфли сигналдир.
Кулранг тарғиботдан қора тарғиботгача
Соҳа вакили сифатида Тарғибот назариясида оқ, кулранг ва қора тарғибот фарқланади. Қора тарғибот ёлғон ёки бузиб кўрсатилган тасвир орқали муайян обрўга зарба беради. Мамлакатни танитишга қаратилган лойиҳадаги тартибсизлик лавҳалари кимнингдир қўлида «Ўзбекистон ёшлари мана шундай» деган умумлаштирувчи хулоса учун тайёр материалга айланиши мумкин. Фарқи шундаки, бу сафар унинг «хом ашёси»ни ўзимиз тайёрлаб бердик.
Ҳолбуки, бир неча ҳафта аввалгина дунё Ўзбекистон ёшларини бутунлай бошқа қиёфада кўрган эди. Самарқанддаги 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида ўзбек шахматчилари интеллектуал салоҳиятимиз ифодасига айланди ёки ёшлар томонидан эришилган кечаги афсонавий ғалаба Инчхонда (Корея Республикаси) ўтган халқаро робототехника мусобақасида 190 та давлат вакиллари орасида ёшларимиз 3 та йўналишда олтин медални қўлга киритди. Мана, дунёга кўрсатишимиз керак бўлган Ўзбекистон!
«Замона қаҳрамонларимиз қани?» Биз кимни намуна қиляпмиз?
Рим шоири Ювенал «Сатиралар»ида бир пайтлар ҳокимият ва легионларни ўзи белгилаган халқ энди фақат нон ва томошани орзу қилишини аччиқ киноя билан ёзган эди. Томоша фикрлаш ўрнини эгаллаган жамиятда келажак ҳам, суверенитет ҳам хавф остида қолади.
Нега шахмат олимпиадаси иштирокчилари ёки ёш муҳандисларимиз номи ижтимоий тармоқларда кўнгилочар блогерлар номичалик тилга олинмайди? Сабаби биз уларни етарлича тарғиб қилмаяпмиз. Ўсиб келаётган авлод учун замона қаҳрамонларини яратиб бериш барча соҳаларда фаолият олиб борувчи давлат ташкилотлари ва идораларининг маънавий-маърифий фаолиятнинг устувор вазифасига айланиши керак. Акс ҳолда фарзандларимиз онгини кўнгилочар блогер ва вайнерлар ихтиёрига топшириб қўямиз.
Бу борада бошқа давлатлар тажрибаси ибратлидир. Германияда телевидение олим, муҳандис, ўқитувчи ва шифокор меҳнатини улуғлайди. АҚШда Пентагон бир аср давомида 2500 дан ортиқ фильм ва телекўрсатувга кўмаклашиб, «Америка орзуси»ни Голливуд орқали дунёга тарқатмоқда. Хитой «Хитой орзуси» концепциясини Конфуций институтлари орқали тарғиб қилмоқда. Жанубий Кореяда ижодий контент агентлиги (KOCCA)нинг 2025 йилги бюджети 600 миллиард вондан ошди. Эътибор беринг, «Корейс тўлқини» (Hallyu) давлат сиёсатининг маҳсулидир. Бу давлатларнинг медиа маҳсулотларида ўз миллати вакилларини камситадиган ғоялар илгари сурилмайди.
Бизда-чи? Шахсий кузатувларимизга кўра, экранларимизда «келин-қайнона» мавзусидаги 140 дан ортиқ кино, сериал ва теленовелла намойиш этилмоқда. Оилавий жанжални томошага айлантирган бу контентлар ўзбек оиласи, эркаги ва аёли ҳақида қандай тасаввур уйғотаётгани ҳақида жиддий ўйлаб кўриш вақти келди.
Бўш вақтга ким эгалик қилади?
Бугунги ахборот курашида энг қимматли ресурс – инсоннинг диққати ва бўш вақти. Уни биз маъноли мазмун билан тўлдирмасак, бошқалар ўз мазмуни билан тўлдиради. Яъни спорт, китоб, илм, ҳунар ва ижод ёшларни оломон тафаккуридан ҳимоя қиладиган маънавий иммунитет манбаларидир.
Шундан келиб чиқиб, қуйидаги вазифаларни белгилаш мумкин: хорижий меҳмонлар иштирокидаги оммавий тадбирларни олдиндан пухта режалаштириш, иштирокчилар учун аниқ тартиб-қоидаларни белгилаш, халқаро майдонда муваффақият қозонган ёш олимлар, спортчилар, муҳандис ва ихтирочиларни, шунингдек, юртимиздаги саховатпешаларни «замона қаҳрамонлари» сифатида изчил тарғиб қилиш мақсадга мувофиқ. Ёшлар орасида медиасаводхонлик ва танқидий фикрлашни ривожлантириш, ўқитувчи, шифокор, муҳандис, олим каби касблар нуфузини кўтарадиган бадиий ва ҳужжатли кўрсатув, эшиитиришларни қўллаб-қувватлаш лозим.
Шу ўринда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишда оила, маҳалла ва таълим муассасалари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш жуда муҳим.
Сўнгги сўз ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, дунё бизни фақат меъморий обидаларимиз ва дастурхонимиз билан эмас, ўзимизни қандай тутишимиз орқали ҳам баҳолайди. Битта видеолавҳа минг йиллик маданиятни инкор эта олмайди албатта, аммо уни соя остида қолдириши мумкин. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2021 йил 19 январдаги йиғилишда таъкидлаганидек, «Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир». Давлатимиз раҳбари мафкурага ҳам аниқ таъриф берган: «Биз мафкура деганда, аввало, фикр тарбиясини, миллий ва умуминсоний қадриятлар тарбиясини тушунамиз». Оломон ичида йўқолиб кетмайдиган, катта пул ваъдаси олдида ҳам ўз қадрини унутмайдиган авлодни ана шу фикр тарбияси шакллантиради. Бугун оломонга айланаётган ёшлар эртага кейинги авлодга на тажриба, на маънавий таянч бера оладиган кексаларга айланади. Бунинг олдини олиш эса ҳар биримизнинг оиламиздан бошланади.
Нигора Хусанова,
Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти катта илмий ходими,
фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter