Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ғарбнинг эркатой боласи». Эрдўғон Исроилга бир қатор талаблар қўйди

«Ғарбнинг эркатой боласи». Эрдўғон Исроилга бир қатор талаблар қўйди

Ислом олами Исроилни Ғазода содир этаётган ҳарбий ва инсониятга қарши жиноятлари учун қонун олдида жавоб бериши йўлида керакли чораларни кўриши керак. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 11 ноябрь куни Саудия Арабистони пойтахти Риёз шаҳрида ўтказилган Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Араб давлатлари лигасининг қўшма саммитидаги нутқида гапирди.

«Исроилни ҳар сафар бепарво қилган омил – қатл этган, ерларини босиб олган, ёқиб юборган, вайрон қилган, зулм қилган халққа етказган зарарини қопламаслигидир. Ғарбнинг эркатой боласидек ҳаракат қилаётган Исроил маъмурияти етказган зарарни қоплашга мажбурдир. Биз Ислом олами вакиллари фаластинлик биродарларимизни ожиз ва ночор қолдира олмаймиз, албатта», – деган Эрдўғон.

Маълумки, Исроил ҲАМАСнинг 7 октябрдаги ҳужумига жавобан Ғазода ҳаво ва қуруқликда кенг кўламли амалиёт ўтказмоқда. Халқаро ташкилотлар ҳарбий амалиёт жараёнида минглаб тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлаётгани ҳақида бонг урмоқда.

Туркия раҳбари қамал остидаги Ғазода юз бераётган фожиаларни ифодалашга сўз ожиз эканини урғулаган.

«Биз тарихда мисли кўрилмаган зўравонликка дуч келдик, шифохоналар, мактаблар ва қочқинлар лагерлари бомбаланмоқда, тинч аҳоли вакиллари ўлдирилмоқда. Жабр-зулмни кўра-била туриб сукут сақлаётганлар ўша хунрезликнинг иштирокчиларидир», – деган Туркия етакчиси.

Сиёсатчи инсон ҳуқуқларини байроқ қилиб келган Ғарб мамлакатлари Фаластин ҳудудидаги қатлиомга томошабин бўлиб турганидан таассуф изҳор қилган.

«Бизнинг устувор вазифамиз – ўт очишни тўхтатиш ва инсонпарварлик ёрдамининг узлуксиз етказилишини таъминлашдир. Энг муҳими, «бир неча соатлик танаффус» эмас, балки бутунлай ўт очишни тўхтатишдир. Бундан ташқари, инсонпарварлик ёрдами узлуксиз ва тўхтовсиз берилиши керак», – деган у.

Эрдўғон Ислом ҳамкорлик ташкилоти шафелигида Ғазони тиклаш бўйича жамғарма тузишни ҳам таклиф этган.

Бир ҳафта аввал Исроилнинг Қуддус ва мерос ишлари бўйича вазири Амихай Элияҳу Ғазо секторига оммавий қирғин қуроли саналган атом бомбасини қўллашни эҳтимолий вариант сифатида кўришини билдирган эди. 

Исроил ядро қуролига эга эканини очиқ тан олмайди, буни инкор ҳам этмайди. Яҳудий давлати ўнлаб, балки юзлаб ядро каллакларига эга экани айтилади.

Ушбу баёнотга муносабат билдирган Туркия президенти Халқаро атом энергетикаси бўйича агентликни Исроилда ядровий бомба бор-йўқлигини тафтиш этишга ундаган.

Риёзда ўтган ислом олами етакчилари саммитида Исроил томонидан Ғазода содир этилаётган номақбул ҳаракатлар ҳарбий жиноятлар деб аталган. Анжуман якунида қабул қилинган қўшма баёнотда Халқаро жиноий суддан Исроилнинг ҳарбий жиноятлари терговини якунлаш сўралган. Яҳудий давлати маъмуриятидан эса Ғазо қамали ва ўт очишни тўхтатиш, гуманитар кўмак киритилишига тўсқинлик қилмаслик талаб этилган.

Саммит мезбони Саудия Арабистони подшоҳлиги Яқин Шарқда тинчлик ўрнатишнинг ягона шарти Фаластин ҳудудларида Исроил оккупацияси, блокадаси ва ноқонуний тураржойларига барҳам бериш эканини таъкидлаган.

Ислом олами давлатлари 1967 йилги чегараларда, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлати ташкил этилиши лозимлигини бир овоздан ёқлаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг